Бир қарашда, 2030 йилга мўлжалланган стратегия лойиҳаси бутун мамлакат учун истиқболли келажак яратаётгандек: миллионлаб одамларни ўқитиш, минглаб иш ўринлари яратиш, рақамли, илмий ва иқтисодий соҳаларда туб бурилиш ясаш. Бироқ гендер сезгир кўрсаткичларнинг йўқлиги стратегиянинг гендер масалаларига кўз юмаётганини (гендер кўрлик) кўрсатади ва аёллар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этишга ёрдам бермайди. Хусусан, фармон лойиҳаси матнида гендер, тенглик ёки аёлларга оид сўзлар бирор марта ҳам тилга олинмаган — гўё аёлларга тенг имкониятлар бериш устувор вазифа эмасдек. Ҳалигача кенг тарқалган стереотиплар мавжуд шароитда (масалан, қизларнинг таълимига инвестиция киритиш шарт эмаслиги ёки аёллар фақат оила билан, эркаклар эса фақат карьера ва бизнес билан шуғулланиши кераклиги ҳақидаги қарашлар) аниқ кўрсаткичларнинг йўқлиги аёлларнинг яна бир бор ислоҳотлардан четда қолишига олиб келади.
Гендер тенгликка эришиш стратегиясига кўра, давлат гендерга йўналтирилган режалаштириш ва бюджетлаштиришни жорий этиши, барча тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мажбурий гендер экспертизасидан ўтказиши, шунингдек, гендер статистикасини бошқаришни такомиллаштириши шарт. Бироқ «Ўзбекистон — 2030» стратегияси лойиҳасида бу талаблар эътиборга олинмаган. Гендер тенгликка эришиш стратегияси иқтисодиётнинг технология, муҳандислик, саноат каби соҳаларида аёллар иштирокини кенгайтиришни талаб қилган бир пайтда, янги стратегия лойиҳасида тегишли вазирликлар кўрсаткичларида гендерга оид кўрсаткичлар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, халқаро тавсиялар давлатнинг гендер ёндашувини (gender mainstreaming) нафақат мавзуга оид ҳужжатларга, балки давлат режалаштиришининг барча жабҳаларига жорий этиш мажбуриятини аниқ белгилайди:

«Ўзбекистон 2030» стратегияси лойиҳасида Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ишсизлик даражасини 4 фоизгача (98-кўрсаткич) пасайтиришни мақсад қилган. Бироқ аёллар улуши кўрсатилмаса, бу кўрсаткичга фақат эркаклар бандлиги ҳисобига эришилиши мумкин, аёллар орасидаги ишсизлик эса ўзгаришсиз қолади. Шуни тушуниш муҳимки, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан назарда тутилган «Аёллар дафтари» орқали камбағалликдан чиқариш дастури (93-кўрсаткич) кўпроқ ижтимоий чора ҳисобланади, лекин тегишли вазирликда гендерга оид кўрсаткичлар белгиланмаса, бунга эришиб бўлмайди.
Қолаверса, 2030 йилга мўлжалланган стратегия лойиҳаси эркаклар ва аёллар иш ҳақи ўртасидаги мавжуд тафовутни эътиборга олмайди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизда аёллар эркакларга нисбатан 29 фоиз кам даромад олади. Шу сабабли, иш ҳақидаги гендер тафовутини камайтириш мақсади мавжуд эмаслиги 2030 йилга келиб бу адолатсизлик янада кучайиши мумкинлигини англатади. Шу билан бирга, энг юқори маошли соҳаларда гендер кўрсаткичлари эътибордан четда қолган. Масалан, Рақамли технологиялар вазирлиги 300 минг янги иш ўрни яратиш ва сунъий интеллект соҳасида 5 миллион етакчи тайёрлашни режалаштирмоқда (111- ва 284-кўрсаткичлар), лекин бунда аёллар улуши кўрсатилмаган. IT Park резидентлар сонини 7500 нафарга етказишни (275-кўрсаткич), резидентлар ёрдамида 100 минг иш ўрни яратишни (278-кўрсаткич) мўлжалламоқда. Бироқ гендерга оид кўрсаткичларсиз бу ёпиқ эркаклар клубига айланиб қолиши мумкин.
