Йиғилишда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, давлат компаниялари ҳамда бизнес доиралари вакиллари иштирок этди. Таъкидланишича, мазкур мулоқот формати ҳукуматлараро даражада қабул қилинган қарорларни ишбилармонлар ҳамжамияти иштирокида амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш имконини бермоқда.
Томонлар давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончи туфайли Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Шунингдек, йиғилишлар Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Йиғилиш кун тартибининг асосий масалаларидан бири ўзаро савдони кенгайтириш бўлди. Жорий йилнинг январь–май ойларида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ошган. 2025 йил якунларига кўра эса ўзаро савдо ҳажми 307,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 14,6 фоизга ўсган. Томонлар давлат раҳбарлари белгилаган 1 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш учун аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканини тасдиқлади. Шу мақсадда товар позициялари, муддатлар ва масъулларни қамраб олган комплекс дастур ишлаб чиқилмоқда.
Йиғилишда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси соҳасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Геология-қидирув ишлари, қимматбаҳо металл конларини ўзлаштириш, туризм ва меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш, тўқимачилик саноати ҳамда Тошкент ва Боку шаҳарларидаги шаҳарсозлик ташаббуслари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Шунингдек, фармацевтика, электротехника, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли тармоқларда амалдаги келишувларни ўз вақтида бажариш ҳамда янги лойиҳаларни шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар жорий йил август ойида IV Ўзбекистон–Озарбайжон ҳудудлараро форумини ўтказиш ҳамда 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифлари жадвалини тасдиқлашга келишиб олди.
Энергетика, транспорт, таълим, фан, маданият, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилиниб, тегишли идоралар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг мантиқий давоми сифатида Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда компаниялар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот, янги ташаббуслар ва кооперация имкониятлари муҳокама қилинди.
Ишбилармон доиралар саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, молия, таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли инфратузилма ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Асосий эътибор барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Шу билан бирга, аввал маъқулланган лойиҳаларнинг ижроси, янги ташаббусларни молиялаштириш имкониятлари ҳамда Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси портфелини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, чакана савдо, таълим, рақамли технологиялар, соғлиқни сақлаш, тоғ-кон саноати ва ислом банкчилиги йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунлари бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши баённомаси имзоланди. Шунингдек, инвестициявий ҳамкорлик, лойиҳаларни молиялаштириш, саноат кооперацияси, геология-қидирув ишлари, минерал ресурсларни ўзлаштириш ҳамда молиявий механизмларни ривожлантириш соҳаларида қатор икки томонлама битимлар имзоланди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжатлар янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.