Экспертлар — 2025 йил якунлари бўйича Марказий Осиё ҳамкорлиги ҳақида

Экспертлар — 2025 йил якунлари бўйича Марказий Осиё ҳамкорлиги ҳақида

Gazeta экспертлардан 2025 йилда Марказий Осиёдаги ҳамкорликнинг учта асосий воқеаси, йил муваффақияти ва минтақавий ҳамкорлик бўйича йил хавотирлари ҳақида гапириб беришни сўради.

2025 йилда Марказий Осиё ҳамкорлигининг учта асосий воқеаси

Микаэль Левистон, Observatoire de la Nouvelle Eurasie платформаси асосчиларидан бири (Франция)


Минтақавий ҳамкорликнинг учта асосий воқеаси сифатида Самарқанддаги «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити, Оқ уйда АҚШ иштирокидаги «C5+1» учрашуви, шунингдек, Тяньцзиндаги ШҲТ саммитини кўрсатган бўлардим.

Дастлабки икки воқеа шуниси билан муҳимки, улар Ғарбнинг йирик давлатлари Марказий Осиёга яқинлашганини ва минтақа билан фаол ҳамкорлик қилишга, унинг ривожланиши ва салоҳиятини очиш учун кўпроқ сармоя киритишга тайёрлигини кўрсатади. Европа Иттифоқи учун бу, масалан, қайта тикланадиган энергия, АҚШ учун эса ноёб ер элементларини ўз ичига олган муҳим хомашёдир.

ШҲТ саммитига келсак, мен уни ШҲТ Тараққиёт банкини яратиш бўйича қадамлар қўйилгани учун киритдим.

Рустам Бурнашев, Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлиги масалалари бўйича мутахассис (Қозоғистон)


Айнан мен муҳим деб белгилашим мумкин бўлган «минтақавий», беш томонлама воқеалар 2025 йилда содир бўлмади. Аслида, бундай тадбирлар қаторига фақат «C5+» форматидаги учрашувлар ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини киритиш мумкин. Бироқ, улар аллақачон одатий характерга эга.

Шунинг учун мен анча тор доирадаги кўп томонлама форматни, яъни 31 март куни Хўжандда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ва кейинчалик ушбу ҳужжатнинг ратификация қилинишини қайд этмоқчиман.

Октябрь ойида бўлиб ўтган, уч мамлакат фуқаролик жамияти вакиллари ва экспертларини бирлаштирган Фарғона тинчлик форуми ҳам шу воқеа билан боғлиқ. Бу воқеалар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мавжуд мураккабликлар ва мауммоларни, улар қанчалик чуқур ва кескин бўлмасин, давлат раҳбарлари даражасида ҳам, маҳаллий ҳамжамиятлар даражасида ҳам самарали ҳал этишга қодир эканини кўрсатди.

Фабиен Бассьют, Гент университети доценти, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар бўйича эксперт


Биринчи воқеа — 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ва 31 мартдаги Хўжанд саммити. Ушбу келишувлар чегара ҳудудлари билан боғлиқ кўп йиллик можароларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга ва келажакда ҳудудий низоларнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Иккинчи тадбир — 3 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» саммити. Бу формат тарихида биринчи марта олий даражадаги учрашув бўлди. Саммит ҳар икки томоннинг муносабатларни янада чуқурлаштиришга тайёрлиги тўғрисида кучли сиёсий сигналга айланди. Якуний қўшма декларация Европа Иттифоқининг минтақага нисбатан прагматик ва асосан иқтисодий йўналтирилган ёндашувини акс эттиради. Ҳужжатда, шунингдек, инфратузилма ва транспорт соҳасида, энг аввало, Транскаспий йўлаги доирасида, шунингдек, муҳим хомашё соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланган.

Учинчи тадбир — Тошкентда ўтган Марказий Осиё мамлакатлари Маслаҳат учрашуви. Учрашув давомида ушбу форматни институционализация қилишда муҳим қадам ташланди. Ҳамкорлик йўл хариталари ва Инфратузилма кенгаши каби янги тузилмаларни яратиш, шунингдек, Озарбайжонни тўлақонли иштирокчи сифатида қабул қилиш орқали расмийлаштирилди.

Бу формат хавфсизлик, иқтисодиёт ва инфратузилма соҳаларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш воситаси сифатида тобора муҳим аҳамият касб этаётганидан далолат беради.

Аскар Нурша, сиёсий таҳлилчи (Қозоғистон)


Март ойида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланганини ва шундан сўнг Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари чегаралар туташган жой тўғрисидаги шартномани имзолаганини биринчи воқелик деб атаган бўлардим. Чегара масаласини тартибга солиш кескинликни камайтиришга ёрдам беради ва минтақа мамлакатларининг ҳамкорликнинг янги босқичига ўтиши йўлидаги тўсиқни олиб ташлайди.