Стартаплар (283-кўрсаткич) ва даромадларда (276-кўрсаткич) аёллар улуши қайд этилмаса, саъй-ҳаракатлар гендер тенглигига эмас, балки энг юқори маош тўланадиган соҳада эркаклар устунлигининг мустаҳкамланишига олиб келиши мумкин. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 500 минг аёлни АКТга жалб қилиш вазифасини қўймоқда (88-кўрсаткич), бироқ бу мақсад тегишли вазирлик билан мувофиқлаштирилмас экан, ҳавода муаллақ қолиб кетади. Агар Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига қизларни AI ва Big Data соҳасига жалб қилиш масъулияти юклатилмаса, кўрсаткичларни бажариш бўйича ишлар соҳада ҳозир мавжуд гендер номутаносиблигидан келиб чиқиб амалга оширилади. Ахборот ва алоқа соҳасидаги ходимларнинг 64,7 фоизини эркаклар ташкил этар экан, гендер жиҳатлар эътиборга олинмаган кўрсаткичлар мавжуд рақамли тафовутни мустаҳкамлайди ёки ҳатто кенгайтиради.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизлар иқтисодий фаолиятда эркаклар билан бирдек иштирок этса, мамлакатда миллий даромад 29 фоизга ўсиши ва бу 700 мингдан ортиқ аҳолини камбағалликдан чиқариш имконини бериши мумкин. 2030 йилга мўлжалланган стратегия лойиҳасида экспортчилар сонини 15 мингтага ва рақамли хизматлар экспортини 5 млрд долларга етказиш режалаштирилган (254- ва 274-кўрсаткичлар). Бироқ бу рақамларда аёллар томонидан кўрсатиладиган хизматлар улуши белгиланмаган. Тайёр маҳсулот экспортини 70 фоизга етказиш (255-кўрсаткич) ва 200 та миллий брендни қўллаб-қувватлаш (257-кўрсаткич) режалаштирилган. Лекин аёллар корхоналари улуши бўйича аниқ кўрсаткичлар бўлмаса, бу ресурслар ҳозирда бозорда устунлик қилаётган эркаклар бизнесига йўналтирилиши мумкин. Ҳужжатда на креатив иқтисодиётда (298-кўрсаткич), на кичик бизнесда (267-кўрсаткич), на қўшни давлатлар билан савдо-сотиқда (422-кўрсаткич) хотин-қизларнинг ҳиссасини ошириш бўйича аниқ мақсадлар кўзда тутилмаган. Аёллар бизнесининг ЯИМдаги (299-кўрсаткич) ва бошқа кўрсаткичлардаги улушини аниқлаштирмасдан, давлат иқтисодиётнинг ҳақиқий ривожланиши учун зарур бўлган манзилли қўллаб-қувватлаш чораларини жорий эта олмайди.
Стратегияда стартаплар ва экспорт брендларининг ҳеч бирида гендер масаласи тилга олинмас экан, улар жамият томонидан эркаклар иши сифатида қабул қилинади. Давлат иқтисодиёт, саноат ва муҳандисликда муваффақиятли аёлларнинг янги намуналарини яратмайди, бу эса аёл раҳбар эмас, балки ёрдамчи деган стереотип қарашларни мустаҳкамлайди.
Стратегия 2030 лойиҳасида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш (20-кўрсаткич) ва битирувчиларни иш билан таъминлаш даражасини 70 фоизгача ошириш (21-кўрсаткич) режалаштирилган. Бироқ қизларни олий таълимга жалб қилиш ва уларни ишга жойлаштириш улушини кўрсатмасдан, қизларни ўқитишга йўналтирилган инвестициялар беҳуда кетиши мумкин. Чунки аёлларни ишга қабул қилишдаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган бирорта ҳам мақсадли кўрсаткич мавжуд эмаслиги сабаб бу тўсиқлар сақланиб қолаверади. Шунингдек, ушбу кўрсаткичлар тайёрлаш йўналишлари бўйича тақсимланиши муҳим — акс ҳолда, умумий фоизга шундоқ ҳам аёллар устунлик қиладиган соҳалар ҳисобига эришилиши мумкин бўлиб, аёлларнинг нуфузли ёки юқори маошли касбларга кириш имкониятининг ҳақиқий даражаси ўзгаришсиз қолади (лекин бу тармоқ стратегиясида ҳисобга олиниши мумкин).
