Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, аҳолининг катта қисми ҳали энергия тежамкор қурилиш материалларининг афзалликлари ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Ҳолбуки, мамлакатда табиий газ истеъмолининг 20 фоизи ва электр энергияси сарфининг 11 фоизи уй-жойларни иситиш ҳиссасига тўғри келади, ҳисоб-китобларига кўра, турар-жойларнинг фасади ва том қисми замонавий иссиқлик сақловчи материаллар билан қопланиб, энергия тежамкор ойналар ўрнатилса, энергия сарфи 30 фоизгача камаяди.
Бу борада Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида амалга оширилаётган лойиҳа намуна сифатида кўрсатилмоқда. Франция ва Буюк Британия компаниялари томонидан ишлаб чиқилган замонавий лойиҳалаш ёндашуви асосида бу ерда 4 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, қурилиш жараёнида тўлиқ маҳаллий энергия тежамкор маҳсулотлардан фойдаланилмоқда. Бу эса қурилиш таннархини камида 20 фоизга арзонлаштириш, шунингдек, уйларни иситиш ва совитиш харажатларини 30 фоизга қисқартириш имконини беради.
Қайд этилишича, Қамаши тажрибаси мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади. Шу мақсадда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига мазкур ёндашувни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш вазифаси юклатилди. Жорий йилдан бошлаб “Янги Ўзбекистон” қиёфаси киритилаётган 33 та туман ва шаҳардаги кўп қаватли уй-жойлар қурилиши айнан шу тамойиллар асосида амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, хонадонларни қуриш ва таъмирлашда энергия тежамкор материалларга ўтиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилади. Ушбу тавсиялар мамлакатдаги 19 мингта қурилиш корхонасига етказилади. Бундан ташқари, “яшил таъмир” лойиҳаси доирасида тақдим этиладиган имтиёзлар ҳақидаги маълумотларни ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонгача етказиш чоралари кўрилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.