Ҳали янгиланмаган 2012 йилги Ташқи сиёсий фаолият концепциясида (унинг матни очиқ манбаларда йўқ, фақат кўчирмалар мавжуд) минтақа устувор йўналиш сифатида белгиланган. Айни пайтда минтақанинг ўзига таъриф берилмаган.
«Марказий Осиё қандай минтақа ўзи?» деган саволга аниқ жавоб йўқлигидан кўплаб мутахассислар мулоқот форматига янги иштирокчилар қўшилишини асослаш мақсадида фойдаланади. «Ахир бу фақат беш республикадан иборат минтақа деб ҳеч қаерда ёзиб қўйилмаган-ку. Нега яна кимнидир қўшмаслик керак?»
Шу ҳақда ўйлар эканман, Ўзбекистон ўз атрофидаги дунёга умуман қандай қарайди деган савол пайдо бўлди. Гап умум эътироф этилган географик тушунчалар ҳақида эмас, балки бизни ўраб турган минтақаларни ўзимизнинг географик жойлашувимиз ва миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан идрок этиш хусусида кетмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон дипломатияси наздида дунё харитаси қандай кўринишда бўлиши кераклиги ҳақида мулоҳаза юритиш ғояси туғилди.
Буни ташқи ишлар вазирликлари тузилмаси мисолида яққол кўриш мумкин. Марказий Осиё мисолида тушунтириб бераман. Россия Ташқи ишлар вазирлигида Марказий Осиё бешлиги МДҲнинг Учинчи департаменти таркибига киради. АҚШ Давлат департаменти бизни «Марказий ва Жанубий Осиё» деб номланган катта минтақанинг бир қисми сифатида кўради. Хитой ТИВида Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти мавжуд. Франция Ташқи ишлар вазирлиги эса бизни Континентал Европа департаментининг Кавказ ва Марказий Осиё бўлимига киритган. Шу тўртта мисолнинг ўзиёқ турли давлатлар минтақамизни бир-биридан қай даражада фарқли идрок этишини кўрсатиб турибди. Худди шунингдек, улар дунёнинг қолган қисмини ҳам ўзларича «кўрадилар».
Энди Ўзбекистон мисолига мурожаат қилайлик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида қуйидаги «географик бўлимлар»ни кўришимиз мумкин: Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси, МДҲ мамлакатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик бошқармаси, Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси, Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси, Америка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси.
Бу ташқи сиёсат маҳкамамиз тасаввурида қандай дунё харитаси мавжудлигини кўрсатади. У аввало Марказий Осиё ҳудудини, кейин МДҲ ҳудудини, сўнгра эса бу иккисидан ташқаридаги катта ҳудудларни кўради.
Марказий Осиёнинг алоҳида йўналиш сифатида қаралиши — бу яхши. Фақат бир шарт билан: бу минтақанинг ўзи нима экани ҳалигача аниқ белгиланмаган. Назаримда, МДҲни алоҳида бир макон сифатида кўриш аллақачон эскирган ёндашувдир. Биринчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг пайдо бўлиши ва иштирокчилар сонининг камайиши сабабли бу тузилма шунчаки инерция бўйича мавжуд, холос. Иккинчидан, бундай ёндашув минтақани собиқ совет ҳудудининг бир қисми сифатида кўрадиган ташқи қарашни қайта тиклайди. Қолган минтақаларга келсак, уларнинг таснифи асосан анъанавий географик ёндашувга таянади.
Яъни Ўзбекистон дипломатияси дунёга гўёки девордаги харита олдида тургандек қарайди. Мен эса умумқабул қилинган жўғрофий таърифлардан воз кечиб, дунёга Ўзбекистон нигоҳи билан 3D режимида назар ташлаб кўрмоқчиман.
Биринчидан, бизнинг Марказий Осиё бешлиги учун «Марказий Осиё» номини мустаҳкамлаб олиш керак. Бунинг учун қолган тўртта давлат билан келишувга эришиш, шунингдек, минтақага ташқаридан кимнидир қўшишга бўлган уринишларни тўхтатиш лозим. Расман мустаҳкамлаш учун эса воситалар кўп. Масалан, бешала мамлакатнинг ўзини «Марказий Осиё» деб аталувчи минтақа билан бир деб билиши ҳақида декларация қабул қилиш ҳамда халқаро ташкилотлар ва давлатларга бошқа номларни ишлатмаслик ва минтақа таркибида бошқа мамлакатларни кўрмасликка чақириб мурожаат қилиш мумкин.
