Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланди

Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланди

Ўзбекистон ички ишлар вазири собиқ ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Маълумотни ИИВ матбуот хизмати Gazeta’га тасдиқлади.

Тайинлов тўғрисидаги буйруқни Ички ишлар вазири имзолади. Бу ҳақдаги маълумот пойтахт ИИББ сайтида ҳам пайдо бўлди.

Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланди
Бекмурод Абдуллаев 1975 йилда туғилган. 1997 йилда Мудофаа вазирлиги Самарқанд олий ҳарбий автомобил ва муҳандислар қўмондонлик билим юртини, 2009 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган. У 2020−2021 йилларда Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари лавозимларида хизмат қилган. 2021 йилдан 2025 йилгача ички ишлар вазирининг ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган.

Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказилган йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидларида бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, 186 млрд сўмлик маблағ талон-торож қилинган. Ўшанда давлат раҳбари Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсуновга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилганини айтган.

Кейинроқ Gazeta Бекмурод Абдуллаев ва яна олти нафар мансабдор шахс 15 апрель куни кечқурун қамоқдан озод қилингани ҳақида хабар хабар берди.

Бекмурод Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисмининг «а» ва «б» бандлари, шунингдек, 3-қисмининг бир нечта бандлари бўйича айбловлар қўйилганди. Ёзда унга тегишли суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.

Ойнинг бошида ОАВда суднинг 11 сентябрдаги ҳукми билан Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов оқлангани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Суд жараёни натижалари ҳақида ҳозирча расмий маълумот эълон қилинмади. Gazeta Тошкент судлари матбуот хизматига бир нечта сўровлар юборган.

Qalampir.uz ўз маълумотларига таяниб, айбловлар ўз тасдиғини топмагани ва у оқлангани ҳақида хабар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.