Иқтидорли ёшларга инвестициялар (104−108-кўрсаткичлар), 3 миллион ёшларга тил ўргатиш (106-кўрсаткич) ва ўқитиш харажатларини қоплаш (100-кўрсаткич) каби мақсадли кўрсаткичларда қизлар учун квоталар аниқ белгиланиши лозим. Акс ҳолда, ижтимоий тўсиқлар (ўғил фарзанднинг таълимини қиз фарзанднинг таълимидан устун қўйиш) аёлларни яна четда қолдиради.
Стратегия 2030 лойиҳаси, шунингдек, 2000 дан ортиқ турли хил илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш билан бир вақтда илмий фаолиятни кучайтиришни ваъда қилмоқда (31−41-кўрсаткичлар). Бироқ қўллаб-қувватланадиган лойиҳаларнинг қанчаси аёллар раҳбарлигида бўлиши кўрсатилмаган. Бундай квотасиз аёл олимлар лаборант ва ассистент лавозимларида қолиб кетадилар, бюджетларни тақсимлаш ва лабораторияларга раҳбарлик қилиш эса эркакларнинг қўлида бўлади. Давлат илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро журналларда нашр этишга эътибор қаратишни режалаштирмоқда (448-кўрсаткич), лекин бу соҳада гендерга оид кўрсаткичларни жорий этмасдан туриб, Стратегия 2030 илм-фанда аёллар иккинчи планда қолаётган «шиша шифт»ни янада мустаҳкамлайди, холос. Бунда, шунингдек, аёлларга фақат ёрдамчи ёки гуманитар йўналишлар ажратилган бўлса, тадқиқотларда расмий вакиллик билан чекланиб қолмаслик учун илмий йўналишлар бўйича тақсимотни (эҳтимол, вазирликнинг тармоқ стратегиясида) назарда тутиш ҳам муҳим.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2 миллион фуқарога (99-кўрсаткич) касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва чет тилларини ўргатиш режалаштирилган, лекин бу дастур орқали қанча аёл ўқитилиши кўрсатилмаган. Агар аёллар улуши белгиланмаса, улар малакали мутахассис бўлиш ўрнига «эҳтиёжманд» тоифасида қолаверади. Ҳатто ишлаб турган кадрлар малакасини ошириш ҳақида гап кетганда ҳам (18-, 102-, 151-, 393-кўрсаткичлар), аёллар учун мақсадли кўрсаткичлар белгиланмаган. Бусиз, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш дастурлари эркакларни юқори малакали лавозимларга мустаҳкамлаш, аёлларга эса кам ҳақ тўланадиган ишларни қолдириш хавфини туғдиради.
206-кўрсаткич — 1000 нафар энергия аудиторини тайёрлаш алоҳида эътиборга лойиқ. Энергия самарадорлиги — янги, истиқболли ва юқори даромадли соҳа. Агар 2030 йилга мўлжалланган стратегияда ушбу соҳа мутахассисларини тайёрлашда аёлларнинг улуши кўзда тутилмаса, давлат уларни иқтисодиётнинг бу секторидан олдиндан четлаштирган бўлади.

Стратегия 2030 лойиҳасидаги маданият ва маърифатни ривожлантириш билан боғлиқ бандлар кўпроқ ўтмиш архивини эслатади, чунки янги ижтимоий қарашларни шакллантиришда маданиятнинг ролини бутунлай эътибордан четда қолдиради. Тўсиқлар ва стереотипларни ўзгартириш эса бошқа стратегик кўрсаткичларга эришиш учун ғоят муҳим.
