Тошкент шаҳрида 2026 йил апрель ойида фаолият бошлаган халқаро тоифадаги беш юлдузли DoubleTree by Hilton меҳмонхонасига давлат субсидиясини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм қўмитаси раҳбарияти, меҳмонхона соҳаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Меҳмонхона бошқарувчи директори Александр Баканов давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур субсидия халқаро стандартларга жавоб берадиган меҳмонхоналар қурилишига инвесторларни рағбатлантиради, хизматлар сифатини ошириш ва мамлакатнинг туризм салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Туристик хизматларни сертификатлаштириш» давлат муассасаси директори Жамшид Ғозиев эса бундай лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш, халқаро стандартлар бўйича мутахассислар тайёрлаш ва меҳмонхона хизматлари бозорида рақобат муҳитини кучайтиришини қайд этди. Шунингдек, жаҳонга машҳур меҳмонхона брендларининг мамлакатга кириб келиши туризм соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириши таъкидланди.

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.