Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 8 йилда мамлакатимизда 120 миллион квадрат метр ёки 600 мингдан зиёд хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм арзон ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилди.
Қурилиш ишларининг кўлами кенгайгани қурилиш материаллари саноати ривожига туртки бериб, кўплаб ҳудудларнинг «драйвери»га айланди. Хабарга кўра, урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етди.
Шу билан бирга, президент бу суръат етарли эмаслигини таъкидлади. Ўзбекистонда ҳар йили 200 мингга яқин янги оила ташкил топмоқда, бу эса уй-жой, йўллар ва ижтимоий инфратузилмага талабни оширмоқда.
Ҳозирда аҳолининг бир киши бошига ўртача 18,9 квадрат метр турар жой майдони тўғри келмоқда. Бу кўрсаткични камида 23 квадрат метрга етказиш учун 2040 йилгача янги уй-жой қурилиши суръатини 280 мингтага ошириш лозим.
Шу муносабат билан урбанизация бошқаруви янги тизимга мувофиқ қайта тузилмоқда: алоҳида қўмита (Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси) ташкил этилди ва унга қурилиш ҳажмини босқичма-босқич ошириш вазифаси юклатилди. 2025 йилда 135 000 та квартира қуриш режалаштирилганди. 2026 йил учун режа 140 000 та, 2027 йилда 150 000 та ва 2028 йилда 160 000 та квартирани ташкил этади.
Давлат раҳбари бизнес ва стартаплар ривожи учун шароит яратиш, саноат ва АТ кластерларини шакллантириш, меҳнат унумдорлигини оширишда ақл билан ташкил этилган урбанизация муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тақдимотда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли пунктлари тартибсиз кенгайиб бориши айрим ҳудудларда келгусида экин ерларининг танқислигига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан эскирган уй-жой фондини янгилаш, уй-жой қурилишида реновация улушини ошириш зарурлиги таъкидланди. Бунда реновация ҳиссасини ҳозирги 15 фоиздан 2040 йилга қадар 60 фоизга етказиш, «Янги Ўзбекистон» массивларини қуришни кенгайтириб, 120 тага етказиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳозирги вақтда қурилиш соҳасидаги рухсат олиш жараёнлари 9 та босқичдан иборат бўлиб, ўртача 90−120 кун вақт талаб қилмоқда. Шу билан бирга, халқаро амалиётда «қурилишга тайёр ер» механизми орқали бу ишларга кетадиган вақт 7−15 кунни ташкил этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Президентга Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш тизимни жорий этиш таклиф қилинди: участкалар аукцион савдосига қўйилишидан олдин барча тайёргарлик жараёнлари якунланади ва ғолиб автоматик равишда тўлиқ ҳужжатлар тўпламини қўлга киритади. Қурилишга тайёр бўлмаган ерлар аукционга қўйилишини тақиқлаш режалаштирилган.
Давлат раҳбари, шунингдек, «ТошбошпланЛИТИ», «ЎзшаҳарсозликЛИТИ», «ЎзГАШКЛИТИ», «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» ташкилотларининг фаолиятини тубдан яхшилаш, бунинг учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Самарали режалаштиришни таъминлаш учун рақамли технологиялардан кенгроқ фойдаланиш, жумладан, бош ва мастер режаларнинг ягона маълумотлар базаси, қурилишга тайёр ер майдонлари базаси — «Ер банки», кўп квартирали уйларнинг ягона геоахборот базаси, «эскроу» тизими, қурувчилар рейтинги ва бошқалардан иборат «Уй-жой» ахборот тизимини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллади ва уларнинг изчил амалга оширилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.