2025 йилда Марказий Осиё мулоқоти: эксперт баҳоси

2025 йилда Марказий Осиё мулоқоти: эксперт баҳоси

Италия футболи медиасида «pagelle» деб юритиладиган рукн бор. Нашр экспертлари ўйиндан сўнг футболчиларни баҳолайди. Футбол ишқибозлари гап нима ҳақида кетаётганини билади; футболга қизиқмайдиганлар эса — ортиқча маълумот учун маъзур тутасизлар. Лекин айнан сизлар учун — тушунтириш.

Сирасини айтганда, жамоа ўйинчилари ва мураббийлари 10 баллик тизимда баҳоланади. Албатта, ҳеч ким ҳеч қачон 10 балл олмайди. Энг юқори баҳо одатда 8 дан ошмайди. Энг пасткиси — 5. Ёки 4 — лекин бу футболчи мутлақо ёмон ўйнаган ҳолда берилади.

Мана, навбатдаги йил якунига етди! Сарҳисоб қилиш вақти келди. Мен 2025 йилда минтақавий ҳамкорлик қандай ривожланганини «pagelle» услубида таҳлил қилишга қарор қилдим. Баҳолаш учун бир нечта тоифа танлаб олинди: чегара низоларини ҳал этиш, умумий ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик, ички минтақавий ўзаро ҳамкорлик механизмлари, «MO+» механизми, минтақавий ўзликни шакллантириш. Қани, бошладик!

Чегара низоларини ҳал этиш — 7,5 (жуда яхши)


Марказий Осиё сиёсатининг 2025 йилдаги асосий ютуғи. Бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим воқеаларни қайд этамиз. 2025 йил март — Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарани делимитация қилиш бўйича келишув ҳамда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома. 2025 йил апрель — Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Чашма булоғининг мақоми бўйича низонинг ҳал этилиши.

Прецедентнинг ўзи диққатга сазовор. Давлатлар мустақиллик қўлга киритилганидан бери ва, афсуски, ҳозиргача улар ўртасидаги муносабатларнинг асосий муаммоси бўлиб келган баҳсли ҳудудлар масаласида силжишга эришди. Ҳудудий масалаларни ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар минтақада низолашиш эҳтимолини сезиларли даражада пасайтиради, шунингдек, ушбу муаммонинг ташқи кучлар томонидан манипуляция қилиш воситаси сифатида ишлатилишининг олдини олади.

Муҳими, қарор муросага асосланди. Бу шуни кўрсатадики, сиёсий элиталар, уларнинг манфаатларига мос келган тақдирда, ҳатто жуда нозик масалаларда ҳам бир-бирига ён боса олади. Турли экспертлар бизга кўп йиллар давомида уқтириб келган мамлакатлар ўртасидаги «енгиб бўлмас зиддиятлар» эса уйдирмадан бошқа нарса эмас.

Ҳаммаси яхши бўлса-да, нега баҳо 8 эмас? Бунинг сабаби — минтақа давлатлари вертикал тарзда бошқарилиши, ҳамкорликни таъминловчи асосий омил эса давлат раҳбарларининг бевосита мулоқотлари экани.

Бундай келишувларни узоқ муддат давомида амалга ошириш тажрибаси мавжуд эмас — биз ҳали жараёндамиз. Шу боис ушбу келишувларнинг мамлакатлардан биридаги сиёсий ўзгаришларга ёки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар динамикасига таъсирчанлигини ҳисобга олиш лозим.

Умумий ресурслар бўйича ҳамкорлик — 6 (қониқарли: барқарор)


Бу тоифага мен энергетика, сув, яйловлардан фойдаланиш, инфратузилма лойиҳалари ва бошқа «кундалик» масалаларни киритаман. Бу борада вазият нисбатан барқарор. Баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва бўлиб келаётган масалаларни ҳал қилишда сезиларли ютуққа эришилди, деб айта олмайман. Бироқ, шу билан бирга, очиқдан-очиқ қарама-қаршиликлар ҳам кузатилмади. Бу эса минтақамиз учун ижобий тенденция, чунки бир соҳадаги келишмовчиликлар туфайли бошқа барча соҳалар — ҳатто ҳаётий зарур бўлган жабҳаларда ҳам ҳамкорлик тўхтаб қолиши мумкин.

