Швейсариянинг Женева шаҳрида 23-27 март кунлари Парламентлараро иттифоқнинг (ПИ) 148-ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Парламентлараро иттифоқ миллий парламентларнинг глобал ташкилоти бўлиб, у 130 йилдан кўпроқ вақт олдин барча мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантирадиган дунёдаги биринчи кўп томонлама сиёсий ташкилот сифатида ташкил этилган.
Бугунги кунда 180 та миллий парламент ва 15 та минтақавий парламент органи Парламентлараро иттифоққа аъзо. Тузилма демократияни тарғиб қилади ва парламентларни кучлироқ, ёшроқ, яшилроқ, гендер жиҳатдан мувозанатли ва инновацион институтларга айлантиришга ёрдам беради.
Сенат раиси ўз нутқида тез ўзгариб бораётган ва олдиндан айтиш қийин бўлган халқаро вазият ҳамда давлатлараро муносабатларда бир-бирини тушуниш тобора тақчил бўлаётган бир даврда парламентлар роли ҳар қачонгидан муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидлаб ўтди.
Парламентлараро иттифоқнинг парламент дипломатиясини мустаҳкамлашга қаратилган консептуал тамойилларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган устувор йўналишларга тўхталди.
Шунингдек, иштирокчилар эътибори парламент аъзолари ўртасида ишончли муносабатларни ўрнатишга, умумий муаммо ва вазифаларни ҳал этишга кўмаклашадиган минтақавий ҳамкорлик муҳимлигига қаратилди.
Ассамблея автоном қурол тизимлари ҳамда сунъий интеллектнинг ижтимоий ва гуманитар таъсирини бартараф этиш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик: арзон яшил энергиядан фойдаланишни рағбатлантириш ва инновациялар, масъулият ва адолатни таъминлаш бўйича резолюциялар қабул қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, ассамблеянинг умумий мавзуси бўйича якуний ҳужжат ҳам қабул қилиниши назарда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.