1 декабрь куни Полшанинг Лодз шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Испания Қироллиги ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэл Албарес Буэно ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Мулоқотда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Ўзбекистон — Испания кўп қиррали ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
«Ўзбекистон Испанияни Европадаги ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билади ва расмий Мадриднинг яқин келажакда Тошкентда элчихона очиш режаларини олқишлайди», — дейилади хабарда.
Томонлар март ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Испания сиёсий маслаҳатлашувларининг еттинчи раундининг самарали натижаларини қайд этиб, ушбу шаклдаги мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Вазирлар туризм, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам фикр алмашди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.