Тадбирнинг асосий мақсади — мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни ёритишда журналистларнинг масъулияти ва ҳиссасини эътироф этишдан иборат бўлди.
Тадбир доирасида 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати учинчи сектор — ННТлар фаолиятини, улар томонидан жойларда амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳаларни оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг, холис ва тезкор ёритишга, соҳани тарғиб қилишга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ журналистлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар ҳамда ташаккурномалар билан тақдирландилар.
“Кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда ОАВ бизнинг энг яқин ҳамкоримиздир. ННТларнинг халқ ичидаги машаққатли меҳнатини жамоатчиликка етказишда журналистларнинг ўрни беқиёс”, — дея таъкидлади ЎзННТМА Кенгаши раиси К.Ишанходжаев.
Анжуманнинг яна бир муҳим қисми ташкилий масалаларга қаратилди. Сўнгги вақтларда 2 мингдан ортиқ ННТларни ўз атрофида бирлаштирган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо бўлиш истагини билдирган ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлган бир қатор ННТларга Ассоциациянинг расмий аъзолик сертификатлари ва “Welcome box”лари тантанали равишда топширилди.
Бу қадам ННТлар учун ўз лойиҳаларини кенгроқ миқёсда амалга ошириш, ҳуқуқий ва услубий қўллаб-қувватланиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очади.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар давлат, жамият ва медиа макони ўртасидаги конструктив мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади. ННТ ва ОАВнинг ҳамкорлиги ижтимоий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этишда энг самарали восита бўлиб қолади.
ЎзННТМА Ахборот хизмати
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.