«Марказий Осиё прогнозлаш мумкин бўлган минтақага айланди» — Содиқ Сафоев

«Марказий Осиё прогнозлаш мумкин бўлган минтақага айланди» — Содиқ Сафоев

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 1 октябрь куни Боку шаҳрида Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини, шунингдек, Мўғулистон ҳамда Афғонистонни бирлаштирган CAMCA (Central Asia, Mongolia, Caucasus, Afghanistan) тармоғининг Минтақавий форумида нутқ сўзлади.

У халқаро инқироз шароитида Марказий Осиё янада барқарор, олдиндан тахмин қилса бўладиган ва жозибадор минтақага айланаётганини, бироқ кейинги ривожланиш учун ҳамкорлик, минтақавий ўзлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Gazeta унинг нутқидаги асосий иқтибосларни тақдим этади.

«Чорраҳа бўлиш — Марказий Осиёнинг қисмати»


Марказий Осиёнинг ўрни ва минтақанинг аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, Содиқ Сафоев Марказий Осиёга чорраҳа сифатида қараш янгилик эмаслигини қайд этди.

«Чорраҳа бўлиш — эҳтимол, Марказий Осиёнинг қисматидир. Қадим замонлардан буён ушбу минтақа турли макроҳудудларни боғлаб келган. У ўз чегараларини, тузилмасини, ҳукмрон дини ва тилларини бир неча бор ўзгартирган», — деди у.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, бугун дунёнинг ўзи чорраҳада турибди: «Бугун дунёда содир бўлаётган ҳодисалар одатий эмас. Бу кенгликнинг марказида жойлашган Марказий Осиё ва CAMCA минтақаси эса глобал тенденциялар таъсирини ўз бошидан кечирмоқда. Шу сабабли минтақадаги жорий ва юз бераётган воқеа-ҳодисаларни, шунингдек, унинг келажагини таҳлил қилишда масалага кенгроқ глобал контекстда қараш лозим».

Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, дунё айни пайтда поликризис, яъни бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳалокатли воқеалар содир бўлаётган ҳолатда яшамоқда. У ўз ҳаётида бундай вазиятни ҳеч қачон кузатмаганини қайд этди.

«Бир инқироз ортидан бошқаси келмоқда: қонли урушлар, санкциялар, таъминот занжирларининг узилиши ва бошқа чайқалишлар. Бунга етакчи глобал иштирокчилар ўртасидаги ишончсизлик ҳамда куч ишлатиш ҳолатларининг кенг одатий тус олиши ҳам қўшилмоқда, бу эса, менимча, ниҳоятда хавотирли ҳолат. Ўтган йили дунё мамлакатлари қуролланишга 2,7 триллион доллар сарфлади, ваҳоланки, ер юзида 1 миллиард одам оғир шароитда кун кечирмоқда», — дея таъкидлади Содиқ Сафоев.

Унинг баҳолашича, бу жараёнлар дунё тартиби трансформацияга учраётганидан далолат беради.

«Бу трансформация халқаро ҳуқуқни менсимаслик ва парчаланишда намоён бўлмоқда. Бунда асосий инқироз шундаки, дунё бир-бири билан камроқ боғланган бўлиб қолмади: глобаллашув бекор қилинмади, деглобаллашув жараёни мавжуд эмас. Бироқ давлатлар ва асосий иштирокчилар ўртасидаги ишонч ҳамда ўзаро тушуниш йўқолиб бормоқда. Бу жуда хавфли уйғунлик: ўзаро боғлиқлик ортиб бормоқда, аммо ишонч йўқолмоқда».

«Марказий Осиё прогнозлаш мумкин бўлган минтақага айланди» — Содиқ Сафоев
Сенатор ўз нутқида глобал муаммоларга қарши туриш учун жамоавий ҳаракатлар ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини таъкидлади.

«Бироқ айни пайтда БМТ каби йирик халқаро ташкилотлар ва институтларнинг бундай чақириқларга жавоб бериш қобилияти критик даражада паст. Афсуски, бу инқироз эртага ёки яқин йилларда тугаб қолмайди. Дунё узоқ давом этадиган трансформация даврига эндигина қадам қўймоқда ва минтақа давлатларининг умумий, бирдам жавоби бўлиши шарт», — деди у.

Марказий Осиё — олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган минтақа


Содиқ Сафоев дунё тараққиётидаги ушбу хавотирли манзарага қарамай, Марказий Осиё ва кенгроқ CAMCA минтақасида бунинг акси бўлган ижобий тенденциялар кузатилаётганини қайд этди.

«Дунёда кўп томонлама дипломатия инқирозга юз тутаётган бир пайтда, бизнинг минтақамизда, аксинча, йилдан йилга кучайиб бормоқда. Агар илгари Марказий Осиё турлича — асосан, йирик минтақавий ёки глобал кучларга яқинлиги орқали таърифланган бўлса, бугун минтақа тобора кўпроқ шунчаки постсовет ҳудуди, яна бир «-истон»лар ёки қандайдир оралиқ макон эмас, балки йирик бозорлар ва йирик кучларни боғловчи кенглик сифатида қабул қилинмоқда».

