«Ўзбекистон учун Беларусь — тушунарли технологик ҳамкор». Экспертлар — Тошкент ва Минск муносабатлари ҳақида

«Ўзбекистон учун Беларусь — тушунарли технологик ҳамкор». Экспертлар — Тошкент ва Минск муносабатлари ҳақида

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши икки мамлакат яқинлашувидаги навбатдаги қадам бўлди. Gazeta экспертлар билан сўнгги йилларда Тошкент ва Минск ўртасидаги муносабатлар нега фаоллашгани, Ўзбекистон Беларусь билан ҳамкорликдан қандай манфаатларни кўзлаётгани ва бу яқинлашувнинг чегаралари ҳақида суҳбатлашди.

— Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада жадаллашди. Расмий риторикада одатда асосий урғу иқтисодиётга қаратилади. Тошкент ва Минскнинг яқинлашишига қайси сиёсий ва ташқи сиёсий омиллар ҳам замин яратди?


Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази мутахассиси Шуҳрат Эргашевнинг фикрича, сўнгги 10 йилда Ўзбекистон ва Беларусь яқинлашуви нафақат иқтисодий манфаатлар, балки икки давлатнинг ташқи сиёсий ёндашувлари мос келиши билан ҳам изоҳланади. Ҳар икки давлат прагматик кўп векторли дипломатия тарафдори бўлиб, давлат суверенитети, ички ишларга аралашмаслик принципларига ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга урғу беради.

Берлиндаги Карнеги маркази эксперти Темур Умаров, ўз навбатида, икки мамлакатнинг тарихий мероси муштараклигини қайд этмоқда. Ҳар иккиси собиқ иттифоқ таркибига кирган ва шунга кўра умумий тарихга, ички сиёсат ва иқтисодий ривожланишда ўхшаш жиҳатларга эга. Бундан ташқари, мамлакатлар постсовет ҳудудида тузилган бир қатор ташкилотларга аъзо ҳисобланади.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Милана Базарова Тошкент ва Минск ўртасида кескин рақобат соҳалари йўқлигига эътибор қаратмоқда. Унинг фикрича, Ўзбекистон учун Беларусь турли саноат тармоқларида ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин бўлган тушунарли, очиқ технологик ҳамкор ҳисобланади. Беларусь эса, ўз навбатида, Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги ўз сиёсатида муҳим таянч нуқтаси ва бошқа бозорларга чиқишни таъминловчи асосий транспорт ҳаби сифатида кўради.

Томонлар бугунги кунда бир-бирлари билан прагматик муносабатларни йўлга қўйишдан манфаатдор. Шуҳрат Эргашев барқарор мулоқотни шакллантиришда олий даражадаги давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Темур Умаров эса, ўз навбатида, Тошкент учун Беларусь раҳбарияти билан доимий алоқада бўлиш муҳимлигини қўшимча қилди. Чунки унга қарши жорий этилган санкциялар абадий эмас ва маълум бир паллада Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш учун Минск керак бўлиб қолиши мумкин.

— Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳозирги яқинлашувни барқарор узоқ муддатли тренд деб ҳисоблаш мумкинми ёки у кўпроқ ҳокимиятнинг айни пайтдаги конфигурацияси ва раҳбарлар ўртасидаги шахсий муносабатларга боғлиқми?


Шуҳрат Эргашев ҳозирги яқинлашувни фақатгина давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий муносабатлар билан боғламайди. У мамлакатлар раҳбарияти ўртасидаги юқори даражадаги сиёсий ишонч муҳимлигини тан олган ҳолда, сўнгги йилларда ҳукуматлараро механизмларнинг жиддий тизими шакллантирилганига, шунингдек, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилганига эътибор қаратди. Шу сабабдан ҳам шериклик нафақат шахсий омилга, балки иқтисодий ва ташқи сиёсий манфаатларнинг мос келишига асосланади.

«Ўзбекистон учун Беларусь — тушунарли технологик ҳамкор». Экспертлар — Тошкент ва Минск муносабатлари ҳақида
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Минскда. 9 июль. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Милана Базарова икки мамлакат раҳбарияти ўз давлатларининг ички хусусиятлари ва иқтисодий эҳтиёжларини яхши тушунишини алоҳида қайд этади. Унинг фикрича, бундай сиёсий капитал ўзаро умумий жиҳатларни топишни осонлаштиради ва иқтисодий ҳамкорликни янада амалий йўналишга буриш имконини берди.

— Ўзбекистон Беларусь билан муносабатларни ривожлантириш орқали қандай узоқ муддатли ташқи сиёсий мақсадларни кўзламоқда? Тошкентнинг Минскка бўлган қизиқишини нималар белгилайди?


Темур Умаровнинг фикрича, Тошкентнинг қизиқиши умумий Евроосиё макони билан белгиланади. Беларусь ушбу макон билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон учун эса Евроосиё минтақаси, билвосита бўлса-да, Россия билан яқин алоқаларини ҳисобга олган ҳолда, ташқи сиёсий фаолиятнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Шуҳрат Эргашевнинг қайд этишича, Беларусь билан муносабатларни ривожлантириш ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш борасидаги янада кенгроқ стратегиянинг бир қисмидир. Бу контекстда Беларусь постсовет ҳудудидаги муҳим ҳамкор сифатида кўрилади ва у Шарқий Европа ҳамда Евроосиё бозорлари билан ҳамкорлик қилишда қўшимча канал бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бундан ташқари, Тошкент Минскнинг саноатни ривожлантириш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва кадрлар тайёрлаш каби соҳалардаги тажрибасига қизиқиш билдирмоқда.