Иккинчиси, фикримча, Тожикистоннинг XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага қўшилиши. Шундай қилиб, Тожикистон 2022 йилда ушбу шартномани имзолаган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан кейин тўртинчи давлат бўлди. Шартнома минтақа мамлакатларининг кўп томонлама форматда янада яқинроқ ҳамкорлик қилиши учун асос яратади, шунингдек, мамлакатлар бир-бирига нисбатан риоя қилиш мажбуриятини оладиган муҳим тамойилларни белгилайди.

Учинчи воқеа эса Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилишидир. Минтақавий кооперациянинг янги ривожланиш босқичига кўтарилиши, Озарбайжон билан шериклик ва кооперация алоқаларининг мустаҳкамланиши иштирокчи мамлакатларнинг умумий салоҳиятини мустаҳкамлашга имкон беради.

Темур Умаров, Берлиндаги Карнеги маркази эксперти


2025 йилда минтақавий ҳамкорликнинг асосий воқеалари ҳақида гапирганда, қуйидагиларни қайд этган бўлардим. Биринчиси — Марказий Осиёдаги ҳудудий низоларга нуқта қўювчи тожик-қирғиз чегараси тўғрисидаги шартномага эришилиши. Иккинчиси — Озарбайжоннинг маслаҳат учрашувлари форматига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши. Учинчиси — Вашингтонда ўтган «С5+1» форматидаги учрашув.

Мен мазкур ҳодисаларни атайлаб яхши ёки ёмонга ажратмаяпман. Фикримча, ушбу масалада бунинг аҳамияти иккиламчи. Асосийси — айнан мана шу учта ҳодиса минтақани ва унга нисбатан ички ҳамда ташқи қарашларни муайян даражада ўзгартира олганидир.

Марказий Осиё ҳамкорлигидаги йил муваффақияти

Микаэль Левистон


Мен учун бунинг жавоби аниқ. Бу 2025 йил март ойида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара тўғрисидаги шартноманинг имзоланишидир. Мен бу ерга Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларнинг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланишини ҳам қўшган бўлардим. Бу Фарғона водийсининг келажаги масалалари бўйича уч томонлама динамикани шакллантирди.

Албатта, келгусида қандай аниқ қадамлар қўйилишини кўриш керак, аммо уч давлат чегаралар, ҳудудлар, сувдан фойдаланиш каби нозик масалаларни биргаликда муҳокама қилишни бошлаганининг ўзи катта аҳамиятга эга.

Чегаралардаги кучланишни камайтириш жуда муҳим. Бу Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам, хорижий инвесторлар, айниқса, Ғарб инвесторлари учун жозибадор муҳит яратиш учун ҳам аҳамиятлидир. Ўзбекистон бу жараённи 2018 — 2022 йилларда бошлаган ва ҳали қилинадиган ишлар кўп. Аммо бу динамикага Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам қўшилгани жуда яхши. Бу ички кескинлик камайиб бораётгани, давлатлар чегара ёки баҳсли ҳудудлар туфайли қуролли қарама-қаршиликка ўтишни истамаётгани ҳақидаги сигналдир. Менимча, бу жуда ва жуда ижобий қадам.

Рустам Бурнашев


Айнан беш томонлама ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Марказий Осиё етакчиларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиёт концепцияси, шунингдек, 2026−2028 йилларга мўлжалланган минтақавий хавфсизлик хатарлари каталоги ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари қабул қилинганини алоҳида таъкидлашим мумкин. Ушбу ҳужжатлар мутлақо техник хусусиятга эга бўлиб, шунга кўра, беш томонлама ҳамкорлик фақат сиёсий ва дипломатик форматлар доирасидан ташқарига чиқмоқда, дейиш имконини беради.

Фабиен Бассьют


Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ва Хўжанд саммитининг ўтказилишини асосий муваффақият деб атаган бўлардим. Иккала воқеа ҳам минтақавий ҳамкорлик учун катта аҳамиятга эга, чунки улар Фарғона водийсидаги кескинликни юмшатиш ва ҳудудий низоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Бу, ўз навбатида, минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, ушбу воқеалар минтақавий даражада, жумладан, қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

Аскар Нурша


Биринчиси — сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва 2025 йилда ўзаро эҳтиёжларга мослашувчан тарзда ёндашишдир. Иккинчиси эса Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаш бўйича келишув.

Темур Умаров


Ҳудудий низоларнинг ҳал этилишини асосий муваффақият деб ҳисоблайман. Воқеалар ривожини ва бу йил эришилган келишувларнинг узоқ муддатли тенденцияси қандай бўлишини кузатиш керак, албатта. Трансчегаравий ҳамкорлик орқали ресурслардан фойдаланиш ва миллатлараро низолар каби бошқа муаммоларни ҳал қилиш қанчалик самарали бўлиши муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Аммо, энг муҳими, биз энг юқори даражада яқинлашиш тенденциясини, низоларни ҳал қилиш ва барқарор ҳамкорликка ўтишга тайёрликни кўрмоқдамиз.

