12 октябрь куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти томонидан БМТ Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида VI Марказий Осиё экспертлар форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ)нинг хабар беришича, тадбирда мамлакат бош вазири Ақилбек Жапаров, БМТ маркази раҳбари Каха Имнадзе, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари стратегик институтлари раҳбарлари, Қирғизистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар, мустақил таҳлилий марказлар вакиллари иштирок этган.
Ўзбекистон томонидан институт директори Элдор Арипов ўз маърузасида 2017 йилгача минтақавий бирлашиш ҳақида гапиришнинг имкони, деярли, бўлмаганини таъкидлади. Сув ва чегара билан боғлиқ ҳал этилмаган муаммолар кўп бўлгани, қолаверса, Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ва Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти форматлари етарли ривожланмаганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, ўшанда минтақадаги барча давлатлар ҳам МОҲТ ва МОИҲ моделларини шакллантиришда иштирок этмаган, кўп қарорлар декларатив хусусият касб этган. 2017 йил ноябрь ойи бу борада «бурилиш даври бўлган» — Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Марказий Осиё бўйича конференция ўтказилган.
«БМТ Бош Ассамблеяси Марказий Осиё бўйича резолюция қабул қилгани муҳим натижа. Ўзига хос „Самарқанд консенсуси“ шаклланди. Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади. Бу интилишни мазкур резолюция ҳомийлари сифатида майдонга чиққан минтақа давлатларининг ташқи сиёсатдаги ҳамкорлари қўллаб-қувватлади. Кўп йиллар давомида биринчи марта Марказий Осиёдаги ҳар бир алоҳида давлат тақдири нафақат шу мамлакат томонидан белгиланиши, балки минтақада содир бўлаётган умумий жараёнга ҳам бевосита боғлиқ бўлишини янада аниқ англадик. Бу жуда муҳим ва биз тўғри йўлдамиз», — деди СМТИ директори.
Шу муносабат билан СМТИ раҳбари Ўзбекистон президенти Душанбе саммитида илгари сурган қуйидаги ташаббусларни амалга оширишга киришиш муҳим, деб ҳисоблайди:
«Акс ҳолда, бундай ҳамкорлик фақат тактик, ўзгарувчан хусусиятга эга бўлади. Доимий қадриятлардан фарқли ўлароқ, манфаатлар ўзгаришга, ривожланишга мойил бўлади», — дея хулоса қилди Элдор Арипов.
Ўзбекистон президенти Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш жамғармаси саммитида Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш муаммолари узоқ муддатга мўлжалланган янги қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этаётгани ҳақида гапирганди.
Сентябрь ойидаги БМТ Бош ассамблеяси минбарида Марказий Осиё минтақасида «минтақавий ўзига хосликни англаш» туйғуси кучайиб бораётганини таъкидлаганди. «Бизнинг тарих ва келажагимиз ҳам, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумийдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ!», — деган давлат раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.