Кўп тилга олинаётган дунё тартиби трансформацияси ўзи нима? Сиёсатшунос фикрлари

Кўп тилга олинаётган дунё тартиби трансформацияси ўзи нима? Сиёсатшунос фикрлари

Сўнгги йилларда сиёсатчилар, журналистлар ва академик доира вакиллари дунё тартибининг шиддат билан трансформацияланиши ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда. Аммо бу тушунча ортида айнан нима ётибди? Халқаро муносабатлар тизими ўзгариб бораётган шароитда дунё тартибини қандай тушуниш керак? Ва ушбу жараёнлар Марказий Осиё ҳамда Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга?

Сиёсий фанлар доктори, доцент Шуҳрат Тажиевнинг колонкаси шу ҳақида.

Дунё тартиби нима?


Дунё тартиботи давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик тизимидир. У глобал миқёсда ҳокимиятнинг тақсимланиши ва хулқ-атвор меъёрларини белгилаб беради.

Бу мавҳум тушунча эмас, балки давлатлар ва давлат бўлмаган иштирокчилар бир-бирлари билан алоқа қиладиган умумэътироф этилган тамойиллар, қоидалар ва институтлардир. Шу орқали улар муайян тарихий босқичда дунёдаги сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатади. Ушбу тизим марказида ҳамон давлатлар қолмоқда, улар ўртасида эса иштирокчиларнинг кўпчилиги томонидан қабул қилинадиган кучлар ва муносабатларнинг муайян мувозанати шаклланади.

Соддароқ қилиб айтганда, бу ким ким билан ва қайси қоидалар асосида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги келишувлар тўпламидир. Бу нималар мумкинлиги ва нималар қоидабузарлик ҳисобланишини англатади. Токи ушбу қоидалар ишлар экан, дунё бошқарилувчан бўлиб қолаверади — ҳатто у адолатсиз ва низоларга бой бўлса ҳам. Айнан мана шу тизим халқаро муносабатларда нисбий барқарорлик ва прогноз қилиш имкониятини таъминлаб, ҳалокатли сценарийлар, энг аввало, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган кенг масштабли урушлар ривожланишини жиловлаб туради.

Бугунги кунда БМТ низоми дунё тартибининг асоси бўлиб қолмоқда. У халқаро ҳамкорликнинг асосий тамойилларини: суверенитет, ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлиги ҳамда катта ва кичик давлатларнинг расмий тенглигини мустаҳкамлаб беради. Бугунги кунда ҳам бу «лангар» ҳамон ўз жойида турибди, бироқ унинг занжири сезиларли даражада заифлашган.

Тартибни сақлаб туриш халқаро ташкилотлар ва институтларнинг фаолиятига боғлиқ. Улар расмий ва норасмий хулқ-атвор меъёрларини ишлаб чиқади ва тарқатади, шунингдек, манфаатларни келишиб олиш учун майдон бўлиб хизмат қилади. Халқаро муносабатларнинг бошқариб бўлмайдиган хаосга қараб кетишидан тийиб турувчи умумэътироф этилган қадриятлар тизими ҳам худди шундай муҳим роль ўйнайди.

Шу билан бирга, дунё тартиби мутлақо барқарор тизим эмас. Бу вақтинчалик муросадир. У ўзаро боғлиқ бўлган давлатлар ва давлат бўлмаган субъектлар ўртасидаги шунчаки ярим барқарор мувозанатни (semi-stable equilibrium) ифодалайди. Муайян вақтгача асосий иштирокчилар статус-квони бир томонлама қайта кўриб чиқишдан манфаатдор бўлмайди. Бироқ тарих шуни кўрсатадики, тартибдаги ўзгаришлар ҳам босқичма-босқич ва нисбатан тинч йўл билан, ҳам йирик урушлар, низолар ва зўравонликлар орқали содир бўлиши мумкин.

Тарихда қандай дунё тартиблари бўлган?


