«Суд тизимидаги ислоҳотлар биринчи даражада туради. Албатта, кўп нарсалар қилдик ва қиляпмиз ҳам. Лекин одамлар судлардан розими, деган савол кўндаланг турибди. Бу адолатли саволга жавобни биргаликда излашимиз керак», — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, судга мурожаат қилган инсон мамлакатда юз берган ўзгаришларни ҳис қилиши керак.
«Суд остонасидан кирган одам янги Ўзбекистон шаббодасини сезиб чиқиши нуқтаи назаридан ҳаракат қилишимиз керак. Суд — давлат ҳокимиятининг учта устунидан бири. Конституциявий суд адолатли ҳакам сифатида ўз баҳосини бериши керак», — деди у.
Президент сўнгги йилларда суд тизимида ислоҳотлар амалга оширилганини, бироқ олдинда турган ишлар ҳажми ҳали ҳам салмоқли эканини таъкидлади.
«Сўнгги ўн йилда нимага эришдик ва бундан буён нимага эришишимиз керак? Биз янги раҳбар тайинладик. Биз одамлар манфаати, уларнинг розилиги ва қадр-қимматини ошириш нуқтаи назаридан ҳаракат қилмоқдамиз. Лекин олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар қилинганидан кўпроқ десак — бу ҳақиқат бўлади», — деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, фуқаролар судларга тўлиқ ишонадиган шароитларни яратиш зарур.
«Судларга борувчиларнинг 100 фоиз ишончини қозониш учун шароит яратишимиз керак. 2030 йилга бориб бизда замонавий суд бўлиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Суд тизимини ислоҳ қилишда ҳар бир амалий чора „Инсон қадри учун“ ғоясини акс эттириши керак», — деди у.
Йўналишлардан бири фуқаролик судларини аҳолига яқинлаштириш бўлади. Хусусан, мамлакатнинг барча 208 та туман ва шаҳрида фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш кўзда тутилган.
«Натижада ҳар бир инсон — Оролбўйидан тортиб Сурхондарёнинг энг олис қишлоқларигача — ўз муаммосини ортиқча оворагарчиликсиз, жойида ҳал этиш имконига эга бўлади», — деди Олий суд раҳбари.
Барча суд биноларида хизмат кўрсатиш офисларини очиш ҳам режалаштирилган бўлиб, уларда фуқаролар бир жойнинг ўзида ахборот, маслаҳат ва зарур ёрдам олишлари мумкин бўлади. Улар «ягона дарча» тамойили асосида ишлайди.
Яна бир йирик ўзгариш суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартибининг ислоҳ қилиниши бўлади.
«Шикоятларни ревизия тартибида кўриб чиқиш учун бешта ҳудудлараро суд ташкил этилади. Яъни шикоятни мутлақо бошқа суд кўриб чиқади. Олий суд эса энг мураккаб ва тизимли масалаларга эътибор қаратади», — деди Робахон Маҳмудова.

«Уларга шахсни қамоққа олиш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиш имконияти билан атрофлича текшириш механизми берилади», — деди у.
Робахон Маҳмудованинг сўзларига кўра, яна бир янгилик Олий суд президиумининг узил-кесил ҳуқуқий позициялари эълон қилинадиган очиқ прецедентлар реестрининг ташкил этилиши бўлади.
«Ҳар бир шахс Олий суднинг муайян иш бўйича шакллантирилган ҳуқуқий позициясига таянган ҳолда ўз ишининг натижасини олдиндан прогноз қилиши мумкин бўлади», — деди у.
Президент тасдиқлаган «Одил судлов — 2030» стратегиясига кўра, 2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этиш, фуқаролик судларини қарийб барча туман ва шаҳарларда босқичма-босқич йўлга қўйиш ҳамда судларни рақамлаштиришни кенгайтириш белгиланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.