Хивада Ляонин педагогика университетининг филиали очилди

Хивада Ляонин педагогика университетининг филиали очилди

Хива шаҳрида Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ва Конфуций институти ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги таълим муассасалари фаолияти билан танишди.

Янги таълим мажмуаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ҳамда Хитойнинг Ляонин педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Объектни қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, 120 та иш ўрни яратилди.

Мажмуа таркибида ўқув бинолари, кутубхона, спорт зали, маданият саройи ва ошхона мавжуд. Алоҳида тўрт қаватли бинода қўшимча ўқув хоналари ҳамда 224 ўринли ётоқхона жойлашган.

2026 йилда филиалга 160 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган. Кейинчалик йиллик қабулни 500 нафарга, талабалар умумий сонини эса 2 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

Таълим ўзбек, хитой ва инглиз тилларида кундузги ҳамда масофавий шаклларда ташкил этилади.

Бакалавриатда «Хитой тилида халқаро таълим», «Туризмни бошқариш», «Халқаро бизнес» ва «Сунъий интеллект» йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Магистратурада хитой тили ва маданиятини ўқитиш, таълимни бошқариш, сунъий интеллект ва таълим технологиялари бўйича дастурлар амалга оширилади.

Филиал дипломи Ўзбекистонда тан олинади. Энг яхши битирувчиларга Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида грант асосида ўқишни давом эттириш ва йирик ташкилотларда стажировка ўташ имконияти берилади.

Филиалнинг очилиши Хоразм вилоятида замонавий технологиялар ва хитой тилини биладиган мутахассисларга талаб ортиб бораётгани билан боғлиқ.

Айни пайтда ҳудудда хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 2,343 миллиард долларлик 38 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ташриф давомида Президент ягона миллий туристик платформа ва туризм соҳасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг янги имкониятлари билан ҳам танишди.

Шавкат Мирзиёев таълим дастурларини иқтисодиёт ва меҳнат бозори эҳтиёжлари билан янада мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.