Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари аҳилликда яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Таъкидланишича, миллий ва маданий хилма-хиллик Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар давлат сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Президент кейинги йилларда миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга ҳам тўхталди. Хусусан, ушбу йўналишда 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси соҳани ривожлантиришнинг муҳим ҳуқуқий асосига айлангани қайд этилди.
Бугунги кунда мамлакатдаги 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамиятининг моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Уларда ўтказилаётган фестиваллар, дўстлик кечалари ва маданий тадбирлар жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Таълим соҳасида ўқув жараёнлари етти тилда олиб борилаётгани, қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарсликлар билан таъминланаётгани маълум қилинди. Шунингдек, телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатувлар эфирга узатилмоқда, 14 тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.
Мурожаатда миллий маданий марказлар павильони, «Бағрикенглик боғи», Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган этно ҳамда сайёҳлик қишлоқлари миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим лойиҳалар сифатида қайд этилди.
Президент Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини таъкидлаб, халқлар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқалар тобора кенгайиб бораётганини қайд этди.
Шунингдек, мамлакатда турли миллат вакилларидан иборат профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Янги ижодий жамоа халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мурожаат якунида давлат раҳбари халқлар дўстлиги тинчлик, барқарорлик ва фаровон ҳаётнинг муҳим омили эканини таъкидлаб, барча юртдошларни байрам билан табриклади ҳамда мамлакат тараққиёти йўлида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш муҳим вазифа бўлиб қолишини қайд этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.