Хусусан, 29-кўрсаткич кутубхоналарни 1 миллион дона замонавий адабиёт билан бойитишни ваъда қилмоқда. Бироқ гендер фильтрини қўлламасдан, давлат патриархал қарашларни тарғиб қилувчи адабиётлар тўпламини сотиб олиш хавфига дуч келади. Стратегия 2030 лойиҳасида аёллар томонидан ёзилган китоблар ёки етакчилик ва тенглик ғояларини илгари сурувчи адабиётларни харид қилиш учун квоталар белгиланмаган. Агар қишлоқ кутубхонасидаги қиз жавонларда аёл образини фақат «оила ўчоғини асровчи» сифатида кўрса, биз ўзимиз уни орзу-интилишлардан воз кечишга йўналтирамиз.
Стратегия давлат бюджети ҳисобидан ўнлаб фильм ва сериаллар яратишни режалаштирмоқда (157-, 158-, 162-, 163-кўрсаткичлар), «Ўзбек халқи ижоди ёдгорликлари»нинг 100 жилдлик тўпламини нашр этиш (131-кўрсаткич) ва театр постановкаларини ташкил қилиш кўзда тутилган. Бироқ кўрсаткичларда гендер стереотипларига барҳам берадиган, (зўравонликнинг олдини олиш мақсадида) ижобий оилавий меъёрларни тарғиб қиладиган ва аёлларнинг ҳиссасини янада яққолроқ намоён этадиган контент яратиш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Буларнинг барчаси маданиятни ўзгартириш имкониятининг қўлдан бой берилишидир. Агар маданиятда аёл ижодкор эмас, балки фақат объект сифатида қаралса, биз ҳеч қачон зўравонликни енга олмаймиз. Давлат буюртмаси ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси, «тарихий хотира» ва мавҳум «мерос»га қаратилган бўлса-да, медиа макон аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги кўзга ташланмаслиги ва ҳимоясизлигини мустаҳкамлашда давом этмоқда.
2030 йилга мўлжалланган гендер тенглигига эришиш стратегияси аёллар ва эркакларнинг роли ҳақидаги стереотипларни бартараф этишни талаб қилади. Бироқ стратегия 2030 лойиҳасида тегишли идораларда бу банд йўқ. Бундан келиб чиқадики, давлат бир томондан қарор қабул қилиш даражасида аёллар сонини кўпайтириш ёки болаларга нисбатан зўравонликка мутлақ муросасизликни шакллантириш каби кўрсаткичларга интилмоқда, лекин янги ижтимоий қарашларни шакллантириш учун ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Бу ҳолат давлат сиёсатида ички зиддият келтириб чиқаради: бир идора (Оила ва хотин-қизлар қўмитаси) аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилса, айни пайтда Маданият вазирлиги бунинг учун қулай маданий муҳит яратиш масаласини эътиборсиз қолдирмоқда.
84-кўрсаткичда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг улкан мақсади эълон қилинган: жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка тўлиқ тоқатсизлик маданиятини шакллантириш. Бироқ бу мақсад амалда ҳавода муаллақ турибди, чунки унга эришиш учун битта идоранинг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Агар Маданият вазирлиги ёки Маънавият марказининг режаларига назар солсак, у ерда зўравонликка қарши курашга қаратилган медиа контент, ижтимоий реклама ёки таълим дастурларига буюртмалар кўзга ташланмайди. Идоралараро ҳамкорлик бўлмаса, бу кўрсаткич чиройли рақамлигича қоғозда қолаверади.
Бундан ташқари, ҳужжат кўплаб ижтимоий ва тиббий муаммоларнинг туб сабабларини кўриб чиқмайди. Давлат туғма касалликларни камайтиришни мақсад қилмоқда (53-банд), бироқ Стратегия 2030 лойиҳасида ижтимоий назорат қилиш мумкин бўлган хавф омилларига, масалан, қариндошлар ўртасидаги никоҳларга қарши кураш назарда тутилмаган. Тадқиқотларга кўра, қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида болаларда туғма аномалиялар хавфи 2 баравардан кўпроқ ошади. Бироқ кўрсаткичларда қариндошлар ва эрта никоҳлар сонини камайтириш бўйича тизимли ишлар ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ (бу кўрсаткич, шунингдек, ҳозирда Стратегия 2030 лойиҳасида эътибордан четда қолаётган аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш соҳасида ҳам мақсад қўйган бўларди). Амалда давлат тиббий статистикани келтириб чиқарадиган ижтимоий амалиёт билан эмас, тиббий статистиканинг ўзи билан курашишни режалаштирмоқда.