Мамлакатлар мунтазам равишда сувдан фойдаланиш ва гидротехник иншоотларни ишлатиш, яйловлардан фойдаланиш ва анклавлар масалалари бўйича музокаралар олиб борди ва келишувларга эришди. Қамбарота ва Роғун ГЭСлари қурилиши атрофидаги янгиланган риторика барқарор бўлиб қолмоқда.

Ультиматумлар, таъналар ва айбловлар тили ўрнини барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалар устида биргаликда ишлашга чақириқлар эгаллади. Йил якуни ижобий воқеа билан якунланди. Ўзбекистон Тожикистонга электр энергияси етказиб беришни мамлакатдаги энергетика инқирози фонида бошлади. Душанбени қўллаб-қувватлаш бўйича Қозоғистон ва Туркманистон ҳам музокаралар олиб борди.

Умуман олганда, вазият тинч. Доимий равишда йиғиладиган ва бир қатор масалалар бўйича қарорларга келадиган ишчи гуруҳлар минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг нисбатан горизонтал даражасини шакллантириш учун самарали механизм ҳисобланади.

Хавотирлардан бири — юқорида таъкидланганидек, қарор қабул қилишнинг давлат раҳбарлари ўртасидаги бевосита алоқалар орқали таъминланадиган вертикал тизими. Бундан ташқари, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни аниқ белгилаб берувчи расмий давлатлараро шартномалар билан мустаҳкамланмаган ГЭС қурилиши бўйича ортиқча дўстона риторика мавжуд. Эртами-кечми аниқ қарорлар қабул қилишга тўғри келади.

Минтақа ичидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари — 4,5 (паст баҳо)


«Бешлик» форматида минтақа давлатлари ҳали барқарор ва самарали механизмларни йўлга қўя олмади. Давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бир неча бор қолдирилди — шу вақт мобайнида давлатлар бир нечта минтақадан ташқари форматларда иштирок этишга улгурди.

2017 йилда қайта тикланган минтақавий мулоқот рамзи ҳамон минтақавий сиёсатнинг чинакамига асосий воқеасига айлана олмаяпти. Гоҳ учрашувга барча давлатлар ҳам келавермайди (эслатиб ўтаман, амалдаги бешта давлат раҳбари илк бор фақат 2021 йилда учрашган), гоҳ «иш жадвалининг тиғизлиги туфайли» бекор қилинади, гоҳ шунчаки кечиктирилади.

2025 йилги учрашувнинг ўзи минтақа давлатларининг ўзаро мулоқотни келгусида қандай ривожлантириш борасидаги тасаввурлари ҳақида бир қатор саволларни келтириб чиқарди. Давлат раҳбарларининг нутқларида бундан кейин қандай йўналишда ҳаракат қилиш кераклиги ҳақидаги умумий қарашлар, шунингдек, аниқ лойиҳалар бўйича янги ғоялар кўзга ташланмади.

Бундан ташқари, биз ҳамкорликнинг аввалги босқичидаги хатоларни такрорлай бошладик. 2018 йилдан бери белгиланган форматда олдинга силжиш йўқлигини, айтайлик, экстенсив усуллар билан бартараф этишга ҳаракат қилинди. Масалан, Озарбайжоннинг тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши тўғрисидаги қарор.

Боку — Марказий Осиё мамлакатлари учун, айниқса, савдо ва логистика йўлларини диверсификация қилиш соҳаларида жуда муҳим ҳамкор. Лекин бу уни, қарор янгиликлар муқовасида қанчалик чиройли кўринмасин, Марказий Осиёнинг бир қисмига айлантирмайди. Асосийси, умуман олганда, Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувларидаги мақоми ва бошқа минтақавий жараёнлардаги роли ҳозирча ноаниқ.

Озарбайжон билан муносабатларни, фикримча, «Марказий Осиё — Озарбайжон» ёки ундан ҳам яхшиси, «Марказий Осиё — Жанубий Кавказ» форматида қуриш мақсадга мувофиқ. Маслаҳат учрашувлари форматига Бокуни қўшиш қарори шундоқ ҳам етарлича мустаҳкамланмаган форматнинг моҳиятини ўзгартириб юборади. 2000-йиллар ўртасида Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига (МОҲТ), таъсир салоҳияти бўйича таққослаб бўлмайдиган бўлса-да, ташқаридан Россия тимсолидаги иштирокчини қўшиш нима билан якунланганини эсланг.

