Ота-она қаровисиз қолган ва ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ва Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига “Президент совғаси” берилади.
3 дан 15 ёшгача бўлган 10 минг нафар болага мўлжалланган “Президент совғалари” таркибига президентнинг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган.
“Президент совғаси” мамлакатнинг 10 та ҳудуди — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» орқали, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларига ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари кузатуви остидаги автотранспорт воситаларида етказилиши режалаштирилган.
Бугун мазкур “Президент совғаси”нинг дастлабки карвони Тошкент шаҳридан жўнаб кетди.
“Президент совғаси” жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари болаларга ҳудудий ҳокимликлар томонидан тантанали тарзда топширилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.