Вестфалия тартиби (1648 йил)

У XVII асрнинг ўрталаридан XVIII аср охири — XIX аср бошларигача мавжуд бўлган. Бу тартибот Европада католиклар ва протестантлар ўртасидаги Ўттиз йиллик урушни якунлаган 1648 йилдаги Вестфалия тинчлик шартномаси натижасида ўрнатилган. Унинг асосий тамойиллари монархиялар суверенитети, давлатларнинг юридик тенглиги ва ички ишларга аралашмасликдан иборат эди.

Ушбу тартибот халқаро ҳуқуқнинг трансформацияси ва асосий иштирокчиларнинг ўзгариши сабабли парчаланди: ҳокимият легитимлиги монархнинг тахтга бўлган ҳуқуқига асосланган династик суверенитет ўрнини миллатни ҳокимиятнинг ягона манбаи деб эълон қилувчи халқ суверенитети концепцияси эгаллади.

XVIII аср охиридаги инқилоблар силсиласи билан янада кучайган бу жараён монархик чегараларнинг дахлсизлиги ҳақидаги аввалги консенсусни вайрон қилди ва миллий давлатларнинг босқичма-босқич шаклланишига олиб келди.

Вена халқаро муносабатлар тизими

У 1815 йилдан 1914 йилгача мавжуд бўлган ва Наполеон урушларидан кейин Вена конгресси қарорлари асосида шаклланган. Унинг асосий тамойиллари кучлар мувозанати ҳамда тартибни сақлаш учун буюк давлатларнинг жамоавий масъулиятидан иборат эди.

Вена тизими индустриялашув ва миллий давлатларнинг янада ўсиши, милитаризация ҳамда буюк давлатлар ўртасидаги зиддиятларнинг кескинлашуви натижасида парчаланди ва бу Биринчи жаҳон урушига олиб келди.

Версаль-Вашингтон тизими

Ушбу тизим 1920-йилларнинг бошларидан 1930-йилларнинг охиригача амал қилган. У Биринчи жаҳон уруши якунларига кўра шаклланган. Тизим Европадаги урушдан кейинги тартибни белгилаб берган Версаль тинчлик шартномаси ҳамда Тинч океани минтақасидаги кучлар мувозанатини белгиловчи Вашингтон конференцияси келишувлари билан мустаҳкамланган эди. Унинг асосий тамойиллари жамоавий хавфсизлик ва қуролланишни чеклашдан иборат бўлган.

Кўп тилга олинаётган дунё тартиби трансформацияси ўзи нима? Сиёсатшунос фикрлари
Биринчи жаҳон урушини якунлаган тинчлик шартномасининг имзоланиши, Версаль. Франция, 1919 йил. Фото: АҚШ Конгресси кутубхонаси / Британника энциклопедияси

Тизим ўз механизмларининг заифлиги туфайли парчаланди. БМТнинг ўтмишдоши бўлган Миллатлар Лигаси тинчликка мажбурлаш имкониятларига эга эмас эди, шу сабабли жамоавий хавфсизлик тамойили фақат декларатив бўлиб қолди. 1929 йилда АҚШда бошланган Буюк депрессия бутун дунё бозорларига таъсир кўрсатиб, давлатларни ўз иқтисодиётини ҳимоя қилишга мажбур этди. Бундан ташқари, Версаль шартномасининг Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлган давлатларга нисбатан қўйган қатъий шартлари уларда, айниқса, Германияда реваншистик кайфиятларнинг кучайишига олиб келди.

Ялта-Потсдам тизими

Ушбу тартибот 1945 йилдан кейин, Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра шаклланди. Аввалига у СССР ва АҚШ ўртасидаги икки қутбли қарама-қаршилик шаклида мавжуд бўлди, 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин эса Қўшма Штатлар устуворлик қилган «бир қутбли лаҳза» кўринишига ўтди.

