2028 йилга қадар сув тежовчи технологияларни 930 минг гектар ерда ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 миллион гектарга ёки жами суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган. Натижада ҳар йили 3,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, 300 минг гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш ва такрорий экинларни суғориш имконияти яратилади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2026 йил охирига қадар қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларга халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 744 млн доллар жалб этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Ушбу маблағнинг қарийб 40 фоизи сув ресурсларини самарали бошқариш ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга йўналтирилади.
Президент администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Темур Бутунбаевнинг айтишича, давлат раҳбарига сув тежовчи технологияларни жорий этиш тизими, давлат қўллаб-қувватлаш чоралари, жумладан субсидиялар ҳамда давлат назоратини кучайтиришга доир тўққизта илмий ва амалий таклиф тақдим этилган.
Таклифларни ишлаб чиқишда қарийб 600 нафар фермер ва кластерлар, шунингдек 20 дан ортиқ ускуна ишлаб чиқарувчилар билан маслаҳатлашувлар ўтказилган.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Каршиевнинг таъкидлашича, аввал томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш учун субсидиялар ҳудудларнинг сув таъминоти даражасидан қатъи назар ягона тартибда берилган.
Шунингдек, сув тежовчи технологияларни банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Бунда тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари ва лойиҳани амалга ошириш бўйича таъминотчи корхона билан тузилган шартнома асосида субсидия маблағларининг 50 фоизи Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан олдиндан ажратилади.
Эндиликда бошоқли дон экинларини етиштиришда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонлар учун ҳам субсидия берилади. Сув тежовчи технологияларни харид қилиш ва қуриш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоизларни қисман қоплаб бериш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмалжон Косимовнинг маълум қилишича, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун ҳозиргача 800 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
«Бу йилдан биринчи маротаба пахтачиликда янги механизм жорий қилиняпти. Олдинги йилларда жорий қилинган сув тежовчи технологияларнинг шлангларини алиштириш масаласида фермерларда муаммолар бор эди. Бу йил ҳурматли президентимиз томонидан пахта имтиёзли кредити ҳисобидан ушбу харажатларни ҳам молиялаштириш механизми жорий қилинди», — деди у.
Ғўза майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун кредит маблағлари ҳар йил ноябрь ойидан бошлаб ажратилади. Сув тежовчи технологияларни қуриб берган пудрат ташкилотлари ҳар бир лойиҳага камида 2 йиллик кафолат муддати бериши ҳамда 5 йил давомида сервис хизматларини кўрсатиши мажбурий этиб белгиланади.
Декабрь ойида сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ўтган йилга нисбатан Ўзбекистонда, трансчегаравий сув омборларини ҳам ҳисобга олганда, сув захиралари 6,5 млрд куб метрга қисқарганини маълум қилган эди. 2026 йилда 503 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда, деган эди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.