Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонини Италияда энг узоқ фаолият юритган бош вазир бўлгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонини Италияда энг узоқ фаолият юритган бош вазир бўлгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Италия Вазирлар Кенгаши раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллаб, уни ушбу лавозимда шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган ҳукумат раҳбари сифатида тарихга киргани билан табриклади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон раҳбари ўз мактубида ҳозирги мураккаб халқаро шароитда Италия миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва жаҳон майдонидаги нуфузини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этди.

Шавкат Мирзиёев Италия ҳукумат раҳбарига Ўзбекистонга бўлган дўстона муносабати ва икки тарафлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирди.

«Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланди. Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилди», — дейилади хабарда.

Президент Италия бош вазири Жоржа Мелони билан охирги марта шу йилнинг январь ойида у Тошкентда тўхтаб ўтганида кўришганди. Мелони расмий ташриф билан Ўзбекистонга 2025 йилнинг майида келган.

Маълумот учун, Жоржа Мелони 2022 йил 22 октябрда Италия Вазирлар Кенгаши раиси (бош вазир) лавозимига қасамёд келтирган ва мамлакат тарихида ушбу лавозимни эгаллаган илк аёл сиёсатчига айланган.

Мелони, шунингдек, 2014 йилдан буён ўнг марказчи «Италия биродарлари» (Fratelli d’Italia) партиясини бошқариб келади. Ҳукуматларнинг тез-тез алмашиниши билан ажралиб турадиган Италия тарихида унинг Вазирлар Кенгаши энг узоқ вақт узлуксиз фаолият юритаётган ҳукумат сифатида рекорд ўрнатди.

У Instagram саҳифасида бу барқарорлик бир кишининг хизмати эмас, балки умумий қарашларга эга бўлган аҳил коалициянинг натижаси эканини ёзиб қолдирди.

«Бу йиллар давомида биз бандликни ошириш, ишсизликни камайтириш, оилалар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Италиянинг халқаро майдондаги обрўсини қайтариш йўлида меҳнат қилдик. Натижалар бор, аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўплигини яхши биламиз», — дея қайд этди у.

Жоржа Мелони ушбу барқарорлик 2022 йилда уларга ишонч билдирган италияликлар туфайли мавжудлигини ҳамда олдинда вазминлик ва келажакка ишончли нигоҳ билан меҳнатни давом эттиришларини қўшимча қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.