Учрашув аввалида Озарбайжон иқтисодиёт вазири давлат раҳбарига Президент Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, айниқса савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар изчил ўсиб бораётганини қайд этди. Хусусан, ўтган йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич қарийб 40 фоизга ўсган.
Бугунги кунда қурилиш, энергетика, геология, логистика, молия, ёқилғи-энергетика мажмуаси, тўқимачилик, туризм ва бошқа соҳаларда қатор қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг бир қисми Ўзбекистон–Озарбайжон қўшма Инвестиция компанияси иштирокида рўёбга чиқарилмоқда.
Учрашувда бўлажак олий даражадаги мулоқотларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳим экани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг шу куни бўлиб ўтган йиғилишлари якунлари юқори баҳоланди.
Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари форумини юқори савияда ва амалий натижалар билан ўтказиш, янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.