Президент Урганч халқаро аэропортининг реконструкция жараёни билан танишди

Президент Урганч халқаро аэропортининг реконструкция жараёни билан танишди

Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропортининг реконструкция жараёни билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун жами 264 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳага хусусий шерик сифатида Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси жалб этилган. Мазкур компания дунёдаги йирик ва юқори технологик авиация хабларидан бирини бошқаради.

Урганч халқаро аэропорти 1960 йилда ишга туширилган, 1992 йилда халқаро мақом олган. Умумий майдони 285 гектардан ортиқ бўлган аэропорт орқали ҳозирда ўнга яқин нуфузли авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

2026 йилнинг ўзида аэропорт томонидан 126 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга кўп.

Реконструкция лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида аэропортда янги аэродром мажмуаси ҳамда расмий делегацияларга хизмат кўрсатадиган терминал барпо этилмоқда.

Президент Урганч халқаро аэропортининг реконструкция жараёни билан танишди
Лойиҳа доирасида аэропортнинг Boeing 747 ва Airbus A350 каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу Хоразмга дунёнинг турли қитъаларидан тўғридан-тўғри, транзитсиз узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини беради.

Шунингдек, реконструкциянинг биринчи босқичида 18 та ҳаво кемаси тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Аэропортда замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тун-у кун ишлайдиган тиббиёт пункти ҳамда Duty free зонаси ташкил этилади.

Президент Урганч халқаро аэропортининг реконструкция жараёни билан танишди
Лойиҳа якунлангач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 минг 300 нафаргача ошади.

Шавкат Мирзиёев Хива ва Урганч шаҳарлари халқаро саммитлар, юқори даражадаги дипломатик учрашувлар, иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган йирик халқаро майдонга айланаётганини таъкидлади. Бундай тадбирларда хорижий делегациялар учун қулайлик ва хавфсизликни юқори даражада таъминлаш мамлакатнинг халқаро нуфузига хизмат қилиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойида Урганч халқаро аэропортини ДХШ асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича ўтказилган тендерда Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб бўлганди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, «ICAO» талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.