Ўзбекистонда Конституциявий суд тўғрисида янги қонун тайёрланмоқда

Ўзбекистонда Конституциявий суд тўғрисида янги қонун тайёрланмоқда

Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конституциявий суднинг бутун фаолиятини қамраб олиши керак бўлган янги қонун тайёрланаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат деярли якуний босқичда ва яқин орада парламентга киритилади.

Бу ҳақда у 14 август куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий суд, Конституциявий суд ва Олий судьялар кенгаши раҳбарлари билан «Одил судлов — 2030» стратегияси ҳамда кейинги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари муҳокама қилинган учрашувидан сўнг айтиб ўтди.

«Бугун муҳтарам президентимиз ҳузурида катта тарихий воқеа бўлди. Биринчи марта президентнинг бир вақтнинг ўзида учта тузилма — Олий суд, Конституциявий суд ва Олий судьялар кенгаши раҳбарлари билан бундай мулоқоти бўлиб ўтди», — деди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, учрашувда йирик масалалар, энг аввало, «Одил судлов — 2030» стратегияси тўғрисидаги фармон лойиҳаси муҳокама қилинган.

«Янги таҳрирда қабул қилинган конституцияда инсон қадрини улуғлаш бош мақсад қилиб белгиланган. Президентимиз сиёсати ҳам шунга қаратилган. Ва бугунги кунда судларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи айниқса долзарб бўлиб қолмоқда», — деди у.

Конституциявий суд раиси суд тизимида ҳанузгача камчиликлар мавжудлигини тан олди. «Лекин бугун улар ҳақида очиқ-ошира ва тўғридан-тўғри гапирилди, шунингдек, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди», — деди у.

Конституциявий суд янги қонун тайёрламоқда


Учрашувда Конституциявий суд фаолияти алоҳида муҳокама қилинди.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг сўзларига кўра, охирги ўн йил ичида Конституциявий суд тўғрисидаги қонунчилик учинчи марта қайта кўриб чиқилмоқда — 2017 йилда, 2021 йилда ва ҳозирда янги лойиҳа тайёрланмоқда.

Унинг маълум қилишича, ҳужжат устида ишлаш олимлар ва Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

«Ҳозирги вақтда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган битта янги қонун қабул қилинди. Ҳозирда у Сенатга келиб тушган», — деди у.

Шу билан бирга, суд раисининг сўзларига кўра, яна бир йирик қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

«У ҳам тез орада тайёр бўлади. Ишда олимлар иштирок этмоқда, кўплаб хорижий мутахассисларнинг фикрларини олдик. Ҳозирда лойиҳа деярли якуний босқичда. Шундан сўнг уни парламентга юборамиз. Бу Конституциявий суднинг бутун фаолиятини қамраб оладиган янги қонун бўлади», — деди суд раҳбари.

Унинг айтишича, янги ҳужжатнинг аввалги қонунчиликдан асосий фарқи «биринчи ўринга инсон омили чиқиши» билан боғлиқ бўлади: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш ва «уни янги босқичга олиб чиқиш».

«Бугун биз бу масалаларни президент билан муҳокама қилдик ва рухсат олдик», — деди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаларини яқин орада парламентга киритиш режалаштирилмоқда:

«Яқин орада қонун лойиҳалари парламентга киритилади ва халққа етказилади. Шу орқали биз Конституциявий судни одамларга янада яқинлаштиришга ва унинг эшиклари ҳамма учун очиқлигини қонунан мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз».

2024 йил январида Конституциявий суд референдумга қўйилаётган масалаларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳуқуқини олди. Ушбу суд судьяларининг ваколат муддати 5 йилдан 10 йилга узайтирилди.

Ўзбекистон Конституциявий суди — қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг конституциявийлигига оид ишларни кўриб чиқувчи суд ҳокимиятининг домий фаолият юритувчи органидир.

Суднинг асосий ваколатлари қаторига қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, президент ва ҳукумат ҳужжатлари, маҳаллий ҳокимият органлари қарорлари ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари Конституцияга мувофиқлигини текшириш киради. Конституциявий суд, шунингдек, президент томонидан имзолангунга қадар конституциявий қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текширади, референдумга қўйилаётган масалалар бўйича хулосалар беради, Қорақалпоғистон қонунчилигини текширади ҳамда Конституция ва қонунлар нормаларига расмий шарҳ беради.

Бундан ташқари, агар аризачининг фикрича, муайян ишда қўлланилган қонун билан унинг конституциявий ҳуқуқлари бузилган бўлса, суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг ушбу қонуннинг конституциявийлиги тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқиши мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.