Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали (РИО ва РИАТМСФ) мутахассислари иштирокида аҳоли ўртасида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда Боғимайдон МФЙ ва қўшни маҳалла хотин-қизлари, 60-мактаб ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари, 16-мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари иштирок этди.
РИО ва РИАТМСФ ходимлари – онкомаммолог Мавлуда Рабимова, онкогинекологлар Нилуфар Толибова ва Мерож Мусаев қатнашчиларга кўкрак бези саратонининг хавф омиллари, дастлабки белгилари, касалликни эрта аниқлашнинг аҳамиятини батафсил тушунтириб беришди.
М.Рабимова хотин-қизларнинг мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туришлари муҳимлигини уқтирар экан, танадаги ўзгаришлар ҳақида ўзбошимчалик билан хулоса чиқариш қандай хунук оқибатларга олиб келишини ҳаётий мисоллар орқали асослаб берди.
“Мамлакатимизда кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 22 ноябрдаги қарори билан 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури тасдиқланган. Ҳужжатда аёлларни профилактик тиббий кўрик билан қамраб олиш, маммография текширувларини ривожлантириш ҳамда скрининг натижасида аниқланган онкологик касалликларни ташхислаш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган”, – дейди М.Раббимова.
Ходимларнинг уқтиришича, барча чора-тадбирлар кўкрак бези саратонига чалиниш ва ундан ўлим ҳолатларини камайтиришга қаратилган.
Тошпўлат Раҳматуллаев
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.