Бугунги кунда ушбу модель босқичма-босқич ўз барқарорлигини йўқотмоқда: янги куч марказлари пайдо бўлмоқда, манфаатлар мувозанати ўзгармоқда, давлатларнинг хатти-ҳаракатлари эса тобора тез-тез аввалги қоидалар доирасидан чиқиб кетмоқда.

Ҳозир нималар бўляпти?


Замонамизнинг асосий ўзгариши шундаки, аввалги даврлардан фарқли ўлароқ, куч-қудрат энди фақат давлатларгагина тегишли эмас. Ҳатто етакчи давлатлар ҳам кўп жиҳатдан бевосита давлат назоратидан чиқиб кетган давлатлараро тузилмалар, трансмиллий корпорациялар, халқаро нодавлат ташкилотлар, медиа ва ижтимоий ҳаракатларнинг ролини ҳисобга олишга мажбур бўлмоқда.

Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши билан трансмиллий ижтимоий макон шаклланди. Одамлар ахборотни нафақат расмий каналлар орқали, балки мустақил равишда олмоқда ва талқин қилмоқда. Бу эса ижтимоий фикрнинг сиёсий қарорларга таъсирини кучайтиради. Масалан, Ғазодаги воқеалар деярли тўғридан-тўғри трансляция режимида миллионлаб одамларнинг кайфиятига таъсир кўрсатди ва турли мамлакатлардаги сиёсатчиларга босим ўтказди.

Низоларнинг мантиғи ҳам ўзгармоқда. Замонавий урушлар тобора кўпроқ нафақат ҳудудлар ва ресурслар учун, балки инсонлар онги учун — «юмшоқ куч», ахборот ва мафкуравий технологиялар воситаларидан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда.

Бундай манзара фонида дунё сиёсати етакчилари ўртасидаги рақобат тобора кескин тус олмоқда. Ҳарбий-сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий низолар халқаро кун тартибини шакллантириш ва ўйин қоидаларини белгилаш ҳуқуқи учун кураш билан бирга кечмоқда. Ким қоидаларни ўрнатса — ўша дунё тартиботига таъсир кўрсатмоқда.

Айтиш мумкин бўлган адолатли фикр шуки, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ушбу жараёнларга қўшимча динамика бахш этди. Дональд Трампнинг Тинчлик кенгашини тузиш ҳақидаги ташаббуси бунга яққол мисол бўла олади — бу аслида БМТ самарадорлиги инқирозга учраган бир пайтда глобал бошқарувнинг муқобил механизмидир. Ғоя муаллифларининг фикрига кўра, янги институтлар АҚШнинг етакчи роли остида шаклланиши керак — бундай ёндашув эса ҳатто Вашингтоннинг иттифоқчилари ўртасида ҳам жиддий келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Кўп тилга олинаётган дунё тартиби трансформацияси ўзи нима? Сиёсатшунос фикрлари
Тинчлик кенгашини таъсис этиш маросими. Швейцария, 2026 йил январь. Фото: Оқ уй.

Шу сабабли ўрта ва кичик давлатлар ҳамда давлат бўлмаган иштирокчиларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилишга ва дунё тартиботи трансформациясида тобора фаолроқ иштирок этишга интилиши табиий ҳолга айланмоқда. Ҳар ҳолда, Канада бош вазири Давос учрашувидаги ўз нутқида айнан мана шу ғояни илгари суришга ҳаракат қилди.

Бу нима учун содир бўлмоқда? «Америка ҳамма нарсадан устун» тамойили нафақат ички сиёсатда ўз манфаатларига эргашишни (миграцияни чеклаш, ишлаб чиқаришни қайтариш ва технологиялар экспортини чеклаш, умуман олганда, Америка иқтисодиёти манфаатларини ҳимоя қилишни) англатади. Бу, шунингдек, иттифоқчиликнинг қатъий шартлари, иттифоқчилар позициясини аввалгидек сўзсиз қўллаб-қувватлашдан воз кечиш ва хавфсизлик кафолатлари демакдир.