Иккинчидан, биз ҳамон Марказий Осиёга ташқи сиёсатимиз объекти сифатида қараймиз. Ҳолбуки, минтақа ҳақиқатан ҳам устувор йўналиш бўлиб қолиши лозим. Шу билан бирга, маълумки, Ўзбекистон дунёда doubly land-locked states (денгизга чиқа олмайдиган мамлакатлар билан қуршалган давлат) деб аталувчи икки давлатдан биридир. Минтақамиздаги ресурслар эса шундай жойлашганки, ҳеч бир мамлакат уларни якка ўзи, қўшниларига таъсир кўрсатмаган ҳолда бошқара олмайди. Масалан, Ўзбекистон сув ресурсларининг қарийб 80 фоизи мамлакат ташқарисида ҳосил бўлади, бу эса қўшнилар билан келишмасдан сувдан самарали фойдаланишни деярли имконсиз қилади. Шу боис Тошкент бутун минтақага ўзининг табиий яшаш муҳити сифатида қараши керак. Яъни, Ўзбекистон ўз дипломатиясининг асосий тамойилларида географик чегараларидан кенгроқ фикрлаши лозим.

Тошкент минтақавий кун тартибини шакллантиришда ўзининг етакчилик амбицияларини яширмаяпти. Бироқ халқаро муносабатларда етакчилик имтиёздан кўра кўпроқ масъулият демакдир. Марказий Осиёга табиий макон сифатида ёндашиш Ўзбекистон учун минтақавий масалаларга янада чуқурроқ киришишни, қўшнилар ўртасидаги низоларни бартараф этишга кўмаклашишни, икки томонлама баҳсларда муросага тайёр туришни ва зарур ҳолларда ёрдам кўрсатишни англатиши лозим. Биз бу жиҳатларнинг айримларига аллақачон гувоҳ бўлдик. Масалан, 2022 йил сентябрда Тошкент Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги можароларни бартараф этишга ёрдам берганида ёки Қирғизистон билан ҳудудий масалалар ҳамда чегараолди сув ресурсларидан фойдаланишни муҳокама қилиш жараёнида муросага келганида.
Ўзбекистоннинг янги ёндашуви аввалгисидан айнан шу жиҳатлари билан фарқ қилиши керак. Эски ёндашувга кўра, қанча чегара пости кўп бўлса ва миллий чегара назорати қанчалик қаттиқ бўлса, шунча хавфсиз бўлади, деган ўй билан қўшнилардан ўзини ажратишга уринган. Бизнинг вазиятимизда эса ундай эмас. Ўзбекистон хавфсизлиги ва иқтисодий тараққиёти ташқи чегаралар хавфсизлиги ҳамда бутун минтақанинг барқарор ривожланишига боғлиқдир.
Бироқ бир нарсани алоҳида таъкидлаш муҳим. Табиий яшаш муҳити минтақада ҳукмронлик қилиш, қўшниларни назорат остига олиш ёки қандайдир экспансионистик амбицияларга даъвогарлик қилишни англатмайди. Шу боис қўшнилар билан мулоқот улар ҳеч қандай таҳдид сезмайдиган даражада йўлга қўйилиши керак. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг ўзига хос географик мақоми ва минтақанинг хусусиятлари билан боғлиқлигини тушунтириш лозим. Шунингдек, биз умумий тарихий тажриба ва меросга эга бўлган, «бир тилда сўзлашадиган» тўрт қўшни давлатсиз барқарор иқтисодий ривожланиш ва хавфсизликни таъминлашимиз мушкул эканини ҳам англатиш зарур.