2030 йил стратегияси лойиҳасида аёлларга нисбатан зўравонлик мавзуси деярли кўтарилмаган, баъзи кўрсаткичлар эса чиройли статистика учун бу масала яна эътибордан четда қолиши мумкинлигидан жиддий хавотир уйғотмоқда. Масалан, 92-кўрсаткичда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳар йили 17−19 минг низоли оилани яраштиришни таклиф қилмоқда. Бу БМТнинг халқаро тавсияларига тўғридан-тўғри зид бўлиб, унда зиддиятли ва можародан кейинги вазиятларда ярашув процедурасидан фойдаланиш тақиқланади. Зўравонлик келтириб чиқарадиган куч номутаносиблиги шароитида мажбурий яраштирув муаммони ҳал қилмайди, аксинча жабрланувчини хавфли муҳитга қайтаради, уни ҳимоя ва тажовузкорни адолатли жазолаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг маҳаллаларда жиноятчиликни 54 фоизга камайтириш ва жиноятсиз маҳаллалар кўрсаткичини 40 фоизга етказиш бўйича кўрсаткичлари (409−410) ҳам шундай хавотир уйғотади.
Назарий жиҳатдан бу ижобий эшитилиши мумкин. Лекин амалда, агар кўрсаткич фақат умумий рақамларнинг пасайишига қаратилган бўлса, бу жиноятларни яшириш хавфини туғдиради. Масалан, участка нозирлари статистикани бузмаслик учун оиладаги зўравонлик ҳақидаги аризаларни қабул қилишдан бош тортишлари мумкин. Аёлларга нисбатан зўравонликни аниқлаш ва унга қарши курашиш бўйича алоҳида кўрсаткичсиз хавфсиз жамиятга эришолмаймиз.
Энг хавотирли бўшлиқ — 2026 йилга мўлжалланган режаларда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқишнинг бутунлай йўқлиги, ваҳоланки бу ҳужжат ушбу муаммога қарши фаол курашаётган мамлакатларда мажбурий ҳисобланади. Мисол учун, Буюк Британияда бир ой олдин Аёллар ва қизлар учун хавфсиз жамият яратиш бўйича янгиланган Идоралараро стратегия эълон қилинди, унга аёлларга қарши кибержиноятчиликка қарши кураш ҳам киритилган. Стратегия 2030 лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш (84-кўрсаткич) тилга олинса-да, аёллар яна эътибордан четда қолмоқда. Мамлакатда аёлларни камситиш ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун мавжуд бўлишига қарамай, узоқ муддатли стратегик режалаштириш бўлмас экан, зўравонликка қарши кураш фақат шов-шувли вазиятларга жавоб бериш билан чекланиб қолади.
Стратегия 2030 лойиҳасининг умумий гендер кўрлиги фонида Олий суд алоҳида ажралиб туради. Бу аниқ гендер кўрсаткичини ўз ичига олган ягона орган: аёл судьялар улушини 30 фоизга етказиш (406-кўрсаткич). Бу раҳбариятнинг гендер сезгирлиги ва сиёсий иродаси мавжуд бўлса, аёллар иштирокини ошириш бўйича аниқ кўрсаткичларни жорий этиш мумкинлигини исботлайди. Бироқ Адлия вазирлиги адвокатлар сонининг ўсишини режалаштиришда (413-кўрсаткич), Ички ишлар вазирлиги эса ИИВда аёллар сонини кўпайтиришда шунга ўхшаш мақсадларни белгиламаган (уларда бу борада кўрсаткичлар умуман йўқ, ваҳоланки, масалан, терговда аёллар кўпинча одил судлов тизими билан биринчи мулоқот нуқтаси ҳисобланади). Шу билан бирга, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил бошида аёл судьяларнинг улуши 14 фоизни, ички ишлар органларидаги аёллар улуши эса (2024 йил бошида) 8,8 фоизни ташкил этган. Миллий стратегия даражасида аёлларнинг қарор қабул қилишда иштирокисиз ҳуқуқий тизим бир томонлама бўлиб қолишини тушуниш зарур.

