Хоразмда 9-cинф ўқувчилари далада шоли ўришга жалб қилинди — видео

Хоразмда 9-cинф ўқувчилари далада шоли ўришга жалб қилинди — видео

Ўқувчилар мактаб директори томонидан ишга чиқарилганини айтишган. Аммо, расмийлар буни рад этишди.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактаб ўқувчилари мактаб директори томонидан шоли даласида ишлашга мажбурланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича юқоридаги мактаб директори, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи, бўлими психологи ва ўқувчиларнинг синф раҳбаридан тушунтириш хатлари олиниб, вояга етмаган ўқувчилар билан тегишли мутахассислар иштирокида суҳбатлашилди.

Аниқланишича, мазкур мактабнинг 9-"а«» синф ўқувчилари А.Қ., Б.Ш., А.О. ва Б.О.лар тумандаги «Дурдона» маҳалласида жойлашган «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалигига тегишли бўлган шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг фермер хўжалик раҳбари К.Х.нинг таклифига асосан маълум бир ҳақ эвазига далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришган.

«Ўрганишда, мактаб директори томонидан вояга етмаган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмади. Шунингдек, уларни ёшини инобатга олмасдан фермер хўжалигида меҳнат қилишга йўл қўйиб берган хўжалик раҳбарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда», — дейилади хабарда.

Аммо, видеода акс этган ўқувчилар мактаб директори томонидан ишга жалб қилинганини айтишган.

Ҳолат Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан назоратга олинган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.