Ўзбекистон пенсия тизими 2027-йил охиригача ислоҳотларга тайёрланади

Ўзбекистон пенсия тизими 2027-йил охиригача ислоҳотларга тайёрланади


Ўзбекистонда жамғариб бориладиган пенсия тизимини ислоҳ қилиш учун норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш бир неча босқичда амалга оширилади ва 2027 йил охиридан олдин якунланмайди. Ҳукумат пенсия жамғармаларини бошқариш тамойилларини қайта кўриб чиқиш, уларни шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этиш, хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ривожлантириш учун шароит яратишни режалаштирмоқда.

Режага кўра, 2027 йил 1 январга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жамғариб бориладиган пенсия тизимининг ташкилий тузилмаси ва бошқарув тамойиллари, фуқаролар маблағларини ҳисобга олиш тартиби ҳамда Кузатув кенгашини ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаши керак.

Кейинги босқич 2027 йил 1 июнга қадар давом этади. Вазирлик илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги пенсия моделини босқичма-босқич жорий этиш бўйича президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқади. Модель фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ажратмалари шартли ва индивидуал ҳисобини юритиш, қўшимча давлат кўмаги ҳамда келажакдаги пенсия учун мустақил маблағ жамғаришга асосланади.

Учинчи босқич 2027 йил охирига белгиланган. Ушбу муддатга қадар Вазирлар Маҳкамаси хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини олиши керак. Ҳужжат Марказий банк, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси билан биргаликда тайёрланади.

Бундай жамғармаларнинг ривожланиши молия бозорида рақобат муҳитини шакллантириши ва фуқароларга пенсия жамғармаларини тўплаш усулларини мустақил танлаш имконини бериши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон пенсия тизимини ислоҳ қилиш жараёнига халқаро маслаҳатчилар жалб этилиши ҳақида хабар берилган эди.

Асосий таклифлардан бири жамғариб бориладиган пенсия тизимини «Халқ банки»дан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига ўтказишдан иборат. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳузурида жамғариб бориладиган тизимни ривожлантириш ва унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган лойиҳа офиси ташкил этилиши режалаштирилган.

Бунинг учун давлат бюджетидан молиялаштириладиган қўшимча 31 та штат бирлиги ажратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ихтиёрий пенсия жамғармаларини рағбатлантириш таклиф этилмоқда. 2027 йилдан фуқаро иш ҳақининг 5 фоизини жамғариб бориладиган ҳисобварағига ўтказган тақдирда, давлат томонидан ушбу бадалнинг 50 фоизигача миқдорда қўллаб-қувватлаш кўрсатилиши мумкин.

Яна бир чора юқори даромад оладиган ходимларга тааллуқли. Иш ҳақининг БҲМнинг 15 бараваридан ошган қисмига ҳисобланадиган ижтимоий солиқнинг бир қисмини индивидуал жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш таклиф қилинмоқда. Бунда 2027 йилдан 1 фоиз, 2033 йилдан 2 фоиз ва 2040 йилдан 3 фоиз ажратиш назарда тутилган.

Жамғарилган маблағлар ва уларни инвестиция қилишдан олинган даромадларни фуқароларнинг мерос қолдириш ҳуқуқига эга бўлган шахсий мулки деб эътироф этиш таклиф этилмоқда. 2030 йилдан бошлаб ушбу маблағлардан оғир касалликларни даволаш ва ипотека кредити учун дастлабки бадални тўлашда ҳам фойдаланишга рухсат бериш режалаштирилган.

Меҳнат стажига қўйиладиган талаблар ҳам ўзгаради. Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган энг кам иш стажини етти йилдан 15 йилгача ошириш таклиф қилинмоқда. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади: 2027 йилдан талаб ҳар йили оширилиб, 2034 йилга келиб 15 йилга етказилади.

Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган фуқароларга ёшга доир нафақа тайинлаш назарда тутилган. Бироқ уни белгиланган пенсия ёшига етганидан беш йил ўтгач тўлаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, пенсияни ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгаради. 2027 йилдан пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга узайтирилиб, беш йилдан 20 йилга етказилиши режалаштирилган. Бунда даромад энг кам бўлган даврнинг 10 фоизи ҳисоб-китобдан чиқариб ташланиши таклиф этилмоқда.

Пенсияга чиқишни кечиктирган фуқаролар учун ҳам рағбатлантириш чоралари белгиланмоқда. 2028 йил апрелидан пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг энг юқори чегарасини БҲМнинг 12 бараваридан 13 бараварига ошириш таклиф этилган. Пенсияга чиқиш олти ойга кечиктирилса, ушбу чегара 14 бараварга, бир йилга кечиктирилса, 15 бараварга етказилиши мумкин.

Ҳозирча санаб ўтилган барча чоралар президент фармони лойиҳасидаги таклифлар ҳисобланади. Уларнинг амалга оширилиши тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг якуний қабул қилинишига боғлиқ.

В. Новиков

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.