Маҳаллаларда бюджетни тақсимлаш масалалари (359−360-кўрсаткичлар) 24 трлн сўм миқдорида ва камида 3 баробар оширилишида ҳам гендер жиҳатлари эътиборга олинмаган. Жаҳон банки тадқиқотлари аёллар ва эркаклар шаҳар муҳитидан турлича фойдаланишини тасдиқлайди. Қоронғи тор кўчаларнинг ёритилиши, жамоат транспортининг қулайлиги, болалар боғчалари ва тиббиёт муассасаларининг яқинлиги — булар аёлларнинг хавфсизлиги ва иқтисодий фаоллигига бевосита таъсир қиладиган масалалардир. «Ташаббусли бюджет»нинг маълум фоизини аёллар ва ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг ўзига хос муаммоларини ҳал қилувчи лойиҳаларга йўналтириш бўйича мажбурий талаб бўлмаса, бу триллионлар аҳолининг фақат бир қисми учун қулай муҳит яратишда давом этади (масалан, пиёдалар йўлакларини барпо этиш ўрнига автомобиль йўлларини кенгайтириш).
Стратегия 2030 лойиҳасида сув ресурсларини бошқариш масаласи фақат техник ва муҳандислик масаласи сифатида тақдим этилган. Бироқ айнан аёллар уй хўжаликлари ва қишлоқ жойларида сувнинг асосий «бошқарувчилари» ҳисобланади. Стратегия 2030 лойиҳасида аёлларнинг фикри ва эҳтиёжлари қандай ҳисобга олинган? Афсуски, ҳеч қандай. 323-кўрсаткич 2 мингдан ортиқ сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида бошқарувга топширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, кўрсаткичларда аёл бошқарувчиларнинг улуши кўрсатилмаган. Агар сув тақсимоти бўйича қарорларни фақат эркаклар қабул қилса, уй хўжаликлари ва томорқа хўжаликларининг (асосан аёллар меҳнат қиладиган жойлар) эҳтиёжлари иккинчи даражали бўлиб қолиши мумкин.
Давлат аҳолининг 36 фоизини спорт билан қамраб олишни (115-кўрсаткич), умумтаълим мактабларида спорт билан шуғулланиш имкониятларини яратишни (120-кўрсаткич) ҳамда разрядли ва унвонли спортчилар сонини 25 мингтага етказишни режалаштирмоқда. Буларнинг барчаси фақат миқдорий вазифалар сифатида тақдим этилмоқда. Лекин БМТ Хотин-қизлар ташкилотининг халқаро тавсиялари огоҳлантиради: «бетараф» инфратузилма амалда ҳар доим эркакларга хизмат қилади. Шу сабаб, кўплаб қизлар хавфсизлик, шахсий дахлсизлик ва руҳий қулайликнинг асосий шартлари йўқлиги туфайли спортдан воз кечадилар: Олимлар исботлаганидек, қораланиш қўрқуви ва ўғил болаларнинг спорт майдончаларида устунлик қилиши — қизларнинг ўсмирлик даврида спортни ташлаб кетишининг асосий сабабларидир. Бундан ташқари, 123-кўрсаткичда (спорт соҳасидаги ходимларнинг 85 фоизи олий маълумотли бўлиши керак) аёл мураббийлар бўйича мақсад белгиланмаган. Бу муҳим, чунки аёл мураббийлар ва ибрат олса бўладиган аёлларнинг йўқлиги қизлар учун, айниқса, анъанавий ҳудудларда яна бир тўсиқдир. Спорт вазирлигининг режаларида гендер кўрсаткичлари бўлмаса, инфратузилмага киритилган сармоялар аҳолининг фақат бир қисмининг соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш режалаштирилган бўлиб, кўрсаткичлар орқали поезд ва самолётларда миллионлаб саёҳатлар амалга оширилиши кўзда тутилган (230-, 234-, 287-кўрсаткичлар). Бироқ анъанавий жамиятда аёлнинг ҳаракатчанлиги кўпинча оила ёки эрнинг «рухсати» билан чекланади. Аёллар туризми ва ҳаракатланиши бўйича кўрсаткичларнинг мавжуд эмаслиги давлатнинг паст мобиллик муаммосини тан олмаётганини ҳамда уни инфратузилма ва хавфсизлик орқали ҳал этишга интилмаётганини англатади.