Шундай қилиб, Марказий Осиё Ўзбекистон учун унинг ҳаётий муҳим манфаатлари жойлашган табиий яшаш муҳитидир. Бу макон эса минтақавий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларга фаол жалб этилишни тақозо этади. Бу йўналишда Ўзбекистон дипломатияси энг кенг кўламли воситалардан фойдаланиши лозим.
Бу мен стратегик манфаатлар доираси деб атайдиган дипломатиянинг биринчи ташқи қатлами ҳисобланади. Бу Марказий Осиё атрофидаги кенг ҳудуд бўлиб, у жаҳон океанига чиқиш, глобал бозорларга чиқиш йўлларини диверсификация қилиш, логистика ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш учун зарурдир. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда жойлашган давлатларнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга, чунки улардаги беқарорлик Ўзбекистонга бевосита таъсир кўрсатади.
Стратегик манфаатлар доирасини мен учта субрегионга бўламан. Ўқувчиларни чалғитмаслик учун уларга атайин ном ўйлаб топмаяпман. Ушбу мақола учун бу номлар эмас, балки уларнинг вазифалари муҳимроқдир.
Биринчи субрегион Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонни ўз ичига олади. Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан, у энг асосийси бўлмаса-да, энг муҳимларидан бири саналади.
Тошкент улар билан, ҳеч бўлмаганда, баёнотлар даражасида бўлса-да, аллақачон алоҳида муносабатлар ўрнатмоқда. Ўзбекистон бир қатор транспорт-логистика лойиҳаларини, жумладан, Трансафғон темир йўли, Эрондаги Чобаҳор ва Бандар Аббос, Покистондаги Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имкониятини қўлга киритиш, Ҳиндистонга ҳамда Хитой орқали Покистонга мултимодал савдо йўлакларини қуриш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон Трансафғон темирйўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича ҳадли битимни имзолаган эди. Амалдаги Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон мултимодал йўлаги бўйича ташувлар ҳажми эса бир неча йил ичида беш бараварга ошди. Тошкент, ўз навбатида, Чобаҳорни Ҳиндистон билан транспорт боғлиқлигининг асосий бўғинларидан бири деб билади. Бундан ташқари, у мавжуд ресурслари доирасида Афғонистондаги вазиятни нормаллаштириш жараёнида иштирок этишга уринмоқда.
Шу билан бирга, айни пайтда Ўзбекистон стратегияси икки томонлама алоқаларга таянади. Бу субрегиондаги вазият эса жуда тез ўзгармоқда, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар беқарор, чегараларда вақти-вақти билан зиддиятлар кескинлашиб турибди. Тошкентга фақат икки томонлама даражада барқарор бирор нарсани амалга ошириш қийин бўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон дипломатияси учун бутун бир субрегионга йўналтирилган алоҳида стратегия зарур бўлиб, унинг доирасида алоҳида мамлакатларга оид стратегиялар мавжуд бўлиши мумкин. Бу режалаштирилаётган лойиҳаларнинг қай даражада ҳақиқатга яқин эканини, мавжуд тўсиқларни ва уларни енгиб ўтиш йўлларини яхшироқ баҳолаш имконини беради.
Иккинчи субрегион Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Туркияни ўз ичига олади.
Озарбайжон билан муносабатларни жадаллаштириш — тўғри йўналишдаги қадам. Бироқ, назаримда, Тошкент Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ўрнига Бокуни Марказий Осиё мулоқот форматига киритиб, жиддий хатога йўл қўймоқда. Икки минтақанинг бундай мулоқотига Туркияни ҳам таклиф қилиш мумкин, чунки Анқарасиз ташқи сиёсатимизнинг бу йўналиши тўлақонли ишлай олмайди.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ғарбий чегараларини айнан шундай конфигурацияда «кўриши» лозим. Жанубий Кавказ Ўзбекистон учун Европа билан савдо қилишда асосий транзит ҳудуд, Туркия эса Ўрта ер денгизи ва Европа бозорларига чиқиш учун бош боғловчи бўғиндир. Бу йўналишнинг муҳимлиги Ўрта йўлакка бўлган юқори қизиқиш билан тасдиқланади. Тошкент фақат Боку порти орқали ўзбек юкларини ташиш ҳажми 26 фоизга ошганини ҳамда йиллик ҳажм 2024 йилда 1 миллион тоннадан ошишини қайд этган. 2026 йилга келиб эса бу кўрсаткич 1,5 миллион тоннагача етиши прогноз қилинмоқда.