Учрашувда учрашувлар форматини «Марказий Осиё ҳамжамияти» платформасига айлантириш ғояси ҳам илгари сурилди. Номлар ва ташкилий шаклларни ўзгартириш сезиларли таъсир кўрсатадими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади. Маслаҳат учрашувларининг амалдаги формати ўз кун тартиби ва воситаларини эндигина шакллантирмоқда ва ҳали барқарор платформага айлангани йўқ.

2017 йилда минтақавий ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш мутлақо оқилона шиор остида амалга оширилди — форматни миллатлараро институтлар билан ортиқча юкламаслик ва аввал давлатлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш. 2025 йилга келиб, маслаҳатлашув учрашувлари режалар тўғрисидаги баёнотлар ва ўзаро дўстлик ваъдалари жойи бўлиб қолмоқда — бу ёмон эмас. Лекин аниқ лойиҳаларга ўтиш керак.

«C5+» формати — 7 (яхши)


Ҳамкорликнинг минтақавий даражаси ҳақида гап кетса, «Марказий Осиё+» формати ҳозирча унинг энг самарали механизми бўлиб қолмоқда. Ҳеч бўлмаганда, у узлуксиз ишлайди, географияни кенгайтиради ва мунтазам равишда бешта мамлакатни бир стол атрофида тўплайди.

«C5+» ташқи ўйинчилар билан ҳамкорлик қилиш воситаси сифатида муҳим аҳамиятга эга. У бизнинг «бешлик»да биргаликда ишлаш одатини шакллантиради. Унинг афзаллиги шундаки, у нафақат давлат раҳбарлари учун мўлжалланган, балки турли даражадаги иштирокчиларни, масалан, ташқи ишлар вазирларини тўплаш имконини беради.

2025 йилда Марказий Осиё мулоқоти: эксперт баҳоси
«C5+»нинг янада ривожланиши Марказий Осиёга ташқи ҳамкорлар учун ўзини яхлит минтақа сифатида намоён қилишга ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, минтақадан ташқари ўйинчилар билан нафақат икки томонлама асосда, балки бешлик форматида ҳам мулоқот қилиш мамлакатларимиз ўртасидаги минтақавий мулоқотнинг самарадорлигини ошириши мумкин.

Лекин битта муҳим жиҳат бор. Ушбу восита самарадорлигини ошириш учун минтақа мамлакатлари ўзини «С5» сифатида англаши керак.

Ҳозирча эса биз кўпроқ С1+С1+С1+С1+С1 ҳолатига гувоҳ бўляпмиз (ҳеч ким ўзини ўзига ёқмаган рақам остида кўриб, ранжимаслиги учун атайлаб тартиб рақамларидан фойдаланмадим). Бундан ташқари, Озарбайжон Маслаҳатлашув учрашувларига қўшилганидан кейин ушбу форматга қўшиладими, деган савол очиқ қолмоқда.

Умумий манфаатларга дахлдор масалалар, шунингдек, халқаро кун тартибининг асосий масалалари бўйича минтақа мамлакатларининг позицияларини мувофиқлаштиришга оид қадамлар йўқлиги ушбу «С5»нинг шаклланишига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Мамлакатлар юзага келаётган муаммолар: меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг бузилиши ёки фуқароларнинг ўлдирилиши, инфратузилмага ҳужумлар ёки чегаралардаги провокациялар ва кескинлашув бўйича расмий даражада умумий позицияни шакллантирмаяпти. Ҳодиса турига қараб, у минтақа мамлакатлари жамоатчилиги даражасида акс-садо бериши мумкин, лекин камдан-кам ҳолларда расмий баёнотга айланади. Шунинг учун ҳар бир давлат ўз муаммолари билан ёлғиз қолади ва натижада уларни фақат ўз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишга уринади. Шу пайтгача юқорида таърифланган муаммолар бўйича бирорта ҳам қўшма баёнот бўлмаган, глобал мавзулар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Минтақавий ўзлик ва «марказий осиёлик» — 5,5 (қониқарли)


Минтақавий ўзлик ва бир бутун «марказий осиёлик»ни шакллантириш зарурлиги ҳақида яқинда сўз юритила бошланди. Шу боис бу йўналишни қатъий баҳоламайман.

Марказий Осиёни бешта давлатимизни бирлаштирувчи минтақа сифатида таърифлаш мантиқан тўғри кўринади. Бунинг учун бизда ҳамма нарса бор. Бироқ айнан биз ўзимиз минтақада бундай ўзликни яратиш устида ишламадик. Ўн йиллар давомида давлатлар ўз қўшниларидан ва минтақанинг ўзи билан боғлиқ уюшмалардан четлашишга уринди, умумий тарихий ва маданий меросга ким кўпроқ ҳақли экани хусусида баҳслашди.

Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувларига қўшилишига кўпчиликнинг муносабати ҳам кўп жиҳатдан шу билан изоҳланади. Мутахассислар ушбу қарор танқидига «Марказий Осиё тушунчаси қаердадир аниқ белгиланганми? Хоҳлаган давлатни қўшиш мумкин эмасми?» деган мантиқий эътироз билан жавоб бермоқда. Бу далил асосли, лекин айни пайтда минтақанинг ўзлиги инқирозини кўрсатиб турибди.

Мамлакатлар эндигина қандайдир маданий-тарихий умумийлик ҳақида сўз оча бошлади. Илгари негадир кўп ва кескин баҳслашилган минтақанинг буюк олимлари меросига умумий минтақавий бойлик сифатида муносабатда бўлишга эндигина журъат этилмоқда. Ҳатто умумий тарихни ўрганиш бўйича ҳамкорликда ишлаш муҳимлиги ҳақида ўйлай бошланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2024 йилги йиғилишдаги баёнотига ҳавола қилишим мумкин.

2025 йилда Марказий Осиё мулоқоти: эксперт баҳоси
Ҳудуднинг аниқ таърифи йўқлиги бор гап. Лекин бу мамлакатларни уни ўзлари яратишга ундаши, бизга доимо ортиқча иштирокчи мавжуд бўлган макроминтақавий тушунчаларни мажбурлашга уринишлардан бутунлай халос бўлишга чорлаши керак. 2025 йилда бу борада бирор жиддий ютуққа эришилмади.

Бундан ташқари, йил охирида ўзбек-қозоқ оммавий ахборот воситалари ўртасида рақобат юзага келди. Бу кутилмаганда Нью Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясида бошланиб, Вашингтондаги «C5+1» учрашувида давом этди. Бундай воқеалар минтақавий ўзликнинг шундоқ ҳам суст шаклланишига путур етказади, минтақага кўп йиллар давомида воз кечишга ҳаракат қилинган риторикани қайта юклайди.

Йилнинг умумий баҳоси — 6 (қониқарли)


Чегара масалаларини ҳал қилиш ва «CA+» механизми барқарор ишлаб тургани сабабли пастроқ баҳо қўймадим. Лекин шуни унутмаслик керакки, биринчиси икки томонлама муносабатлар доирасига киради, иккинчиси эса фақат ташқи кўмак билан амалга оширилади.

Вазиятга қараб шундай хулоса қилиш мумкинки, мамлакатларга кўпроқ икки томонлама форматда ишлаш қулайроқ туйиляпти (баҳсли масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар ҳам шундан далолат беради). Улар кичик гуруҳларда ёки бирор ташқи куч ҳомийлигида ишлашни эса камдан-кам ҳолларда танламоқда. Бироқ гап бевосита минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мазмун билан тўлдириш ҳақида кетганда, томонлар декларациялардан нарига ўтишга журъат этмаяпти.

Турли даражадаги учрашувлар, маслаҳатлашувлар — булар яхши. Бундай кундалик жараёнлар муқаррар ва минтақанинг ўн йил ичида йўқотилган алоқаларини тиклаш учун зарур. Бироқ минтақавий ҳамкорлик қайта йўлга қўйилганининг тўққизинчи йилида декларациялар, дўстлик ваъдалари ва йўл хариталаридан кўра аниқроқ нарсаларни кўришни истардик. Ҳозирча минтақа давлатлари на бешлик форматида, на кичик гуруҳда, ҳозирча ният баёноти бўлиб қолаётган Марказий Осиё Шенгени ташаббусига ўхшаш, бирорта ҳам йирик минтақавий лойиҳани келишиб олмади ва ишга туширмади.

Бундан ташқари, Марказий Осиё, ўзаро таъсирнинг аниқ соҳаларига йўналтирилган горизонтал ёндашувга ўтиш ўрнига географияни кенгайтиряпти, янги тузилмаларни ташкил этяпти, амалга ошириш ўрнига эълон қилишда давом этяпти.

Футбол тилида айтганда — мадомики бугунги мавзуимиз шунга яқин экан — жамоа ўйинчиларининг ўйини қовушмаяпти, дейиш мумкин. Қани кўрамиз, 2026 йилда мамлакатлар қандай ўйин намойиш этишар экан.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.