Бошқа соҳаларда ҳам аёллар эътибордан четда қолган. Масалан, уюшган малакали миграция улушини ошириш режалаштирилмоқда (431−433-кўрсаткичлар), лекин гендер жиҳатига эътибор қаратилмаган ушбу режалар хавф туғдиради. Мигрант аёллар энг заиф тоифага киради, агар келишувлар ёки тайёрлов дастурлари уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмаса, улар эксплуатация хавфи билан юзма-юз қолишлари мумкин. Бундан ташқари, ҳатто ватандошлар учун мўлжалланган «Анор» ва «Чинор» лойиҳалари (428, 429, 450-кўрсаткичлар) ҳам аёллар улушини ажратиб кўрсатмаётгани ачинарли, чунки гендер сезгир дастурларнинг йўқлиги диаспоралардаги аёллар салоҳиятини йўқотишга олиб келиши мумкин.
Умуман олганда, ҳужжат лойиҳасида аёлларнинг елкасидаги уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириши мумкин бўлган парвариш иқтисодиёти ва тегишли инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсаткичлар бутунлай мавжуд эмас. Кексаларни соғломлаштириш режалари (69-, 94-кўрсаткичлар), ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ва бўш вақтини ташкил этиш (81-, 82-кўрсаткичлар) ҳам, афсуски, гендер жиҳатидан эътибордан четда қолган. Ногиронлиги бўлган аёллар икки томонлама камситишга дуч келмоқда, бироқ стратегия лойиҳаси ҳозирда бу муаммони эътиборсиз қолдирмоқда.
Аёлларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улушини 30 фоизга етказиш тўғрисидаги 87-кўрсаткич ҳам, агар «расмиятчилик» учун эмас, ҳақиқий етакчилик ҳақида гап кетса, яккалангандек кўринади. Аёл 2030 йилда раҳбар бўлиши учун у тизимга бугун кириши, малака ва ресурсларга эга бўлиши керак. Лекин стратегия 2030 лойиҳаси ҳар бир босқичда бу йўлни тўсиб қўймоқда. Масалан, давлат бошқарувида бошқарув ва экспертлик тоифасидаги лавозимларга фақат танлов орқали карьера модели асосида тайинлаш режалаштирилмоқда (390-кўрсаткич). Бироқ агар ушбу «кириш фильтри»да ва кадрлар захирасида аёлларнинг улуши белгиланмаган бўлса, карьера пиллапояси эркакларга хос бўлиб қолаверади.
Давлат дастурларини амалга оширишга камида 80 та ННТни жалб этиш режалаштирилган (396-кўрсаткич), бироқ бу ташкилотларнинг қанча қисмига аёллар раҳбарлик қилиши кераклиги кўрсатилмаган. Бу ижтимоий сиёсат учун анъанавий кадрлар манбаи бўлган фуқаролик секторида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш имкониятини бой бериш демакдир. Давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат харидларини ташкил этишда ҳам аёллар эътибордан четда қолмоқда. Агар давлат харидларида (416-кўрсаткич) ва давлат хизматларини хусусий секторга ўтказишда (379-кўрсаткич) аёллар бошчилигидаги корхоналарга имтиёзлар берилмаса ёки ҳеч бўлмаганда ҳисобга олинмаса, улкан бюджет маблағлари аёллар бизнесини четлаб ўтади. Агар аёлларнинг эксперт гуруҳлари, адвокатура (413-кўрсаткич) ва ННТ раҳбарлари сафига кириб келиши учун шароитлар яратилмаса, давлат бошқарувида ҳақиқий етакчи аёлларнинг 30 фоизи пайдо бўлиши имконсиз. Етакчилик қоғоздаги кўрсаткичлардан ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди — бу ҳозирда стратегия лойиҳасида гендер жиҳатдан ёпиқ бўлиб қолаётган тизимнинг барча институтларидан ўтиш натижасидир.
