Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда ҳарбийлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда ҳарбийлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Каспий денгизи ҳудудида машғулотлар пайтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик тилади.

Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Ҳарбий-денгиз кучлари машғулотлари вақтида 17 нафар ҳарбий хизматчини Каспий денгизи оқизиб кетди (дастлаб улар сони 19 та экани айтилганди).

Фожиа ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида об-ҳаво шароитининг тўсатдан кескин ёмонлашиши оқибатида юз берди. Улардан уч нафари қутқариб қолинган, сўнгги маълумотларга кўра, 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига зарур бўлган ҳар томонлама, жумладан, моддий ва психологик ёрдам кўрсатилиши қўшимча қилинди.

25 сентябрь куни Қозоғистонда мотам эълон қилинди.

Каспий денгизининг Қозоғистон секторида «Хазар қорғаны — 2026» ҳарбий-денгиз машғулотлари 22 сентябрь куни бошланганди. Унда Ҳарбий-денгиз кучларининг 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси, жанговар кемалар экипажлари, қирғоқ бўлинмалари, шунингдек, Қирғоқ қўриқлаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари иштирок этаётганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.