Жиззахда «Ўз боғингни ярат» республика танлови якунлари сарҳисоб қилинди

Жиззахда «Ўз боғингни ярат» республика танлови якунлари сарҳисоб қилинди


Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон мактаблари ўртасида илк бор «Соғломлик йўналишлари» таълим дастури доирасида ўтказилган «Ўз боғингни ярат» республика экологик танловининг якуний тадбири бўлиб ўтди.

Танлов Nestlé компанияси, Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳамда Республика таълим маркази ташаббуси билан ташкил этилди. Лойиҳа мамлакатнинг турли ҳудудларидан 400 нафардан ортиқ иштирокчини бирлаштириб, ёш авлодда экологик маданиятни шакллантиришга қаратилди.

Танлов доирасида ўқувчилар педагоглар билан биргаликда табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва атроф-муҳитни асраш мавзусида экологик плакатлар тайёрлади. Ишлар таълим дастури сайтига жойлаштирилди. Ғолиблар ҳакамлар ҳайъати баҳоси ва томошабинлар овоз бериш натижаларига кўра аниқланди.

Танлов якунига кўра, биринчи ўринни Жиззах шаҳридаги 3-сонли мактабнинг 3 «А» синфи, иккинчи ўринни шу мактабнинг 3 «Б» синфи, учинчи ўринни эса 19-сонли мактабнинг 3 «А» синфи эгаллади. Шунингдек, совриндорлар ва «Томошабинлар эътирофи» номинацияси ғолиби аниқланди.

Ғолибларга дипломлар, эсдалик совғалари ва мактаб ҳудудини кўкаламзорлаштириш учун кўчатлар топширилди.

Якуний тадбирнинг асосий қисми 3-сонли мактаб ҳудудида 100 туп дарахт экиш акцияси бўлди. Унда ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раисининг матбуот котиби ва ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Лола Раҳмонбаеванинг таъкидлашича, экологик тарбия масъулиятли жамиятни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисмидир. Унинг сўзларига кўра, бундай ташаббуслар болаларга нафақат табиатни муҳофаза қилиш бўйича билим олиш, балки экологик лойиҳаларда бевосита иштирок этиш ва ўз ҳаракатларининг амалий натижаларини кўриш имконини беради.

«Ўз боғингни ярат» танлови Nestlé for Healthier Kids глобал ташаббуси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Соғломлик йўналишлари» таълим дастурининг амалий давоми бўлди. Дастур болаларда фойдали одатларни шакллантириш, мувозанатли овқатланиш тамойиллари билан таништириш ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни ривожлантиришга қаратилган.

Ташаббус, шунингдек, экологик маърифат масалаларида давлат идоралари, таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ташкилотчилар бундай лойиҳалар ўқувчиларда табиатга онгли муносабатни шакллантириши ва атроф-муҳитни асраш аниқ амалий ҳаракатлардан бошланишини кўрсатишини таъкидламоқда. Жиззахда дарахт экиш акцияси экологик таълим болалар, педагоглар, ота-оналар ва жамоатчиликни бирлаштирувчи амалий ташаббусларга айланиши мумкинлигининг намунаси бўлди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.