Масалан, европаликлар билан муносабатларда АҚШ мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача ошириш талабини қўймоқда, буни ҳозирги иқтисодий шароитда белгиланган муддат — 2035 йилгача бажариш жуда қийин. Шунингдек, Вашингтон Европанинг сўнгги ўн йилликлардаги сиёсий-мафкуравий қарашларини танқид қилмоқда.

Ўз манфаатларини ҳимоя қилишда мустақилроқ бўлиш ва АҚШ билан савдо қилишнинг янги шартларини бажариш талаблари Осиёдаги иттифоқчилар — Япония ва Жанубий Кореяга ҳам қўйилмоқда. Канадага эса умуман мустақилликдан воз кечиш ва АҚШ таркибига кириш таклиф этилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, АҚШ ташқи сиёсатининг Лотин Америкаси йўналиши Американинг «Монро доктринаси» қайта тикланаётган даврни бошдан кечирмоқда.

АҚШнинг Гренландия бўйича Данияга қўяётган талаблари билан боғлиқ кейс, айниқса, эътиборга лойиқ. Илгари бундай масалалар уруш, шартнома ёки сотиб олиш орқали ҳал қилинган. Бугунги кунда биз гибрид ёндашувни кузатмоқдамиз, бунда босим сиёсийдан тортиб иқтисодийгача бўлган ҳар қандай шаклни олиши мумкин. Ва буларнинг барчаси стратегик аҳамиятга эга бўлган «муз бўлаги» учун амалга оширилмоқда.

Дунё тартиботи ҳақида гапирилганда, уни одатда замонавий қутбланиш моделлари — икки қутбли, бир қутбли ёки кўп қутбли тизимлар билан боғлаш қабул қилинган. Бугунги воқелик бошқа етакчи дунё иштирокчиларининг манфаатларини ҳам ушбу моделларга мослаштиришни қатъий талаб этмоқда. Айнан шу сабабдан АҚШнинг асосий геосиёсий рақиблари бўлмиш Россия ва Хитой кўп қутблилик тарафдори бўлиб чиқмоқда, чунки бу, табиийки, уларнинг манфаатларига жавоб беради. Ўз стратегик мақсадларини амалга ошириш учун ушбу давлатлар нафақат глобал концепцияларни илгари сурмоқда, балки ўзларининг минтақавий тартиботларини ҳам барпо этмоқда.

Дунё тартиботининг ўзгаришига объектив жараёнлар ҳам таъсир кўрсатмоқда: технологик сакраш, сунъий интеллектнинг ривожланиши, коинот ва рақамли технологиялар, трансчегаравий экологик ва техноген хавф-хатарларнинг кучайиши, иқлим ўзгариши, шунингдек, тариф урушлари, минтақавий низолар, ривожланишдаги тенгсизлик ва мафкуравий ихтилофлар. Буларнинг барчаси жамланиб, халқаро муносабатларнинг аввалги архитектурасини емириб бормоқда.

Шу тариқа, шу вақтгача қарор топган дунё тартиби ҳам етакчи давлатлар ва бошқа куч марказларининг сиёсатига, ҳам инсоннинг бевосита назоратидан ташқарида бўлган омилларга жавобан аста-секин трансформация йўлидан бормоқда.

Марказий Осиё ва Ўзбекистон — ўтиш даври шароитида


Ўрта ва кичик давлатлар учун бу вазият, айниқса, сезиларлидир. Етакчи кучлар ўртасидаги кескинликнинг ортиши ва глобал институтларнинг заифлашуви уларни минтақавий тартиботларни мустаҳкамлашга ундамоқда. Яъни шакл жиҳатдан турлича бўлган минтақавий бирлашмалар дунё тартиботининг муҳим пойдеворига айланмоқда.

