Ўтган йили май ойида Telegram'да канал очиб, қиз ва аёлларнинг беҳаё фото ва видеоларини тарқатган шахсларга жазо тайинланди.
Олий суд Матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 11 январь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида қўлга олинганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Қўлга олинган шахслар 130-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми “б” банди, 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, ”г” бандлари, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми, 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбдор деб топилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ гуруҳ аъзоларига 3 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қайд этилишича, жиноят воситаси деб топилган “Telegram” мессенжеридаги тегишли каналлар ва аккаунтлар Рақамли технологиялар вазирлиги орқали блокланиши белгиланган.
Жабрланувчиларга жиноят доирасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.