Сенатор, шунингдек, landlocked («денгизга чиқиш имконияти бўлмаган») тушунчасига ҳам тўхталиб, Марказий Осиё аста-секин landlocked минтақадан land-linked, яъни бошқа маконлар билан чамбарчас боғланган минтақага айланаётганини урғулади.

«Агар трансатлантик ҳамжамиятда, ислом оламида, араб дунёсида ва бошқа ҳудудларда парчаланиш кузатилаётган бўлса, CAMCA минтақасида, аксинча, мамлакатларни бир-бирига яқинлаштирувчи тортишиш кучлари пайдо бўлмоқда», — деди у.

Содиқ Сафоев бу жараёнларни, жумладан, президент Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янгилангани билан боғлади.

«Бугун Марказий Осиёда ҳамкорликни жипслаштириш бўйича барқарор тенденция кузатилмоқда. Бироқ гап, албатта, интеграция ҳақида кетаётгани йўқ. Эҳтимол, бугун „интеграция“ сўзини ишлатишдан тийилиш лозимдир, чунки бу — жуда жиддий ва катта тушунча. Аммо янада чуқурроқ ва яқин ҳамкорлик ҳақиқатда ривожланмоқда», — дея қайд этди у.

Унинг баҳосига кўра, бу омил минтақани янада барқарор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган ҳудудга айлантиради.

«Олдиндан кўра олиш ва прогнозлаш имконияти — айнан бугун дунёга етишмаётган жиҳатдир. Агар глобал миқёсда геосиёсий ноаниқлик ҳақида кўпроқ гапирилаётган бўлса, Марказий Осиё ва CAMCA минтақасига нисбатан оптимизм учун асослар кўпроқ. Бу эса Марказий Осиёнинг дунё учун янада жозибадор бўлиб бораётганини англатади», — дея тушунтирди Ўзбекистон вакили.

У, шунингдек, Озарбайжонни Маслаҳат учрашувларининг тўлақонли иштирокчиси сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарорни ёдга олди.

«Менимча, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўзига хос кенгаш ёки бошқа институт шаклига — шунчаки маслаҳатлашув майдони эмас, балки ундан-да юқори даражага айлантириш вақти келди», — деди у.

Сенатор бундан икки йил олдин Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари Боку шаҳрида «мустаҳкам геостратегик учбурчак»ни шакллантирган саммит ўтказганини ҳам қўшимча қилди.

«Марказий Осиё прогнозлаш мумкин бўлган минтақага айланди» — Содиқ Сафоев

Ихтиёрий ҳамкорлик ва минтақавий ўзлик


Содиқ Сафоев интеграция масаласига тўхталар экан, у, аввало, ихтиёрий бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Қайсидир мамлакатни бирор-бир бирлашмага киришга мажбурлаш орқали амалга оширилган мажбурий интеграция ҳеч қачон мустаҳкам ва бардавом бўлмайди. Мамлакат у ёки бу форматдаги иштирокидан сиёсий ва иқтисодий манфаат кўриши керак. Бундан ташқари, интеграциянинг аниқ белгиланган мақсади бўлиши шарт», — деди у.

Сенатор манфаатлар муҳимлигини, бироқ ҳар қандай интеграциянинг асосий пойдевори муштарак қадриятлар ва умумий тамойиллар эканини қайд этди: «Ҳеч қандай иқтисодий фойда, сиёсий ёки хавфсизлик масалалари ушбу асосий омилнинг ўрнини боса олмайди. Бундай умумий қадриятларни яратиш CAMCA ва Марказий Осиё минтақаси учун энг муҳим вазифадир».

У буни «минтақавий ўзлик» атамаси билан номлашни таклиф қилди. Бунда гап уни нолдан яратиш ҳақида эмас, чунки у минтақанинг бой тарихи туфайли аллақачон мавжуд, балки ушбу минтақавий ўзликни мустаҳкамлаш ва кучайтириш ҳақида кетмоқда.

Қадриятлар ҳақида сўз юритар экан, Содиқ Сафоев шахсий ҳаётидан мисол келтирди:

«Бу ерда — Бокуда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиламан: кўчаларда, одамлар билан мулоқотда худди ўшандай фикрлаш тарзи ва менталитетни кўраман. Мен Олмаота, Душанбе, Бишкек, Ашхобод ва Грузияда ҳам ўзимни худди шундай ҳис этаман. Ҳар доим ҳаёт тарзи, меҳмондўстлиги, умумий қадриятларга — катталарга, қўшниларга ва ўз атрофига ҳурмат билан қарашда бир-бирига яқин инсонлар орасида эканимни сезаман».

Ўрта коридор ва ишонч инфратузилмаси


Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг яқинлашуви ҳақида тўхталар экан, Содиқ Сафоев Ўрта коридорнинг (Транскаспий йўлаги сифатида ҳам маълум) аҳамиятини алоҳида кўрсатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, коридор тўлиқ қувват билан ишга тушса, у орқали Узоқ Шарқдан Европага 11 миллион тонна юк ташилиши кутилмоқда.