Йил хавотири

Микаэль Левистон


Мен Маслаҳат учрашувлари форматининг ривожланишидан кўпроқ нарсани кутган эдим. Озарбайжоннинг тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши тўғрисидаги қарор минтақа мамлакатлари ўз минтақавий интеграциясини чуқурлаштиришдан кўра, ташқи иштирокчилар учун минтақавий мулоқот майдончасини очишга кўпроқ тайёрлигини кўрсатади. Минтақа ҳозирча институционаллашув ва истиқболда мулоқот платформасини тўлақонли интеграциялашган минтақавий ташкилотга айлантириш томон ҳаракат қилишни истамаяпти.

Назаримда, Ўзбекистон ва Қозоғистон платформа минтақа мамлакатларининг янада чуқурроқ ҳамкорлиги воситасига айланишига умид қилган. Аммо бу турткини ҳамма қўшнилар ҳам қўллаб-қувватламайди. Масалан, Туркманистон XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ҳалигача имзоламаган.

Шу билан бирга, Озарбайжон билан ҳамкорликликни хато деб бўлмайди. Транспорт-логистика лойиҳалари нуқтаи назаридан бунинг етарлича мантиқий асослари мавжуд. Бироқ мен айнан Марказий Осиё давлатларининг Маслаҳат учрашувлари форматидан бошқача динамика кутган эдим ва ҳозирча буни кўрмаяпман.

Рустам Бурнашев


Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари манфаатларига дахлдор айрим масалалар бўйича беш томонлама яхлит позиция ишлаб чиқилмагани мен учун асосий умидсизлик бўлди. Масалан, Афғонистон томонидан Амударё ҳавзасидан сув олишнинг фаоллашуви муносабати билан Орол денгизи ҳавзасида сувдан фойдаланиш масалалари ёки Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига тааллуқли бўлган баъзи бошқа масалалар бўйича.

Бундай «минтақавий» реакция (ёки муносабатлар)нинг йўқлиги шундан далолат берадики, Марказий Осиёда ҳақиқий минтақалашув ҳали юз бергани йўқ. Мамлакатларимиз умумий позицияларни ишлаб чиқишга тайёр эмас ва ташқи ҳамкорлар билан масалаларни деярли фақат икки томонлама даражада ҳал қилишни афзал кўрмоқда.

Фабиен Бассьют


Мен иқлим ўзгариши оқибатларига жавоб бериш бўйича умумий позицияни ишлаб чиқишда кўпроқ ютуқларга эришишни истардим. Глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари минтақага номутаносиб равишда кучли таъсир кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конференциялари доирасида қабул қилинган кўплаб улкан мажбуриятларга ва халқаро донорлар кўмагида турли иқлим лойиҳаларида иштирок этишга қарамай, минтақа мамлакатлари ҳали ҳам иқлим ва сув муаммоларини ҳал қилишда беш хил ёндашувни сақлаб қолмоқда.

Бундан ташқари, улар кўп жиҳатдан углеводородларга таянишда давом этмоқда. Агар Марказий Осиё барқарор келажакка умид қилса, минтақа давлатлари иқлим саммитлари доирасида қабул қилинган декларациялардан тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларга ўтиши ва ҳароратнинг кўтарилишини жиловлаш учун сиёсий қарорлар қабул қилиши керак.

Аскар Нурша


Тожикистон ва Афғонистон чегарасидаги кескинлик менда хавотир уйғотди. Бу Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги вазиятга кўпроқ эътибор қаратиши зарурлигини кўрсатади.

Темур Умаров


Муваффақиятсизлик ёки умидсизликка келсак, мен Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилганини таъкидлаган бўлардим. Бир томондан, Озарбайжон бусиз ҳам бу учрашувларга ташриф буюргани тушунарли. Умуман олганда, Боку ҳам сиёсий, ҳам маданий жиҳатдан Марказий Осиё воқелигига табиийроқ мос келади. Аммо бу ечим форматнинг ўзини хиралаштиради, уни эксклюзивликдан маҳрум қилади.

Бундан келиб чиқадики, маслаҳатлашув учрашувлари платформаси тарихий-географик сабабларга кўра табиий равишда шаклланган минтақа доирасида қандайдир интеграцияга қаратилган эмас, балки ташқаридан келган иштирокчилар ҳам аъзо бўлиши мумкин бўлган клубдир. Агар формат кенгайса, демак, бошқа мамлакатлар ҳам қўшилиши мумкин. Биз аллақачон россиялик дипломатдан — энг юқори мартабали эмас, лекин барибир — Россия форматга қўшилиш имкониятини кўриб чиқаётганини эшитдик. Бу эса Маслаҳат учрашувлари платформаси минтақавий жараёнларни бошлаш бўйича аввалги уринишлар тақдирини такрорлаши мумкинлигидан далолат берувчи огоҳлантириш қўнғироғидир.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.