Директор аёлга бош мия ёпиқ жароҳати, пешонани эзилиб, йиртилиши ва яна бир нечта ташхислар қўйилган. Прокуратура эса енгил тан жароҳати моддаси билан жиноят иши қўзғатди.
Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари берган ташхисларига кўра, 28-сонли мактаб директори Умида Турсунова бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб, йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш диагнози қўйилган.
Турсуновага Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиали мутахассислари томонидан консультация қилиниб, зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Айни вақтда беморнинг аҳволи барқарор. Уни РШТЁИМ вилоят филиалига кўчириш чораси кўрилмоқда.
«Вилоят ҳокими У.Турсуновага шикаст етказган айбдорнинг қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишини ҳамда унинг тўлақонли даволанишини ўз назоратига олганлигини билдирди», дейилади хабарда.
Аввалроқ, Умида Турсунова шифохонанинг реанимация бўлимига тушиб қолгани акс этган видео тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан ЖКнинг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.