«Ўзбекистоннинг асосий капитали — унинг ёш авлоди.Ушбу салоҳият келгусида демографик дивиденд манбаига айланиши учун бугунданоқ ҳар бир инсоннинг, айниқса, аёллар ва болаларнинг саломатлиги, таълими ҳамда хавфсизлигига инвестиция киритишимиз зарур», — деб ёзди Саида Мирзиёева Telegram каналида.
«Бу саъй-ҳаракатлар аниқ мақсадга йўналтирилган ва узоқ муддатли бўлиши учун демографик прогнозлаш билан шуғулланамиз ҳамда „Демографик дивиденд — 2050“ стратегиясини ишлаб чиқишни режалаштиряпмиз», — деди у.

«Бироқ ёш аҳолига эга бўлишнинг ўзи фаровонликни англатмайди. Ёш аҳоли фақат соғлом, билимли ва иш билан таъминланган тақдирдагина демографик дивидендга айланади», — деди Саида Мирзиёева.
Унинг айтишича, 2000 йилдан буён мамлакатда оналар ўлими икки баробарга қисқарди, ўртача умр кўриш давомийлиги эса 9 йилга узайди. Сўнгги беш йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 4 фоиздан паст кўрсаткичга тушди. Шу даврда мактабгача таълимдан фойдаланиш имконияти қарийб уч баробарга ошди. Фарзандларини хавфсиз жойда қолдириш имконияти туфайли бир миллион нафар она ўқиш ёки ишга қайтишга муваффақ бўлди.
«Ҳеч бир аёл касбий интилишлари ва иш жойидаги хавфсизлиги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмаслиги учун» Ўзбекистон хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини яратиш бўйича миллий дастурни жорий этмоқда, деди Президент администрацияси раҳбари. Бу ҳақдаги қарорни яқинда президент имзолаган.
«Биз бу ҳақда эҳтиёткорлик билан гапирамиз, чунки… бундай ҳимоя чораларини жорий этиш иши, аслида, ҳеч қачон тугамайди», — дея давом этди у. Саида Мирзиёева ривожланиш даражаси турлича бўлган мамлакатларда, жумладан, илгари бошқаларга намуна бўлиб кўринган давлатларда ҳам бу борада ортга кетиш кузатилаётганини таъкидлади.
Шу боис Ўзбекистон бу саъй-ҳаракатларни бир марта қабул қилинадиган дастур эмас, балки жамият эҳтиёжларига жавобан ҳукумат йилма-йил мақсадли равишда олиб борадиган иш деб билади, деди у.
Бугун қизлар ва аёллар олий таълим муассасалари талабаларининг катта қисмини ташкил этмоқда. Давлат университетларида магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджети ҳисобидан қопланади. «Бу сиёсат ортида оддий бир ишонч бор: қиз фарзанднинг орзу-интилишлари оила жамғармаси тугаган жойда тугамаслиги керак», — деди Саида Мирзиёева.
1. Демографик барқарорлик ва инсон капитали обсерваториясини доимий фаолият юритувчи тузилма сифатида шакллантириш. У Future Readiness Lab — Келажакка тайёргарлик лабораторияси асосида, 2050 йилгача бўлган истиқболни кўзлаб ташкил этилади. Мақсад — «эртага мактаблар ва поликлиникалар қаерда бўлиши кераклигини ўша кун келмасидан олдин билиш», деди Саида Мирзиёева.
Обсерваториянинг вазифаси янги статистика тузилмасини яратиш эмас. У мавжуд демографик прогнозларни мунтазам янгилаб, уларни ҳудудлар кесимида мактаблар, тиббиёт муассасалари, иш ўринлари, уй-жой ва инфратузилма эҳтиёжлари ҳамда бюджет режаларига боғлайди.
Асосий натижа асосий самара аҳоли сони прогнозларини амалий қарор ва ресурс тақсимотига айлантириш.
2. «Биринчи 1000 кун» миллий платформасини яратиш. Саида Мирзиёеванинг айтишича, бундан мақсад — «боланинг яшаш манзили унинг келажагини белгилаб бермаслиги». Ҳозир ҳомиладор аёллар ва икки ёшгача бўлган болаларга тиббий, озиқ-овқат ва ижтимоий хизматлар турли идоралар томонидан кўрсатилади. Бироқ улар ўртасида маълумот алмашишнинг ягона тизими, хизматларга йўналтириш тартиби ва натижаларни баҳолашнинг умумий кўрсаткичлари йўқ. Шу сабабли хавф гуруҳидаги айрим оналар ва болалар бир хизматдан бошқасига ўтишда тизим эътиборидан четда қолиши мумкин.
Платформа мавжуд хизматларни ягона узлуксиз занжирга боғлайди: ҳомиладорликни эрта аниқлаш ва хавфни баҳолашдан бошлаб, хавфсиз туғруқ, эмизиш ва тўғри овқатланиш, эмлаш, бола ривожланишини текшириш ҳамда зарур ижтимоий ёрдам кўрсатишгача.
Бу механизм хавф гуруҳидаги она ва болаларни эрта аниқлашга, оналар, чақалоқлар ва гўдаклар ўлими ҳамда боланинг ўсишдан ортда қолиши хавфини камайтиришга, олис ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдамни манзилли етказишга ва идоралар вазифасининг такрорланиши ва ресурсларнинг самарасиз сарфланишини қисқартиришга хизмат қилади.
3. «Демографик дивиденд — 2050» стратегияси келажак кўникмаларини ривожлантириш, ёшлар бандлиги, аёлларнинг иқтисодий фаоллиги, парвариш иқтисодиёти ва соғлом қаришга оид чораларни ягона узоқ муддатли дастурга бирлаштириши керак.
Ҳозир бу вазифалар «ўзаро мулоқот қилмайдиган» ўнга яқин идора ўртасида тарқоқ ҳолда тақсимланган, деди администрация раҳбари.
Стратегияда аниқ кўрсаткичлар, масъул ташкилотлар, молиялаштириш манбалари ва ҳар йили ҳисобот бериш механизми белгиланади.
Саида Мирзиёева, шунингдек, Ўзбекистон 2028 йилда Демографик барқарорлик бўйича глобал форумга мезбонлик қилишни таклиф этаётганини маълум қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.