Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор солиқлар 50 фоизга камайтирилади

Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор солиқлар 50 фоизга камайтирилади

Шунингдек, Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни четга экспорт қилишда ҳамда экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи қоплаб берилади.

Қорақалпоғистонда тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида президент фармони қабул қилинди.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

Фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда;

— Ижтимоий солиқ камайтирилиб, 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида;

— Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига БҲМнинг бир баравари миқдорида белгиланди.

Бунда йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахсларга мазкур бандда белгиланаётган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

2022 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан, экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи қоплаб берилади.

Ажратиладиган кредит суммасининг 75 фоизигача (75 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кафилликлар тақдим этилади.

Қайд этилишича, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури координаторлари Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2022 йил якунига қадар дастур учун ажратилган ресурслар ҳисобидан қўшимча равишда 200 миллиард сўм кредит ажратилишини таъминланади.

Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш мақсадида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олинади. Энг яхши таклифлар 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан бошлаб кўриб чиқилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.