Айни пайтда ушбу субрегионнинг асосий, бироқ ҳал қилувчи бўлмаган муаммоли жиҳати Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлардир. Шу боис мамлакатлар ўртасидаги тинч мулоқотни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тинчлик шартномасини тезроқ имзолашга, эски транспорт-коммуникация инфратузилмасини блокдан чиқаришга ва янгисини ишга туширишга даъват этиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади.
Учинчи субрегион Хитой, Россия ва Мўғулистонни ўз ичига олади. Таъкидлаш жоизки, Мўғулистон бу ерда субрегионнинг табиий бир қисми бўлгани учун жойлашган — у Хитой ва Россия билан ўралган. Қолаверса, бу камгап қўшнининг имкониятларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Шунга кўра, Мўғулистон у ёки бу тарзда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг йўналишларидан бири бўлади.
Хитой ва Россияга келсак, бу борада ҳаммаси анча оддий. Улар Марказий Осиёнинг энг йирик ва шуҳратпараст икки қўшниси бўлиб, Тошкент ҳам, бошқа пойтахтлар ҳам ўз ташқи сиёсий кун тартибини доимий равишда улар билан мувофиқлаштириб боради. Пекиннинг ҳам, Москванинг ҳам минтақамизга дахлдор бўлган фаол геосиёсий, интеграцион ва инфратузилмавий лойиҳалари — ШҲТ, «Бир макон, бир йўл», EОИИ, КХШТ кабилар мавжуд.

Ўзбекистон учун Хитой ва Россия икки асосий савдо шериги саналади. Хитой «Бир макон, бир йўл» ёки Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли каби транспорт-логистика лойиҳаларида муҳим ўрин тутади. Бундай лойиҳалар Марказий Осиё орқали ўтиб, минтақанинг ўз ташаббусларини тўлдириши мумкин. Россия эса ҳам савдо бозори, ҳам меҳнат миграцияси йўналиши, ҳам Европа билан савдо қилиш учун транзит давлат сифатида ўз-ўзидан муҳим аҳамиятга эга (гарчи бу таркибий қисм ҳозирда Украинадаги уруш ва Кремлга қарши халқаро санкциялар туфайли беқарор бўлса-да).
Шундай қилиб, Марказий Осиёдан фарқли ўлароқ, стратегик манфаатлар доирасида дипломатиянинг асосий диққат-эътибори савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инфратузилмавий ва логистик лойиҳаларга қаратилиши лозим. Ушбу маконда юз бераётган жараёнлар, турлича даражада бўлса-да, мамлакатимизга бевосита таъсир кўрсатгани боис, расмий Тошкентдан жиддий сиёсий иштирокни таъминлаш ҳам талаб этилади. Қолаверса, бу фаоллик прагматик бўлиши ва фақатгина мамлакатимиз муайян таъсир кўрсатиш учун ресурсларга эга бўлган соҳаларга йўналтирилиши керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон дипломатияси ушбу маконга нисбатан тегишли кадрлар сиёсатини юритиши шарт. Дипломатлар, таҳлилчилар ва тадқиқотчиларни тайёрлаш асосан айнан шу йўналишга мослаштирилиши керак. Ушбу макондаги дипломатик ваколатхоналаримиз эса устувор аҳамиятга эга бўлиши ва энг малакали кадрларимиз дунёнинг ривожланган мамлакатларида эмас, айнан ўша ерда фаолият юритиши лозим.
Бу макон биз учун инвестицияларни жалб қилиш, сотув бозорлари, замонавий юқори технологияли соҳаларда ҳамкорлик, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, фуқароларимиз учун меҳнат миграцияси йўналиши сифатида ҳам қизиқ. Стратегик манфаатлар доирасидан фарқли ўлароқ, у биз учун географик жиҳатдан муқаррар эмас ва айрим мамлакатларнинг функциялари ўрнини бошқаси босиши мумкин.
