Мирзиёев МДҲда савдо, саноат, транспорт ва энергетика ҳамкорлигини кенгайтириш, кибержиноятчиликка қарши қўшма марказ тузишни таклиф қилди

Мирзиёев МДҲда савдо, саноат, транспорт ва энергетика ҳамкорлигини кенгайтириш, кибержиноятчиликка қарши қўшма марказ тузишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Туркманистонда бўлиб ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади. Унда савдо, саноат, транспорт, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.

Савдо ва озиқ-овқат хавфсизлиги


Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий интеграция ва ишлаб чиқариш кооперацияси барқарорлик ҳамда тараққиётнинг асосий пойдеворларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.

«Оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Бу шуни англатадики, биз биргаликда ишлаб чиқаришимиз, инвестиция киритишимиз ва маҳсулотларимизни ташқи бозорларга олиб чиқишимиз зарур», — деди у.

Мирзиёев Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш, техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш зарурлигини айтди.

У озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига ҳам тўхталди. Президент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битим ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда келишиб олиш ва тасдиқлашга умид билдирди.

Шунингдек, у озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин мамлакатларни ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этишни таклиф қилди.

«Бу эҳтимолий хатарларни олдиндан тушуниш ҳамда бир мамлакатнинг қарори бошқа давлатлар бозорларига кутилмаганда таъсир кўрсатиши билан боғлиқ вазиятларнинг олдини олиш имконини беради», — деди президент.

Саноат, транспорт ва энергетика


Мирзиёев саноат соҳасидаги имкониятларни бирлаштириш ва ўзаро инвестицияларни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди. У Тошкентда ўтказилган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмаси ва бешинчи Халқаро инвестиция форуми бизнес вакилларининг ҳамкорликка юқори даражада қизиқишини намойиш этганини айтди.

Президент МДҲ давлатларининг фаолият кўрсатаётган махсус иқтисодий зоналари ва саноат паркларини ягона тармоққа боғлашни таклиф қилди. У махсус иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «йўл харитаси» тез фурсатда келишиб олинишига умид билдирди.

Транспорт соҳасида эса интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ва МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш тарафдори эканини билдирди.

«Туркман дўстларимизнинг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз», — деди у.

Энергетика соҳасида Мирзиёев минтақанинг энергетик жиҳатдан боғлиқлигини яқин ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, бундай прогноз энергиянинг мавсумий ортиқчалиги ва тақчиллиги қачон ва қаерда юзага келишини, қайси тармоқларни ривожлантириш ҳамда гидроэнергетика, иссиқлик генерацияси ва қайта тикланувчи манбаларни қандай уйғунлаштириш кераклигини аниқлашга ёрдам беради.

Президент МДҲ энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастури ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Иқлим ўзгаришига қарши курашиш доирасида эса кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш, ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда айланма иқтисодиёт соҳасида МДҲ ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик


Президент маданий-гуманитар алоқалар халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлашини таъкидлади. У Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш орқали ушбу йўналишни ривожлантириш имкониятлари борлигини айтди.

Мирзиёев замонавий технологиялар таъсирида тез ўзгараётган ва иқтисодиётнинг сезиларли қисмига айланиб бораётган ижодий индустрияларга алоҳида эътибор қаратишни таклиф қилди.

«Шу муносабат билан „Маданий сиёсат ва креатив индустриялар“ форумини ташкил этишни таклиф этамиз», — деди у.

Шунингдек, президент қадимий Хива шаҳри МДҲ Ёшлар форумини қабул қилишга тайёргарлик кўраётганини қайд этди. Ушбу анжуман ёшлар ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиши учун майдон бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Кибержиноятчиликка қарши қўшма марказ


Мирзиёев ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик фуқаролар ва бизнесга жиддий зарар етказаётгани, мамлакатлар молия тизимларининг барқарор ишлашига хавф туғдираётганини айтди.

«Шу боис, Ички ишлар вазирлари кенгашига қисқа муддатда трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб бериш учун МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширишни таклиф этамиз», — деди президент.

Ўзбекистон МДҲга раисликни қабул қилади


Мирзиёев келаси йили Ўзбекистон МДҲга раисликни қабул қилишини маълум қилди. У Ҳамдўстликни янада мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳис этадиган аниқ натижаларга эришиш учун яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Президент Кенгашнинг келгуси йили Бухорода ўтказилиши режалаштирилаётган навбатдаги мажлисига иштирокчиларни таклиф қилди.

«Бугун эришилган келишувлар ўзининг амалий тасдиғини топади, ҳамкорлигимиз эса бундан буён ҳам мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилади деб ишонаман», — деди у нутқининг якунида.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.