Қум ва чанг бўронларининг доимий ортиб бораётганидан Марказий Осиё энг кўп зарар кўрмоқда — БМТ

Қум ва чанг бўронларининг доимий ортиб бораётганидан Марказий Осиё энг кўп зарар кўрмоқда — БМТ

БМТнинг қайд этишича, авваллари кам учрайдиган қум ва чанг бўронлари эндиликда Марказий Осиёнинг катта қисмида баҳорда бошланиб, кузгача давом этади. Кўпинча Орол денгизидан, шунингдек, Қозоғистон даштлари ва Афғонистондан қум ва чанг кўтарилади.

Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясида UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиаунинг айтишича, қум ва чанг бўронлари сони кескин ортиб бормоқда. Қолаверса, бу ҳодисадан энг кўп Марказий Осиё жабр кўради.

«Илгари кам учрайдиган қум ва чанг бўронлари энди баҳорда бошланиб, Марказий Осиёнинг катта ҳудудларида кузгача давом этади. Шамол кўпинча Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудларида, шунингдек, Қозоғистон даштлари ва Афғонистонда бошланади», — деди UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, қум ва чанг бўронлари бошланган жойдан узоқроқ ҳудудларга таъсир қилади ва дунёнинг баъзи жойларида ўтган асрда чўллардаги чанг миқдори икки баравар кўпайган.

«Ҳозирда ҳар йили атмосферага 2 миллиард тоннага яқин қум ва чанг киради, бу оғирлиги бўйича 360 та Гиза пирамидасига тенг», — дейилади БМТ ҳисоботида.

Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, уларнинг камида тўртдан бири инсон фаолияти билан боғлиқ. Мутахассислар шамоллар ҳаёт учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ва ҳукуматларда уларга қарши самарали курашиш учун маблағ етишмаслигидан огоҳлантирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, шамол келтирган иқтисодий зарарга ишора қилиб, ҳар йили дунёда деярли бир миллион квадрат километр соғлом, унумдор ерлар йўқолаётганини таъкидлади.

2015 йилдан 2019 йилгача бутун дунё бўйлаб тахминан 4,2 миллион квадрат километр майдон зарар кўрди, бу Марказий Осиёнинг барча бешта давлатининг умумий майдонига тенг.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.