Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти ҳамда Монтерейдаги Мидлбери халқаро тадқиқотлар институти қошидаги Жеймс Мартин номидаги Ядро қуролини тарқатмаслик тадқиқотлари маркази томонидан ташкил этилди.
Форумни очар экан, СМТИ директори Элдор Арипов Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонанинг ривожланишига оид баҳоларни тақдим этди. У мазкур зонанинг асосий ютуқлари, бугунги таҳдид ва хатарлар, шунингдек, минтақавий хавфсизликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
У ўтган йигирма йил давомида Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи зонаси минтақавий хавфсизликни таъминлаш, стратегик барқарорлик ва башорат қилинувчанликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтиришнинг самарали механизми сифатида ўзини тўлиқ оқлаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур зона умумий мажбуриятларга таянган ҳолда ўзаро ҳамкорликнинг барқарор моделини шакллантиришга муваффақ бўлган минтақа давлатларининг самарали ҳамкорлигига ёрқин мисол бўлиб хизмат қилмоқда.
Элдор Арипов ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ташаббуси Ўзбекистон томонидан 1993 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилганини эслатди. Унинг амалий ифодаси сифатида 2006 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани ташкил этиш тўғрисидаги Семипалатинск шартномаси имзоланди. Мазкур ҳужжат минтақа давлатларининг тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқлигини мустаҳкамлади.
СМТИ директори таъкидлаганидек, Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи зона сифатидаги алоҳида аҳамияти унинг ноёб мақоми билан белгиланади. Мазкур зона дунёда тўлиқ Шимолий яримшарда жойлашган ҳамда бир вақтнинг ўзида икки ядро давлатига чегарадош бўлган илк ядро қуролидан холи зона ҳисобланади. Минтақа давлатларига ядро қуролини қўлламаслик ва уни қўллаш билан таҳдид қилмаслик кафолатларининг тақдим этилгани эса Марказий Осиёнинг стратегик барқарорлигини янада мустаҳкамлади.
Шу билан бирга, СМТИ раҳбари Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона ташкил этилганининг юбилей санаси нафақат эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, балки халқаро хавфсизлик соҳасидаги янги воқеликларни қайта баҳолаш учун ҳам муҳим имконият эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бугунги кунда қуролларни назорат қилишнинг халқаро тизими чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда. Жумладан, Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни тугатиш тўғрисидаги шартнома ўз кучини йўқотди, Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш тўғрисидаги шартноманинг истиқболлари юзасидан ноаниқликлар сақланиб қолмоқда, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани кўриб чиқиш конференциялари эса тобора кўпроқ якуний ҳужжат қабул қилинмасдан якунланмоқда.
«Атрофимиздаги дунё янада башорат қилинадиган бўлгани йўқ. Аксинча, геосиёсий кескинлик кучайди, ядро риторикаси фаоллашди, етакчи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч даражаси сезиларли даражада пасайди», — деди Элдор Арипов. Унинг таъкидлашича, айнан шундай шароитда башорат қилинувчанликни, ҳуқуқий кафолатларни ҳамда ўзаро ишончни таъминлайдиган минтақавий хавфсизлик механизмларининг ўрни тобора ортиб бормоқда.
СМТИ раҳбари бугунги кунда ядро қуролидан холи мақомни нафақат халқаро-ҳуқуқий мажбурият, балки Марказий Осиёнинг стратегик ўзига хослигининг муҳим элементи сифатида ҳам баҳолаш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур мақомнинг барқарорлиги қабул қилинган мажбуриятларнинг амалда изчил бажарилишига, жумладан, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни ривожлантириш, малакали кадрларни тайёрлаш, миллий тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, шаффофлик ва верификацияни таъминлашга боғлиқ.
Нутқда тинч мақсадларда атом энергетикасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда атом энергетикаси тармоғини барпо этиш дастури изчил амалга оширилмоқда, Қозоғистон эса дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири сифатидаги мавқеини сақлаб қолмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё Евросиёнинг муҳим транспорт-логистика марказларидан бирига айланмоқда. Айни пайтда радиациявий, инфратузилмавий ва экологик хатарлар ҳам ортиб бормоқда.
«Шу боис бугунги кунда ядро қуролини тарқатмасликка оид анъанавий кун тартибидан хатарларни самарали бошқариш тизимига ўтиш зарур», — дея таъкидлади СМТИ директори. Унинг қайд этишича, бу борадаги устувор йўналишлар қаторига ядро объектларининг жисмоний муҳофазасини таъминлаш, трансчегаравий ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, мониторинг ва тезкор чора кўриш механизмларини такомиллаштириш киради. Шу билан бирга, узоқ муддатли барқарорликнинг асосини верификация ва шаффофлик тамойиллари ташкил этади.
Сўзини якунлар экан, Элдор Арипов Марказий Осиё ядро синовлари ўтказилган ҳудуддан ядро қуролидан холи зонага айланиш йўлини муваффақиятли босиб ўтганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, навбатдаги стратегик босқич ядро хавфсизлиги маданиятини тўлақонли шакллантиришдан иборат. Шунингдек, у бўлиб ўтган мулоқот минтақавий хавфсизликни янада мустаҳкамлаш ҳамда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Форум ишида Ўзбекистон ва АҚШдан 50 нафардан ортиқ вакил иштирок этди. Улар орасида давлат идоралари, таҳлилий марказлар раҳбарлари ва етакчи экспертлари, шунингдек, ядро хавфсизлиги, ядро қуролини тарқатмаслик ҳамда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида фаолият юритаётган илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари бўлди.
Хусусан, форумда АҚШ Президенти Администрацияси ва Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ вакиллари, шунингдек, «Ҳарвард», «Йель», «Принстон», «Беркли», «Оксфорд» ва «Кембриж» каби нуфузли университетларнинг халқаро муносабатлар соҳасидаги олимлари ва таҳлилчилари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Фанлар академияси Ядро физикаси институти, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, СМТИ, ИТИМ, МҲТИ, МОХИ, Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази, Стратегик таҳлил ва прогнозлаш олий мактаби, ЖИДУ раҳбарияти ва экспертлари иштирок этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.