ЖКнинг бир қанча моддалари билан айбланаётган блогер Абдуқодир Мўминовга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Абдуқодир Мўминов сўнгги сўз ўрнида нима бўлганини ҳаммасини судда тўғрисини айтганини, ўтказилган пуллар бўйича ишни бажаролмаганини ва кимдан пул олган бўлса барчасини қайтаришини, қилган ишидан пушаймон эканлигини, имкон бўлса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони беришни ҳамда ота-онаси олдида бўлишни суддан сўради.
Абдуқодир Мўминов фуқаролар Л. М., Ф. К. ва Э. Э.нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилди.
А. Мўминов ЖКнинг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ва 57 (енгилроқ жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда ЖКнинг 59 (бир неча жиноят содири этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
Шунингдек, А. Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.