Маҳаллий аэропорт терминалида олдидаги майдонни реконструкция қилиш ишлари бошланди.
Лойиҳага кўра, автотранспорт воситаларининг терминал олдига кириши соддалаштирилади. Шундай қилиб, учта алоҳида йўлак ажратилади: аэропортнинг расмий таксилари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар.
Шунингдек, барча автомобиллар учун ҳудудга 5 дақиқагача киришга рухсат берилди. Автомобилларнинг одамларни кутиб олиш ва кузатиш йўлаги халқаро авиақатновлар терминалидаги йўл ўтказгич (эстакада) тамойили асосида ишлайди. Автомобилнинг йўлакда туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялашган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарималар юборади.
Қайд этилишича, вокзал майдонини реконструкция қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сонли «Аэропортлар, темир йўл ва автовокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Реконструкция ишларини жорий йилнинг август ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал атрофи ҳудудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.