“Анҳор – Локомотив” боғидаги аттракциондан йиқилган фуқароларнинг аҳволи маълум қилинди — видео

“Анҳор – Локомотив” боғидаги аттракциондан йиқилган фуқароларнинг аҳволи маълум қилинди — видео

Шунингдек, Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Аввалроқ, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Анҳор – Локомотив” кўнгилочар боғида 24 ёшли ва 30 ёшли фуқаролар ушбу боғда жойлашган “Мельница” аттракционида учиш чоғида хавфсизлик камарларини тақмаганликлари оқибатида аттракцион ҳаракатланаётган чоғида тушиб кетишгани ҳақида хабар бергандик. ССВ мазкур фуқароларнинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

7-8 метр баландликдан тушиб кетиш оқибатида жароҳат олган 1999 йилда туғилган бемор Б.Э.га “Кататравма. Қўшма шикастланишлар. Бош мия ёпиқ жароҳати. Ўрта даражадаги мия шикастланиши. Бош мия пешона қисми контузион ўчоқ. Чап елка суяги катта бўртмачасининг ёпиқ синиши. Чап тос суяги бошчасининг ёпиқ чиқиши. Чап елка бўғими дисторсияси. Чап юқори қовоқ, чап қўлтиқ соҳаси, чап периорбитал соҳаси юмшоқ тўқималари,чап елка соҳаси, чап кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималар шикастланиши, тери ости қон қуйилиши” ташхиси қўйилиб, тегишли даво муолажалари тайинланган.

1993 йилда туғилган бемор Т.М.га эса “Кататравма. Умуртқа ёпиқ шикастланиши. Дурал қопчаси эзилмаган, орқа мия функцияси бузилмаган ҳолда умуртқа поғонаси суяклари VL1-VL2 таначаларининг I даражали компрессион синиши. Умуртқанинг бел қисми дисторсияси. Бел соҳаси юмшоқ тўқималарининг шикастланиши” ташхиси қўйилган.

Беморлар айни пайтда нейрохирургия бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта оғир даражада. Нафас олиш ва гемодинамик кўрсаткичлари барқарор. Улар шифохонада белгиланган даво стандартлари асосида даволанмоқда.

Шунингдек, Бош прокуратуранинг хабар қилишича, текшириш давомида аттракцион назоратчиси фуқароларнинг хавфсизлик камари тақилганлигини текширмасдан, аттракционни ҳаракатга келтирганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.