Имконияти чекланган абитуриентларга кириш имтиҳонларида қўшимча вақт берилади

Имконияти чекланган абитуриентларга кириш имтиҳонларида қўшимча вақт берилади

Ўзбекистонда имконияти чекланган абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ва бошқа баҳолаш жараёнларида қўшимча шароитлар яратилади. Бу тегишли ҳукумат қарорида белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентларга олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари, умумтаълим фанлари бўйича миллий сертификат имтиҳонлари ҳамда ногиронлиги бўлган педагогларни аттестациядан ўтказиш жараёнида белгиланган вақт меъёрига нисбатан 50 фоиз қўшимча вақт ажратилади.

Шунингдек, улар учун Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан махсус давлат таълим муассасаларида таълим ҳар бир боланинг индивидуал таълим эҳтиёжлари, функционал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиладиган шахсий ўқув режалари асосида ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрдан коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат умумтаълим муассасаларига ҳар бир ўқувчи учун давлат субсидияси ажратилади. Субсидия миқдори ҳудудларга қараб белгиланган бўлиб, Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 11 баравари, вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 9,5 баравари, бошқа туман ва шаҳарларда эса 8,5 баравари миқдорида тўланади.

Яна бир янгиликка кўра, 2027 йил 1 майдан алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларни замонавий ассистив воситалар билан ваучер асосида таъминлаш тизими жорий этилади. Бу орқали уларнинг таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсад қилинган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.