Такаши Хатори Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси бўлди. 5 декабрь куни у Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
Вазир элчини лавозимга киришиши билан табриклаб, касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, жумладан, «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти йиғилиши ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, учрашувда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Япониянинг Тошкентдаги аввалги элчиси Ёшинори Фужияма 2019 йилнинг ёзида ушбу лавозимда иш бошлаган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.