Хуршид Далиев ва Сиёвуш Хошимовдан бир қатор айбловлар олиб ташланди.
Human.uz сайти собиқ директори Хуршид Далиев Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича ЖКнинг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди).
У ЖКнинг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, 3 йилга ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари билан жазоланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўттатирилиши белгиланди.
«Ўзбекнефгаз» АЖнинг собиқ матбуот котиби Сиёвуш Хошимов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди). Сиёвуш Хошимов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йилга ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўттатирилиши белгиланди.
Ахмадилло Ахмаджонов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди). Унга нисбатан 165-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича эълон қилинган айбловнинг қолган эпизодлари ЖКнинг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисмига қайта малакаланди. Шу тариқа Ахмадилло Ахмаджонов ЖКнинг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Мавжуда Мирзаева Жиноят кодексининг 113-моддаси (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йилга ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шу билан бирга жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.