Бу ерда субрегионлар бир-биридан фарқ қилади ва уларнинг ҳар бири Ўзбекистон дипломатияси учун бир хилда муҳим аҳамият касб этмайди.
Европа, АҚШ, Канада субрегиони. Эҳтимол, бу ушбу рукндаги энг зиддиятли ечимлардан биридир. Шу боис бундай танлов сабабини батафсилроқ тушунтириш жоиз.
Аввало, таъкидлаш жоизки, мен «Европа» деганда Европа Иттифоқи аъзоларини ҳам, қитъанинг Украина, Молдова ва Беларусь каби бошқа давлатларини ҳам назарда тутаман. Европа Иттифоқига аъзоликка номзод ёки бу имкониятни кўриб чиқаётган мамлакатлар (жумладан, Киев ва Кишинёв) давлат бошқарувининг институционал-ҳуқуқий базасини ЕИ стандартларига мувофиқ фаол ислоҳ қилмоқда. Брюссел билан юзага келаётган зиддиятларга қарамай, улар Европа институтлари ва уларнинг стандартлари билан яқинлашишда давом этмоқда. Минск мисолида эса айнан географик омилни инобатга олиш керак. Бу мамлакат стратегик манфаатлар зонасида бўла олмайди, чунки у биз учун стратегик жиҳатдан алмаштириб бўлмас аҳамиятга эга эмас ва унинг географик жойлашуви уни айнан шу тоифага киритишни тақозо этади.

Ушбу субрегионнинг кун тартибини белгилайдиган асосий иштирокчилари ўхшаш ижтимоий-сиёсий шароитларда фаолият юритади, ўхшаш сиёсий тилда сўзлашади ва бир хил асосий сиёсий қадриятларга амал қилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари — кимдир бунинг аксини исботлашга қанчалик уринмасин — улар учун устувор ташқи сиёсий йўналишлар ҳисобланмайди. Шу сабабли, улар ҳамкорликда бир-бирига яқин воситаларни қўллайди.
АҚШ, Канада ва аксарият Европа давлатлари ўзаро келишмовчиликлар юзага келиб туришига қарамай, биргаликда ишлашда давом этаётган иттифоқчилардир. Масалан, мамлакатимиз билан муносабатларни йўлга қўйишда улар айни бир халқаро ННТлар баҳолари ва халқаро рейтингларга таянади, шунингдек, кўпинча иқтисодий масалаларга инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, матбуот эркинлиги, демократлаштириш каби сиёсий талабларни боғлаб қўяди.
Ҳозирда стратегик муҳим минералларга қизиқиш, Хитой билан рақобат, шунингдек, Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви ҳамда Яқин Шарқдаги уруш туфайли муқобил транспорт-логистика йўналишларини излаш фонида Марказий Осиё минтақаси ва ушбу субрегион мамлакатлари ўртасидаги алоқалар жадаллашди. Буни томонларнинг бир-бирига нисбатан намойишкорона таъзимларидан кузатишимиз мумкин. Гарчи, менинг фикримча, бу тенденция вақтинчалик хусусиятга эга бўлса-да, у муайян шароитларда ва халқаро муносабатлар ривожланишининг маълум бир босқичида ўзаро манфаатдорлик ортиши мумкинлигини кўрсатади.
Иккинчи субрегионга Арабистон ярим оролидаги монархиялар, Яман, Сурия, Ироқ, Ливан, Иордания, Исроил, Фаластин ва Мисрни киритаман. Ўзбекистон бир неча сабабларга кўра ушбу субрегиондаги воқеалар ривожини кўздан қочирмаслиги лозим. Биринчидан, у стратегик манфаатлар ҳудудининг жанубий ва ғарбий субрегионларига туташ бўлиб, қўшимча бозорларга чиқиш ҳамда глобал савдога қўшилиш учун муҳим аҳамият касб этади. Иккинчидан, Исроил-Фаластин можароси ҳудудидаги қарама-қаршилик, шунингдек, минтақанинг бошқа мамлакатларидаги беқарорлик вақти-вақти билан Эрон, Туркия ва Жанубий Кавказга бевосита таъсир кўрсатувчи кескин эскалацияга айланиб туради. Учинчидан, айрим мамлакатлар, масалан, Саудия Арабистони ва БАА Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон-Саудия қўшма лойиҳаларининг расмий портфели 27 миллиард долларга етган, БАА компаниялари билан лойиҳалар портфели эса 2025 йил охирига бориб 20 миллиард долларни ташкил этган.

