Урганчда ёшлар талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

Урганчда ёшлар талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг ҳудудида жойлашган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди.

Техникум қурилиши учун давлат бюджети ҳисобидан 72,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 100 ўринли икки ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, ошхона ва замонавий ўқув устахоналари барпо этилган.

Таълим жараёни Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Корея тажрибаси асосида ташкил этилган. Талабалар назарий билимлар билан бирга дуал таълим тизими орқали корхоналарда амалиёт ҳам ўтайди.

2026–2027 ўқув йили учун танлов асосида 11 та касбий йўналиш бўйича 200 нафар йигит-қиз қабул қилинди. Таълим жараёни иш берувчилар иштирокида олиб борилади ва битирувчиларни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Техникум вилоятдаги бошқа касб-ҳунар таълими муассасалари учун ҳам амалий база вазифасини ўтайди. Ҳозирга қадар Хоразм вилоятидан 4,3 минг нафарга яқин ўқувчи бу ердаги устахона ва лабораторияларда амалиёт ўтаган.

Касблар шаҳарчасида ёшларнинг қобилиятларини эрта аниқлаш ва касбга йўналтириш учун шароит яратилган. Ўқувчилар замонавий ускуналар билан мустақил ишлаб, транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаси, қишлоқ хўжалиги ҳамда “яшил” энергетика йўналишлари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлади.

Президент таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириб бориш ва илғор техникумлар тажрибасини мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.