2026 йилнинг 4–7 март кунлари мамлакатимизнинг Берлиндаги дипломатик ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон экспертлари делегациясининг Германияга амалий ташрифи бўлиб ўтди. Делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ, Марказий Осиё халқаро институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарлари ҳамда мутахассислари ўрин олди.
Берлинга ташриф давомида Германия Бундестаги, Федерал канцлер идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги каби қатор давлат идоралари, шунингдек Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Бундан ташқари, Германиянинг етакчи таҳлил марказлари — Глобал ижтимоий сиёсат институти, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази, Германия халқаро муносабатлар кенгаши, шунингдек етакчи жамғармалар — Фан ва сиёсат жамғармаси, Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси, “Бергхоф” жамғармаси, Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамда Маршалл жамғармаси билан эксперт учрашувлари ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Ташриф глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашиш, Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожини таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон–Германия икки томонлама ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича аниқ қадамларни белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Томонлар бугунги босқичда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги сиёсий мулоқот ишонч ҳамда ўзаро манфаатларни инобатга олиш тамойилларига асосланиб, юқори фаоллик билан ривожланаётганини таъкидладилар. Олий ва юқори даражадаги ташрифларнинг мунтазамлиги муносабатларнинг кўп қиррали эканини кўрсатади.
Икки томонлама иқтисодий шерикликни янада юқори босқичга олиб чиқиш масаласи музокараларнинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Германия томони Ўзбекистоннинг саноатни модернизация қилиш, рақамли ва “яшил” трансформация соҳасида олиб бораётган изчил сиёсатини юқори баҳолади.
Хусусан, Германия Федерал Иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги вакиллари танланган тараққиёт стратегияси Германия ишбилармон доиралари томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидладилар. Шаффоф ва қулай шарт-шароитлар яратилиши республика иқтисодиётига Германия сармояларининг кенг кириб келишига хизмат қилиши қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор ижобий динамикаси бунга яққол мисол бўлмоқда. Сўнгги ўн йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга ошди ва 2025 йил якунларига кўра рекорд кўрсаткич — 1,42 миллиард долларга етди.
Шу билан бирга, Германия экспорти таркиби асосан инвестицион хусусиятга эга экани қайд этилди. Мазкур мамлакатдан етказиб берилаётган маҳсулотларнинг 55 фоиздан ортиғи юқори технологияли ускуналар ва транспорт воситаларига тўғри келади.
Шунингдек, Германиянинг илғор технологияларини трансфер қилиш ва Ўзбекистон иқтисодиётига Европа стандартларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ҳамкорлик ташқи иқтисодий шерикларни диверсификация қилиш ва таъминот занжирлари барқарорлигини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳар икки томон учун стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида Германиядан юқори технологиялар ва “know-how”ларни жалб этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия ишлаб чиқаришни биргаликда ривожлантириш, шунингдек ишончли ва хавфсиз логистика йўналишларини, аввало Ўрта коридорнинг транспорт-транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш белгиланди.
Томонлар, шунингдек, миграция соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш механизмларини ҳам муҳокама қилдилар. Таъкидланишича, ҳамкорлик ўзаро манфаатдорлик тамойилига асосланган. Ўзбекистоннинг малакали меҳнат ресурслари Германиядаги 1,7 миллиондан ортиқ иш ўринлари учун кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим омил ҳисобланади.
Германия томони Тошкентнинг минтақавий сиёсатига ҳам тўхталиб, Марказий Осиё давлатларининг фаол ҳамкорлиги глобал ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда узоқни кўзлаб қабул қилинган қарор эканини таъкидлади. Бу ҳар бир давлатнинг ички барқарорлигини таъминлашга ҳам, минтақанинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши қайд этилди.
Германия ташқи сиёсат жамияти таҳлилчилари Марказий Осиё давлатларининг демократик тараққиёт йўли, кўп томонламалик тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлиги Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш учун қулай шароит яратаётганини таъкидладилар.
Шу нуқтаи назардан, “Марказий Осиё + Германия” формати стратегик аҳамият касб этиб бораётгани қайд этилди. Бу Берлинга 80 миллиондан ортиқ аҳоли ва 560 миллиард доллардан зиёд ялпи ички маҳсулотга эга тез ривожланаётган бозорни ифода этувчи “ягона ва башорат қилинадиган минтақа” билан тизимли мулоқот ўрнатиш имконини беради.
Тошкент ва Берлин ўртасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги барқарор ривожланиш ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, мазмунли эксперт-таҳлилий ҳамкорликни таъминлаш мақсадида икки мамлакатнинг етакчи “ақл марказлари” ўртасида мунтазам мулоқотни давом эттириш ва долзарб масалалар бўйича қўшма амалий тадқиқотларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.