Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳудудида жойлашган 31 та объект ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати UzNews.uz'га маълум қилди.
Зарафшон-Қорақум ипак йўли йўлаги уч давлатда жойлашган 31 та объектдан иборат: 9 таси Тожикистонда, 15 таси замонавий Ўзбекистон ҳудудида, қолганлари эса Туркманистонда жойлашган.
«Зарафшон-Қорақум Ипак йўли йўлагининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани бу масканнинг ўзига хос тарихий-маданий қийматининг эътирофидир. Қўмита томонидан кенг қамровли бошқарув режасини ишлаб чиқиш, изчил стратегия яратиш ва сайтга ташриф буюрувчиларни бошқариш тизимларини жорий этиш имконини берувчи тавсиялар берилди – уларнинг амалга оширилиши келажак авлодлар учун тарихий меросни асраб-авайлаш йўлида муҳим қадам бўлади. Биз тавсияларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва кадрлар малакасини ошириш, Зарафшон-Қорақум йўлагини бошқариш ва сақлашга маҳаллий аҳолини жалб этишда иштирок этамиз», — деди ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.
Турли даврлардаги барча объектлар тарихдаги энг муҳим савдо йўлларидан бири —Ипак йўлида жойлашган бўлиб, минтақанинг кўп асрлик тарихи ва бой маданий-тарихий меросини намойиш этади.
Зарафшон-Қорақум йўлаги Ўрта аср шаҳарлари ва сўғд санъат асарлари, меъморий ёдгорликлар билан ифодаланган бўлиб, улар зардуштийлик, насронийлик ва ислом динининг Марказий Осиёга таъсиридан далолат беради.
«Бу нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки бутун дунё тарихи учун ниҳоятда муҳим. Бу қимматли лойиҳа, чунки у бир нечта давлатларнинг бир қатор объектларни Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун биргаликда ишлашини ўз ичига олади. Шу тариқа, бугунги кунда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг саъй-ҳаракатлари 195 давлат томонидан юқори баҳоланмоқда. Чунки ҳар бир объектга ўзига хос марварид сифатида қаралади», — деди Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти директори Дмитрий Воякин.
Лойиҳа ташаббускори ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси бўлиб, у ҳам мувофиқлаштирувчи функцияни амалга оширди.