Янги қоидаларга мувофиқ, автомобил ва кўчмас мулк эгалари MyGov ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўз мол-мулкининг сотилиши ёки гаровга қўйилишига мустақил равишда тақиқ ўрнатиш имкониятига эга бўлади. Бу механизм мулкдорларнинг ҳуқуқларини қўшимча ҳимоя қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, кредит мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига қўйилган тақиқлар фуқароларнинг мурожаатисиз, проактив тарзда автоматик равишда бекор қилинади.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари — фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган санаси ўзгарганда, ушбу маълумотлар билан боғлиқ электрон ҳужжатларга қўшимча аризаларсиз автоматик тарзда тегишли ўзгартиришлар киритилади. Бу орқали аҳоли турли давлат идораларига мурожаат қилиб, ҳужжатларини қайта расмийлаштириш заруратидан халос бўлади. Шу билан бирга, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда хорижга чиқиш паспортини қайта расмийлаштириш имконияти ҳам сақланиб қолади.
Кредит ва муддатли тўлов хизматларини реклама қилишга нисбатан ҳам янги талаблар белгиланмоқда. Энди жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, насия савдо ёки муддатли тўлов ҳақидаги ҳар қандай рекламада товар ёки хизматнинг бошланғич нархига нисбатан қанча маблағ қўшимча тўланиши ҳамда якуний тўлов суммаси аниқ кўрсатилиши шарт бўлади.
Микроқарз шартномалари учун ҳам қўшимча талаблар жорий этилади. Хусусан, шартноманинг биринчи қисмида унинг камида 30 фоизини эгаллайдиган огоҳлантирувчи матн жойлаштирилиши белгиланган. Шунингдек, реклама материалларида ҳам кредитнинг эҳтимолий салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантириш берилиши мажбурий бўлади. Истеъмолчини чалғитувчи деб топилган кредит маҳсулотларини вақтинча ёки доимий тақиқлаш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.
Янги тартибларга кўра, ID-карта, хорижга чиқиш паспорти, яшаш гувоҳномаси ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Улар белгиланган қўшимча давлат божини тўлаган ҳолда янги ҳужжатни расмийлаштириши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, телефон орқали тарқатиладиган реклама ва спам-қўнғироқлар ҳам тартибга солинади. Товар ва хизматлар ҳақидаги SMS-хабарлар фақат шахснинг олдиндан берилган ёзма ёки электрон розилиги асосида юборилади. Реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини тарқатиш эса фақат кундузги вақтда — соат 09:00 дан 18:00 гача бўлган даврда амалга оширилиши мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.