Шундай таассурот уйғонадики, стратегия кўрсаткичлари ҳар бир давлат органи томонидан бир-биридан мустақил равишда тақдим этилган ва шундан сўнг идоралараро ҳамкорлик нуқтаи назаридан стратегик жиҳатдан мувофиқлаштирилмаган ва таҳлил қилинмаган. Натижада, ҳужжат бир-биридан ажратилган ҳаракатлар тўпламига айланди, бунда «аёллар масаласи» учун одатдагидек фақат битта орган жавобгар бўлиб қолмоқда.

Шуни тушуниш муҳимки, гендер сезгир кўрсаткичлар фақат аёллар учун муҳим эмас: умумий ва гўёки нейтрал рақамлар эркаклар дуч келаётган муаммоларни яширади. Масалан, 42-кўрсаткичда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш режалаштирилган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги аллақачон ушбу рақамга яқин — 77,3 ёшни ташкил этади. Эркаклар эса умумий кўрсаткични пасайтирмоқда — уларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги атиги 72,9 ёш.
Гендер сезгир кўрсаткичларни жорий этиш зарурати чекишга қарши кураш мисолида янада яққолроқ намоён бўлади: давлат тамаки истеъмоли даражасини 14,7 фоиздан оширмасликни режалаштирмоқда (74-кўрсаткич), бироқ аёллар орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчилар улуши 0,2 фоизни, эркаклар орасида эса 23,5 фоизни ташкил этади (Миллий статистика қўмитаси маълумотлари, 2024 йил).
Бу ҳужжат мамлакатни ривожлантириш ва келгуси бир неча йилга бюджетни тақсимлаш учун асос яратишини тушуниш муҳим. Бироқ кўрсаткичларда аёллар ижтимоий-сиёсий, илмий ва иқтисодий ўзгаришларнинг фаол иштирокчилари сифатида кўрсатилмаган бўлса, бюджет маблағлари ҳам беихтиёр гендер тафовутини кучайтиришга хизмат қилади. Стереотиплар ҳали ҳам аёлларнинг итоаткорлигини мустаҳкамлайдиган жамиятда, гўё бетараф стратегия ва вазирликлар режаларида аниқ рақамларнинг йўқлиги вазият ўзгармаслигини англатади. Иқтисодиёт, инновация, муҳандислик, транспорт, сув таъминоти ва миграция масалалари аёлларга ҳам тааллуқли эканини тан олиш вақти келди.
«Ўзбекистон 2030» стратегияси лойиҳаси иқтисодиётни маиший ҳаётдан айри ҳолда кўради: экспорт ва сунъий интеллектга оид рақамлар бор, лекин шу пайтда болаларни ким парваришлаётгани, аёллар нима учун илм билан шуғулланмаётгани кўрсатилмаган. Стратегия фақат эркакларнинг эмас, балки аҳолининг 100 фоизи манфаатларини ҳимоя қилиши учун гендер тенгликни расмиятчилик учун алоҳида банд ёки идора доирасида беркитишни бас қилиш керак. Ҳар бир кўрсаткич жамиятнинг ҳар иккала қисми манфаатларини ҳисобга олиши ва гендер сезувчан бўлиши лозим. Акс ҳолда, беш йилдан сўнг, ислоҳотлар нима учун тўхтаб қолгани ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятидан фақат ярмигина фойдаланилаётганига яна ҳайрон бўлаверамиз.
Ирина Матвиенко, Гендер, сиёсат ва тенгсизлик бўйича магистр (LSE — London School of Economics and Political Science), Ўзбекистонда зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳа асосчиси.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.