Аввалроқ, блогер «Шарқ» поездининг «люкс» вагонидаги скотч ёпиштирилган деразалар, кир стол, ҳожатхона ҳамда бузилган душни танқид қилган эди.
Блогернинг таъкидлашича, у Самарқанд—Тошкент йўналишидаги поезднинг люкс вагонига 100 долларга билет харид қилган.
«Тезюрар поездда билет қолмагани сабабли оддий поезднинг люкс вагонидан жой олдим. Лекин Ўзбекистонда вагонларнинг бир-биридан фарқи йўқ, шекилли», -деб изоҳ қолдирган блогер.
Шунингдек, блогер купеда ювиниш хонаси мавжудлигини, лекин у беркитиб қўйилганини, қолаверса, ҳожатхона тоза эмаслигини танқид остига олган.
Маълум қилинишича, унинг эътирозидан сўнг тезкор йиғилиш ўтказилган. Кўрсатилган камчиликлар юзасидан ушбу санада хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўлланилиб, йўловчи поездларда сервис ва хизмат кўрсатиш қоидалари ҳақида қайта кўрсатмалар бериб ўтилган.
«Ҳозирги кунда барча йўналишлар ҳаракати давомида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишини текшириш мақсадида ишчи гуруҳ қўшимча фаолиятини бошлади», дейилади расмий изоҳда.
Қайд этилишича, блогер ушбу йўналиш учун чиптани Россия Федерациясининг «РЖД» сайтидан электрон тарзда 4213,9 рублга расмийлаштирган.
Мазкур вагон «люкс» тоифасида бўлиб, 4 та купедан иборат ва фақат 8 та йўловчи учун хизмат кўрсатади. Ушбу йўналишда чипта нархи 385 980 сўм ҳисобланади.
«Ҳурматли йўловчилар, ўз тасдиғини топмаган маълумотларга ишонмаслигингизни сўраймиз»,- дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.