Фармон билан “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тасдиқланди.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилади.
2027 йил 1 июлдан тергов судьясига тегишли процессуал мажбурлов чораларини қўллаш (санкция бериш) тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини, шубҳа туғилган тақдирда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш йўли билан текшириш ваколатлари берилади.
2027 йил 1 августдан ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини белгиланган тартибда очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиёти (“Прецедентлар” реестри) жорий этилади.
2027 йил якунига қадар Олий суднинг интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) нинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади.
Порталда “Судга мурожаат намуналари” интерактив хизматини такомиллаштирилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.