«Ўзбекистон учун Беларусь — тушунарли технологик ҳамкор». Экспертлар — Тошкент ва Минск муносабатлари ҳақида
Александр Лукашенко 14 июль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан Беларусдаги фермани кўздан кечирмоқда. Фото: БелТА

Милана Базарова технологик модернизация шароитида Ўзбекистон нафақат ускуналар сотиб олишдан, балки тажриба улашиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма корхоналар ташкил этишга тайёр бўлган ҳамкорлардан манфаатдор эканини таъкидлади. Беларусь бунинг учун зарур бўлган ва талаб юқори бўлган компетенцияларга эга: кучли муҳандислик мактаби, ривожланган машинасозлик ва узоқ муддатли ишлаб чиқариш кооперацияси тажрибаси. Шунингдек, техника ишлаб чиқариш, илмий тадқиқотлар, қайта ишлаш, логистика ва тайёр маҳсулот экспорт қилишни ўзида бирлаштирган Беларусь агросаноатни ривожлантириш модели Тошкентда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

— 2022 йилдан кейин Беларусга қарши жорий этилган санкциялар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатмоқда? Бу узоқ муддатли ҳамкорлик стратегиясини шакллантириш учун хавф туғдирадими?


Милана Базарова санкцияларни фақатгина Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги икки томонлама муносабатлар омили сифатида кўрмайди. Унинг фикрича, 2022 йилдан кейин санкциялар сиёсати, савдо чекловлари, молия ва логистика тизимларининг парчаланиши бугунги кунда деярли барча давлатлар ишлашга мажбур бўлаётган янги воқеликка айланди. Экспертнинг таъкидлашича, бу ўринда санкциявий хавф-хатарларнинг ўзи ҳақида эмас, балки давлатлар янги шароитларда қанчалик самарали ишлай олаётгани ҳақида гапириш ўринлироқдир.

Шуҳрат Эргашев эса санкциялар икки томонлама ҳамкорлик хусусиятига таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди. Бу, энг аввало, логистика, молиявий ҳисоб-китоблар, айрим технологиялардан фойдаланиш имконияти ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тегишли бўлиб, айниқса, улар халқаро етказиб бериш занжирларига дахлдор бўлган ҳолатларда яққол намоён бўлади. Шу муносабат билан, Тошкент Минск билан ҳамкорликни мавжуд ташқи чекловларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда ўз иқтисодиёти ва бошқа шериклари билан бўлган муносабатлари учун эҳтимолий хавфларни минималлаштирадиган тарзда йўлга қўйишга интилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар икки эксперт Беларусга қарши санкциялар икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларига ғов бўлмайди деган фикрда. Белгиловчи омил Тошкент ва Минскнинг ўзгараётган халқаро вазиятга мослаша олиш қобилияти, шунингдек, иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдириши, узоқ муддатли бизнес манфаатлари ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларига асосланган ҳамкорлик пойдеворини барпо эта олиши бўлади.

— Ўзбекистон ва Беларусь яқинлашувининг чегаралари қаердан ўтади? Тошкент муқаррар равишда эҳтиёткорликни сақлайдиган соҳалар борми?


Экспертлар бу чегаралар Тошкентнинг кўп векторли ташқи сиёсати ҳамда Украинадаги урушга нисбатан бетараф позициясини сақлаб қолишга интилиши билан белгиланишида якдил фикрда. Шуҳрат Эргашевнинг фикрича, Тошкент Минск билан ўзаро манфаатли ҳамкорликдан манфаатдор, бироқ у геосиёсий қарама-қаршиликларга аралашиб қолгандек таассурот уйғотадиган ёки бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик имкониятларини чеклаши мумкин бўлган қадамлардан қочади. Тошкент, эҳтимол, энг катта эҳтиёткорликни ҳарбий-сиёсий соҳада, шунингдек, Беларусга нисбатан амалда бўлган халқаро санкциялар таъсир қилиши мумкин бўлган лойиҳаларда намоён этади.

Темур Умаров ҳам санкцияларни яқинлашувнинг асосий чекловчи омили сифатида тилга олди ва Ўзбекистоннинг Украинадаги урушга нисбатан бетараф позицияси Минск билан муносабатларда маълум бир масофани сақлашга мажбур қилишини қайд этди. Шу билан бирга, бу ҳамкорликнинг айрим йўналишларини, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди.

Ташриф якунлари бўйича қайси келишувлар ёки баёнотлар энг муҳими бўлди?


Экспертлар ташрифнинг бош якуни Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши бўлди деган фикрда. Уларнинг баҳолашича, ушбу ҳужжат «ўзаро ишончнинг юқори даражаси»ни мустаҳкамлайди ва Ўзбекистон ҳамда Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик узоқ муддатли ва барқарор хусусиятга эга бўлишини тасдиқлайди.

Шуҳрат Эргашев декларацияни «икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатлари мос келишига асосланган тизимли шерикликка ўтишдан далолат» сифатида баҳолади. У, шунингдек, савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳалардаги келишувларнинг, қолаверса, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг аҳамиятини таъкидлади.

Милана Базарова, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари вакиллари иштирок этганини алоҳида қайд этди. Бу алоқаларни мустаҳкамлашни вилоятлар, корхоналар, инвесторлар ва кичик бизнесга ишониб топширишга тайёрликдан далолат беради.

У Беларуснинг Витебск вилоятидаги пилот лойиҳани айниқса намунали деб ҳисоблайди. У ерда ўзбекистонлик инвесторлар замонавий чорвачилик мажмуалари, сут ва паррандачилик ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Базарованинг фикрича, муваффақиятли бўлган тақдирда, ушбу лойиҳа ўзбек бизнесининг ташқи бозорлардаги янги инвестиция стратегияси учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.