Қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклиги президент томонидан таъкидланди.
Бугун эрта тонгда Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини хотирлаш маросимида иштирок этди. Унда давлат раҳбари Мустақилликка эришиш йўлида жон берган қаҳрамонлар ҳақида нутқ сўзлади.
«Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.
«Бутун дунёда бир парча қоғоз бўлсаям, қанча маблағ кетсаям, ўзбек миллатига дахлдор ҳужжатларни топинглар, деб топшириқ бергандим. Охирги йилларда яна қанча қатағон қурбонлари аниқланди. Адолат нуқтаи назаридан қаҳрамон боболаримизнинг номларини тиклаяпмиз. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Тошкент марказида Абдулла Қодирий мактаби қуриб, ҳайкалини ўрнатдик. Нима учун? Одамлар ўтганда кўриши, “мен кимларнинг авлодиман” деб ўйлаши, асарларини билиши керак. Ёки Чўлпонни тиклаш қандай қийин бўлди? Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар, деяпмиз, халқдан куч оляпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур.
»Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30-йилларни эски тарих деса, “пахта иши”-чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришди-ку. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик? Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак", — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
"Кўряпсизлар, дунёда рақобат, таҳдидлар кучайиб боряпти. Хавф ёнимизда юрибди. Бунга тайёр бўлиш учун ҳамиша огоҳ бўлиш зарур. Бугунги эмин-эркин ҳаётимизга шукрона айтиш билан бирга эртанги кунимизни мустаҳкам қилишимиз керак. Қачон мустаҳкам қиламиз? Билимли бўлсак. Агар боболаримиз буюклигидан руҳланиб, ҳар бир соҳа бўйича таълимни мукаммал қилсак, манаман деган давлатдан кам жойимиз йўқ. Болаларимизни зўр ўқитсак, натижа биз кутгандан ҳам яхши бўлади. Мустақиллигимиз барқарор ва абадий бўлади, – деди давлат раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.