«Ўрта коридор, сўнгра Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилиши якунлангач, Хитойнинг Нанкин шаҳридан Германиянинг Дуйсбург шаҳрига юкларни етказиб бериш муддати бир ҳафта ёки 10 кунгача қисқаради», — деди у.

Сенаторнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ яна узоқ масофали савдони таъминловчи транзит йўналишининг юрагига айланади, бу эса жадал ривожланишнинг бош омилидир.

Содиқ Сафоев Ипак йўли, энг аввало, узоқ масофали савдо йўли бўлганини ва айнан шу омил ўрта асрларда Марказий Осиёда илм-фан, таълим, давлатчилик ва иқтисодиёт гуллаб-яшнашининг асосий сабабига айланганини эслатди.

«Бугун гап улкан минтақанинг қайта уйғониши ҳақида бормоқда. Мен географик детерминизм позициясидан йироқман, бироқ боғлиқлик ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, минтақа мамлакатлари нафақат темирйўл инфратузилмасига, балки ишонч ва ўзаро тушуниш инфратузилмасига — яъни қонунлар, тарифлар, меъёрлар, қоидалар ва ҳамкорликнинг бошқа элементлари тизимига сармоя киритиши зарурлигини англаш муҳим», — дея таъкидлади у.

Сенатор америкалик олим Фрэнсис Фукуяманинг замонавий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири ишонч экани ҳақидаги фикрини ёдга олди: яъни бизнес давлатга, давлат бизнесга, тадбиркорлар эса бир-бирига ишонган тақдирдагина юксалиш бўлади.

«Модернизация йўлидан бораётган CAMCA минтақаси мамлакатлари учун ўзаро ишонч инфратузилмасини яратиш, эски қарашлар, стереотиплар ҳамда носоғлом рақобат асоратларини енгиб ўтиш ўта муҳим вазифадир», — деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

«Марказий Осиё прогнозлаш мумкин бўлган минтақага айланди» — Содиқ Сафоев

Таълим; халқ ва экспертлар дипломатияси


Минтақанинг устувор йўналишлари ҳақида гапирганда, Содиқ Сафоев, аввало, таълим ва келажакка сармоя киритишни алоҳида ажратиб кўрсатди.

«Университетлар ва академик ҳамжамият ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, талабаларнинг бир-бирини узоқдан ёки фақат китоблар орқали эмас, балки тўғридан тўғри, юзма-юз мулоқотда таниб-билишига эришиш зарур».

У, шунингдек, кадрлар тайёрлаш масаласи бугунги кундаги ўсиш шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган асосий муаммолардан бири эканини таъкидлади.

«Биз замонавий иқтисодиётни, янгича бошқарув ва менежмент тизимини тушунадиган ҳамда янги давр талабларига жавоб бера оладиган малакали давлат хизматчиларининг янги авлодини тарбиялашимиз керак», — деди у.

Сенатор охирги 10 йил ичида Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони уч баробарга ошганини эслатди. «Бироқ университет ташкил этиш — дунёнинг энг яхши олийгоҳлари билан рақобатлаша оладиган мактаб яратиб бўлинди дегани эмас. Бунинг учун вақт керак. Чунки университет ҳеч қачон нолдан ва бир зумда пайдо бўлиб қолмайди», — дея аниқлик киритди у.

Содиқ Сафоев, шунингдек, фуқаролар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқалар ва халқ дипломатиясининг аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фуқаролик жамиятлари, ННТлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий алмашинувлар ва туризмни ривожлантириш лозим. У Озарбайжон ва Марказий Осиё, Грузия ва Ўзбекистон каби йўналишларни бирлаштирувчи қўшма сайёҳлик дастурларини яратиш ғоясини ҳам тилга олди.

Бундан ташқари, Сафоев сўнгги пайтларда ўзи тез-тез қўллаётган янги атама — экспертлар дипломатиясини таклиф қилди.

«Анъанавий дипломатия, парламент дипломатияси ва халқ дипломатияси билан бир қаторда бугун экспертлар дипломатиясини ҳам тобора фаол ривожлантириш зарур. CAMCA айнан ана шундай экспертлар дипломатиясининг ёрқин намунасидир», — деди у.

«Замонавий дунё шунчалик мураккабки, уни фақат ташқи ишлар вазирликлари ва ҳукуматларга ишониб топшириб бўлмайди. Экспертлар ҳамжамияти ўртасида, бунда ҳам фақат бир мамлакат эмас, балки CAMCA маконининг келгуси ривожига интеллектуал жиҳатдан кўмак бера оладиган минтақалараро ва халқаро экспертлар ҳамжамияти ўртасида доимий алоқа бўлиши зарур», — деди сенатор.

Навбатдаги минтақавий CAMCA форуми 2027 йилнинг июнь ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.