Ниҳоят, ушбу маконнинг учинчи субрегиони Япония, Жанубий Корея ва АСЕАН ҳудудини ўз ичига олади. Географик жиҳатдан узоқлигига қарамай, Токио ва Сеул Ўзбекистон учун муҳим ҳамкорлар саналади, айниқса, сармояларни жалб этиш соҳасида. Масалан, 2025 йил охирига келиб Ўзбекистон-Япония лойиҳалари портфели 20 млрд доллардан ошган бўлса, ўз навбатида, Корея компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри сармоялари ҳажми 8 млрд доллардан ортиқни ташкил этади. Бундан ташқари, ҳар икки давлат ўзларининг халқаро ҳамкорлик агентликлари — ЖИCА ва KOICA орқали ривожланишга кўмаклашиш лойиҳаларини амалга оширишда Тошкент билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Тошкентнинг АСЕАН мамлакатлари билан алоқалари ҳозирча нотекис ривожланмоқда. Сўнгги бир неча йилда айрим давлатлар билан алоқалар фаоллашди. Масалан, Индонезия билан эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокаралар бошланган бўлса, Сингапур билан стратегик ва инновацион ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилгани эълон қилинди. Ҳамкорлик суръати ҳозирча мўътадил даражада қолмоқда, музокаралар мазмуни эса кўпинча ниятлар баёноти билангина чекланмоқда. Лекин мен буни қизиқиш йўқлигидан кўра, ҳали ишга солинмаган салоҳият билан изоҳлаган бўлардим.
Умуман олганда, Ўзбекистон ўз диққат марказидаги маконда рўй бераётган воқеаларни синчковлик билан кузатиб бориши ва вақти-вақти билан юзага келадиган имкониятлардан фойдаланиши лозим. Бу маконга кирувчи мамлакатлар Ўзбекистон учун асосан сармояларни жалб қилиш, бозорларга чиқиш, технология ва билимларга эга бўлиш, инсон капиталини ривожлантириш нуқтаи назаридан қизиқарли бўлгани боис, ташқи сиёсатдаги ҳаракатлар айнан мана шу йўналишларга қаратилиши керак. Сиёсий жалб этилганлик эса юқорида санаб ўтилган икки макондагидек муҳим эмас. Шу боис ушбу макон мамлакатлари билан ҳамкорликнинг «сиёсий жиҳати» биринчи навбатда аниқ лойиҳаларнинг амалга оширилишига ёрдам бериши керак.
Дипломатик периферия маконига мен учта субрегионни киритаман. Булар — Африка (Мағриб ва Саҳрои Кабирдан жанубдаги мамлакатлар), Кариб ҳавзаси ва Лотин Америкаси, Австралия ва Океания.
Буни Ўзбекистон дипломатиясининг периферияси деб атаганим, мамлакат ушбу йўналишларни ривожлантирмаслиги керак дегани эмас. Бу йўналишларни кузатиб бориш ва қандайдир фойда келтириши мумкин бўлган вазиятларда ўз фаоллигини ошириш лозим. Бироқ улар аввалги маконлар каби доимий эътибор ва катта ҳажмдаги дипломатик ресурсларни талаб қилмайди.
Ўзбекистон дипломатиясининг географияси шундай кўриниш олди. Менинг маконлар, субрегионлар ва бошқа жиҳатлар борасидаги қарашларим баҳсли бўлиши мумкин. Лекин, назаримда, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсий фаолияти географиясига доир мерос бўлиб қолган ёки четдан ўзлаштирилган қарашни эмас, балки ўзининг шахсий қарашини ишлаб чиқиш жараёнининг ўзи муҳим. Чиндан ҳам, бусиз биз ҳақиқий геосиёсий ўзликни топа олмаймиз ва самарали ташқи сиёсатни йўлга қўя олмаймиз.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.