Гап глобаллашувнинг тўхташи ҳақида кетмаяпти. Дунёнинг турли қисмларида минтақавий қурилишнинг ривожланиши жаҳон ҳамжамиятининг янги чақириқ ва таҳдидларга ўзига хос жавоби сифатида намоён бўлмоқда. Халқаро маконнинг минтақалашуви янги дунё тартиботи — «минтақаларнинг жаҳон тизими» ёки «глобал минтақаларнинг дунё тартиботи» шаклланиши учун асос бўлмоқда.

Марказий Осиё айнан мана шу йўналишда ҳаракат қилмоқда. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида умумий ташаббусларни илгари суриш билан бирга, минтақадаги бешта давлат босқичма-босқич ўзларининг минтақавий тартиботини шакллантирмоқда. Бу тартиб ташқи дунё учун очиқ бўлиб, умумий манфаатларни прагматик ҳисобга олишга асосланган. Ушбу жараён ўзаро ишончнинг ортиши, мулоқотнинг институционаллашуви ва минтақавий мувофиқлаштиришнинг барқарор шаклларини излаш билан бирга кечмоқда.

Кўп тилга олинаётган дунё тартиби трансформацияси ўзи нима? Сиёсатшунос фикрлари
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta

Иқтисодий ва сиёсий оқимлар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон турли блоклар орасидан бирини танлаш эмас, балки ташқи мувозанатни сақлаш заруриятига дуч келмоқда. Ўзбекистоннинг кўп томонлама ташқи сиёсати доктринал, яъни узоқ муддатли ва барқарор хусусият касб этди.

Бу сиёсатда ташқи кафолатларни излаш эмас, балки ички барқарорликни — иқтисодий, ижтимоий ва институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш асосий омил бўлиб хизмат қилади. Глобал ноаниқлик шароитида мослашувчанлик қобилияти асосий ресурсга айланмоқда.

Минтақавий жараёнлардан фойдаланиб, Ўзбекистон қарорлар қабул қилишда мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш, алоқаларни кенгайтириш ва қўшнилар билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали ўз позицияларини мустаҳкамлаши мумкин. Замонавий дунё қатъий қоидалар билан эмас, балки таъсирлар мувозанати орқали бошқарилишини англаш янада самарали ва реалистик стратегия тузиш имконини беради.

Энди-чи?


Биз аввалги дунё тартиботининг ниҳоясида эмас, балки даврлар оралиғидаги паузада яшамоқдамиз. Бир қутблилик кетмоқда, аммо кўп қутблилик ҳали тўлиқ шакллангани йўқ. Эски ва янги тартиб ўртасидаги ўтиш босқичига кираётган дунё вазмин ва эътиборли ёндашувни талаб қилади. Ўзбекистон учун бу блоклар ўртасидаги пойгада иштирок этиш эмас, балки барқарорликни ва қарорлар қабул қилишда мустақилликни сақлай билишни англатади.

Эски институтлар ҳали ҳам мавжуд, аммо улар энди ўйин қоидаларини тўлиқ белгилаб бера олмаяпти, янгилари эса эндигина шаклланмоқда. Янги таъсир марказлари ўрнатилган институтлар муносабат билдиришга улгуришидан кўра тезроқ пайдо бўлмоқда.

Халқаро қоидалар ва келишувлар ҳали ҳам универсал бўлиб қолмоқда, бироқ минтақавий иштирокчиларнинг кучи ва иқтисодий манфаатлар тобора кўпроқ воқеалар якунини белгилаб бермоқда. Шу билан бирга, халқаро муносабатларнинг асосий тамойиллари — давлатлар суверенитети ва мустақиллиги, чегаралар дахлсизлиги шаклан сақланиб қолмоқда.

Бундай шароитда бир томонламаликка интилувчилар эмас, балки ички мустаҳкамликни сақлай оладиган, содир бўлаётган воқеаларни соғлом баҳолайдиган ва ўзгарувчан воқеликка мослаша оладиганлар ютиб чиқади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.